Ўзбекистон ҳукумати Янги Тошкент қурувчилари учун солиқ имтиёзларини белгилади

Янги Тошкент қурилиши. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Янги Тошкент ҳудудида қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошираётган инвесторлар учун бир қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар жорий этилди. Ушбу янгиликлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 ноябрдаги фармонида белгилаб қўйилган, деб хабар берди республика Адлия вазирлигининг Telegram-канали.

Ҳужжатга кўра, солиқ енгилликлари «давлат — инвестициявий ҳамкор» тамойили асосидаги махсус ҳуқуқий режим доирасида тақдим этилмоқда. Хусусан, йирик қурилиш лойиҳаларини амалга оширувчи компанияларга фойда солиғини 1 фоизлик ставкада тўлаш имконияти берилади. Бироқ бу ҳолатда фақат Янги Тошкентда қурилган бинони ижарага бериш ёки сотишдан олинган даромадлар ҳисобга олинади.

Бунда имтиёзларнинг амал қилиш муддати инвестиция ҳажмига бевосита боғлиқ. Хусусан, камида 50 миллион доллар сармоя киритилганда 5 йил, 100 миллион доллардан ортиқ инвестицияларда 10 йил, 500 миллион доллардан юқори бўлганда эса 15 йилгача преференциялардан фойдаланиш мумкин.

Бундан ташқари, лойиҳа қиймати бўйича минимал талабларга жавоб берадиган тадбиркорлар 20 йил муддатга ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади.

Фармонда қайд этилишича, бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилоти томонидан Ўзбекистонда фаолият юритмайдиган хорижий тадбиркорлар ҳамда юридик шахслардан сотиб олинадиган хизматлар қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилинади.

2040 йил 1 январга қадар инвесторларнинг шаҳарсозлик лойиҳаларидан оладиган дивиденд кўринишидаги даромадларига ҳеч қандай фискал йиғимлар солинмайди. Бироқ бу маблағлар компаниялар томонидан Ўзбекистонда амалга ошириладиган ташаббусларга қайта сармоя сифатида йўналтирилиши шарт.

Шу билан бирга, Янги Тошкент ва Самарқанддаги «Ширин» массивини ўз ичига олган махсус ҳудудларда қурилиш соҳасидаги кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича «тартибга солиш қумдони» ҳуқуқий режими жорий этилмоқда.

Махсус ҳудудларда қурилиш ишларини бошқарувчи дирекцияларга қўшимча ваколатлар, жумладан қуйидагилар берилди:

👉 ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш ҳужжатларига оид талабларни тасдиқлаш;

👉 инвестиция дастурлари доирасида ер участкаларида қад ростлайдиган объектларга қўйиладиган асосий талабларни белгилаш;

👉 ҳар бир лойиҳа бўйича техник шартларни шакллантириш.

Президент фармонининг асосий мақсадлари Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ва сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи, қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган шаҳарсозлик лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тегишли ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишдаги маъмурий тўсиқлар ва бюрократияни бутунлай бартараф этишдан иборат.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ