Қозоғистон президенти фаровонлик ва қонунийлик сари «буюк юриш» бошланганини эълон қилди

Қасим-Жомарт Тўқаев Фото: t.me/aqorda_resmi/

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев адолат ва қонунийлик асосида халқ фаровонлигига эришишга қаратилган «буюк юриш» бошланганини маълум қилди. У бу ҳақда Хавфсизлик кенгашининг тезкор йиғилишида баёнот берди, деб хабар бермоқда Оқўрда.

«Биз пировард мақсади — конституциявий тамойиллар, яъни Қонун, Адолат ва Тартибга асосланган халқ фаровонлиги бўлган буюк юришни бошлаяпмиз. Бу йўл осон кечмайди, анча машаққатли бўлади, аммо йўлни юрган босиб ўтади», — дея матбуот хизмати президент сўзларидан иқтибос келтиради.

Тўқаев расмийлар эришилган натижалар билан чекланиб қолмаслиги ва аввалги муваффақиятларга маҳлиё бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «Адолатли Қозоғистон»ни барпо этишга дангасалик ва бепарволик, шунингдек, давлат раҳбари мамлакат душманлари деб атаган коррупционерлар тўсқинлик қилмоқда.

«Коррупцион гуруҳлар эса — душманларимиз бўлиб, улар ҳозирнинг ўзидаёқ «Халқ қурилиши»ни обрўсизлантириш ва барбод қилиш режаларини тузмоқда. Бунга, албатта, йўл қўймаймиз», — деди давлат раҳбари.

Унинг қайд этишича, ушбу дастур доирасидаги барча ижтимоий инфратузилма объектлари — йўллар, аэропортлар, поликлиникалар, реабилитация марказлари, мактаблар ва спорт иншоотлари юқори сифатда қурилиши лозим.

Давлат маблағларининг тўғри сарфланишини махсус давлат комиссияси назорат қилади. Унинг таркиби келгуси ҳафта бошида эълон қилиниши режалаштирилган.

«Халқ қурилиши» — Тўқаевнинг яқинда республика халқига йўллаган мурожаатномасида илгари сурган ташаббусидир. У кейинги уч йил ичида мамлакатнинг турли ҳудудларида ижтимоий ва инфратузилма объектларини барпо этишга 6,5 трлн тенге (қарийб $14,61 млрд) ажратишни назарда тутади. «Халқ қурилиши» учун қарийб 1,5 трлн тенге ($3,3 млрд) жорий йилда ҳамда 2027 йилнинг дастлабки икки ойида ажратилиши кутилмоқда.