Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Мадриднинг «Атлетико» клуби бош директори Мигель Анхель Хиль Маринни қабул қилди ва у билан футбол соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Оқўрда» хабар берди.
Тўқаев Қозоғистон футбол инфратузилмаси, машғулот базалари ва ёш футболчиларни тайёрлаш дастурларига сармоя киритишда давом этаётганини таъкидлади. Шунингдек, у мамлакатдаги аксарият футбол клубларини хусусийлаштириш жараёни давом этаётганини ҳамда ФИФА билан ҳамкорликда Қозоғистоннинг барча ҳудудларида болалар учун 100 дан ортиқ янги футбол майдони қуриш лойиҳаси амалга оширилаётганини эслатди.
Учрашувнинг алоҳида мавзуси Испанияда футболчиларни тайёрлаш тизими бўлди. Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистон ушбу тажрибани ўрганиш ва уни футболчиларнинг янги авлодини тайёрлашда қўллашдан манфаатдор.
Хиль Марин, ўз навбатида, Олмаота вилоятидаги «Атлетико Мадрид» академияси инфратузилмасига юқори баҳо берди ва истиқболда у энг яхши футбол ўқув-машғулот мажмуаларидан бирига айланиши мумкинлигини айтди.
Учрашув якунида Тўқаев «Атлетико» бош директорини Қозоғистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун II даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.
«Атлетико» академияси Олмаота вилоятининг Талғар туманида фаолият юритади. 2026 йил июнь ойида Тўқаев Испания клуби вакиллари, жумладан, Испания терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Давид Вилья билан бирга академияга ташриф буюрган эди. Ўшанда академияда Испания мутахассислари томонидан Қозоғистоннинг турли ҳудудларидан келган 4 мингдан ортиқ номзод орасидан танлаб олинган 116 нафар ёш футболчи яшаб, машғулот ўтаётган эди.
Лойиҳа доирасида мажмуани янада кенгайтириш режалаштирилган. Хусусан, сунъий қопламали иккита очиқ футбол майдони, 500 томошабинга мўлжалланган ёпиқ манеж ҳамда янги маъмурий-маиший бино қурилади.
Ҳамкорлик дастури камида ўн йилга мўлжалланган бўлиб, Мадрид клуби тизими асосида нафақат футболчиларни, балки Қозоғистон мураббийларини ҳам тайёрлашни назарда тутади.



