Олмаотанинг «Қайрат» футбол клуби УЕФА Конференциялар лигаси умумий босқичининг учинчи турида Италиянинг «Аталанта» жамоаси билан сафарда кутилмаган дуранг қайд этди. 5 ноябрь куни Бергамода бўлиб ўтган учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Қозоғистон клуби иккинчи бўлимда ҳисобда олдинга чиқиб олиб, ғалабага жуда яқин келган эди, аммо мезбонлар мувозанатни тиклашга муваффақ бўлишди.
Рақибнинг мақомига қарамай, «Қайрат» фақат ҳимояланиш билан чекланиб қолмади. Баҳс бошидаёқ олмаоталиклар иккита бурчак тўпи ишлаб олишди, бироқ секин-аста ташаббус мезбонлар томонига ўтди. Олмаоталиклар дарвозабони Темирлан Анарбеков жамоасини бир неча бор муқаррар голдан қутқариб қолди. 31-дақиқада «Аталанта»нинг хорватиялик ярим ҳимоячиси Марио Пашалич қулай вазиятдан ноаниқ зарба бериб, ҳисобни очиш учун ажойиб имкониятни қўлдан бой берди.
Танаффусдан кейин «Қайрат» қарши ҳужумларнинг биридан унумли фойдаланди. 53-дақиқада Эдмилсон Марк Гуални Марко Карнесекки билан бирга-бир вазиятга чиқарди ва испаниялик ҳужумчи итальян клуби посбонини ожиз қолдирди.
Ўтказиб юборилган тўп «Аталанта»ни ҳужумкорликни оширишга мажбур қилди. Мезбонлар бош мураббийи Маурицио Сарри захирадан Шарль де Кетеларе, Никола Залевски ва Никола Крстовичларни майдонга тушириб, ҳужум чизиғини кучайтирди. Анарбеков яна бир неча бор «Қайрат»ни қутқарди, аммо 82-дақиқада италияликлар ўз мақсадига эришди. Бурчак тўпи ошириб берилганидан сўнг Реля Обрич тўпни Крстовичга етказди ва у яқин масофадан тўпни дарвоза тўрига йўллади. Қолган вақт ичида ҳисоб ўзгармади.
«Қайрат» бош мураббийи вазифасини бажарувчи Жора Арутюнян ўйиндан сўнг футболчиларга миннатдорчилик билдирди ва амалда ушбу дурангни ғалабага тенглаштирди.
«Ҳис-туйғулар жўш урмоқда. Умуман олганда, барча футболчиларга раҳмат айтмоқчиман, бу биринчи навбатда уларнинг ғалабаси», — деди Арутюнян.
Мутахассис ғалаба қозониш учун айрим вазиятларда шогирдларига аниқроқ қарорлар етишмаганини тан олди, бироқ учрашув бошланишидан аввал жамоа дурангдан ҳам мамнун бўлишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, уч ҳимоячили тактик схемага ўтилиши Италия клуби ўйинини чуқур ўрганиш натижаси бўлган.
Маурицио Сарри эса ўз навбатида «Аталанта»даги таркиб муаммоларидан нолиди. Италиялик мутахассиснинг сўзларига кўра, жамоанинг ўн нафар футболчиси жароҳат олган, яна тўрт нафарига эса тиббий штаб ўйин вақтини чеклашни тавсия қилган.
«Агар бемаъни голни ўтказиб юбормаганимизда, ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Аммо биз таслим бўлмадик», — деди Сарри.
«Қайрат» учун Бергамодаги дуранг жорий еврокубок мавсумидаги энг эътиборга молик натижалардан бири бўлди. Биринчи турда олмаоталиклар Латвиянинг «Рига» клуби билан очко бўлишиб олганди (1:1), бироқ ўз майдонида Грециянинг «Панатинаикос» жамоасига йирик ҳисобда имкониятни бой берганди (1:5).
Уч турдан сўнг Қозоғистон клуби икки очко билан 36 иштирокчи орасида 27-ўринни эгаллаб турибди ва ҳозирча плей-офф ҳудудидан ташқарида қолмоқда. Мусобақадаги курашни давом эттириш учун энг яхши 24 жамоа қаторига кириш талаб этилади. «Аталанта» эса тўрт очко жамғариб, 16-поғонада бормоқда.
«Қайрат» навбатдаги учрашувни 26 ноябрь куни Олмаотада уч турдан сўнг етти очко тўплаган Швециянинг «Мьельбю» клубига қарши ўтказади. Шундан сўнг олмаоталикларни Руминиянинг Крайова шаҳри «Университатя» жамоаси ва Нидерландиянинг «Твенте» клубига қарши баҳслар кутмоқда.



