Ўзбекистон фуқароларининг Мисрга кириши бўйича янги қоидалар, жумладан, визани олдиндан расмийлаштириш, меҳмонхонани брон қилиш ва ёнида маълум миқдорда нақд валюта олиб юриш талаблари 1 ноябрдан эмас, балки 2027 йил 1 мартдан кучга киради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик таъкидлашича, тегишли келишув Ўзбекистон ТИВ, мамлакатнинг Қоҳирадаги элчихонаси ходимлари ҳамда Миср расмийлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда эришилган. Учрашув якунида пирамидалар мамлакатига кириш қоидаларини қатъийлаштиришни келаси йил март ойигача кечиктиришга қарор қилинган.
Ушбу муддатга қадар ўзбекистонликлар Мисрга амалдаги тартиб бўйича боришлари мумкин. Унга кўра, Синай яриморолига, жумладан, машҳур Шарм-аш-Шайх курортига чартер рейси билан учиб борганлар учун 14 кечагача визасиз режим амал қилади.
Шу билан бирга, ТИВ хорижий ҳамкорлар билан мамлакат фуқароларининг чет элга сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, визасиз режимларни жорий этиш ва кириш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича ишларни давом эттираётганини маълум қилди.
Дипломатия идораси, шунингдек, ватандошларни бошқа давлатларга сафар қилганда маҳаллий қонунчилик ва белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилишга, виза ва миграция талабларини бажаришга, шунингдек, борилган мамлакатнинг миллий қадриятлари, анъаналари ва жамоат тартибини ҳурмат қилишга чақиради.
Аввалроқ хабар қилинганидек, Миср 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун кириш қоидаларини қатъийлаштиришни режалаштирган эди. Янги талабларга кўра, сайёҳлар Африка давлатига қаердан киришидан қатъи назар, визаларни дипломатик ваколатхоналар орқали олдиндан расмийлаштиришлари керак эди. Бунда сафарлар фақат ваколатли туроператорлар орқали ташкил этилиши белгиланган.
Бундан ташқари, 40 ёшга тўлмаган сайёҳлар фақат яқин оила аъзолари — ота-онаси, эри ёки хотини ёхуд фарзандлари ҳамроҳлигида сафар қилиши мумкин эди. Оила ёнида камида 5000 доллар нақд пул бўлиши керак. Мустақил саёҳат қиладиган 40 ёшдан ошган фуқаролар эса камида 3000 доллар нақд пул олиб юришлари шарт эди.
Мисрга киришда меҳмонхона брон қилинганини тасдиқловчи ҳужжат, мобил алоқа маълумотлари ва етарли молиявий маблағ мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши керак.
Пирамидалар мамлакатида бўлиш даврида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириш ҳақидаги аризалар қабул қилинмайди. Ҳужжатларнинг тўлиқ тўпламини тақдим этмаган шахсларни Мисрга киритишмаслиги ва уларни мамлакатга олиб келган авиакомпания рейси билан ортга қайтаришлари мумкин.



