Қозоғистонда рэпер Navaiга нисбатан жиноят иши тугатилди, у Россияга учиб кетди

Россиялик рэпер Навай Бакиров (Navai)га нисбатан қўзғатилган иш тугатилди, хонанда Қозоғистондан чиқариб юборилди. Бу ҳақда Жамбил вилояти полиция департаментига таяниб, Tengrinews хабар берди.

«Келиб тушаётган сўровлар муносабати билан шуни маълум қиламизки, Россиялик рэп ижрочисига нисбатан жиноят иши унинг ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этгани ва қилмишига чин дилдан пушаймон бўлгани инобатга олиниб, жиноят-процессуал қонунчилиги талабларига мувофиқ реабилитация қилишга асос бўлмайдиган ҳолатлар бўйича тугатилди», — дейилади полиция департаменти хабарида.

Прокуратура суд қарорини тасдиқлади. ОАВ маълумотларига кўра, Navai Россияга учиб кетган.

Аввалроқ хонанданинг адвокати Рена Керимова маълум қилишича, унинг ҳимояси остидаги шахс Navai ишига ўхшаш кўплаб ишлар бўйича белгиланган 5000 ойлик ҳисоб кўрсаткичи миқдоридаги жаримани тўлашга тайёр бўлган. Бу 21 миллион тенгедан ортиқ — 3,9 миллион рубль ёки 46,4 минг долларга тенг. Бундан ташқари, рэпернинг ҳимояси уни гаров эвазига озод қилишга эришишга ҳаракат қилган.

Навай Бакиров (Navai) HammAli & Navai дуэти иштирокчиси сифатида, шунингдек, «Пустите меня на танцпол», «Прятки» ва «Девочка-война» каби яккахон қўшиқлари орқали танилган. Рэпер 13 октябрь куни Қозоғистонга кириб келаётганида «Қордай» чегара пунктида ушланган. Navai минган автомобиль кўздан кечирилганда, полиция ходимлари ва чегарачилар гиёҳванд моддани аниқлаб, мусодара қилган. Хонанда вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Кейинроқ суд уни икки ой муддатга қамоққа олишга рухсат берганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ