Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Россияга ишлаш мақсадида 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фуқароси кириб келган. Расмий статистика маълумотларига таяниб ТАСС хабар беришича, Марказий Осиё республикаси мазкур кўрсаткич бўйича етакчилик қилмоқда.
Агентликнинг аниқлик киритишича, дастлабки уч чорак давомида ташриф мақсади сифатида «ишлаш»ни кўрсатган 1 535 026 нафар ўзбекистонлик РФ чегарасини кесиб ўтган.
Умуман олганда, фуқаролари Россияга пул ишлаш учун энг фаол бораётган давлатларнинг кучли бешлигидан бир йўла Марказий Осиёнинг тўртта республикаси ўрин олган. Жумладан, иккинчи ва учинчи поғоналарни Тожикистон ҳамда Қирғизистон эгаллаган. Ҳисобот даврида ушбу мамлакатлардан тегишлича 665 892 ва 289 061 нафар меҳнат мигранти кирган.
Кейинги ўринда 176 037 кишилик кўрсаткич билан Қозоғистон қайд этилган. Кучли бешликни 2026 йилнинг тўққиз ойида РФга ишлаш учун 127 176 нафар фуқароси келган Хитой якунлайди.
Яна бир постсовет республикаси — Туркманистонга ҳам биринчи ўнликдан жой топилди.
РФга ишлаш мақсадида келган мигрантлар сони бўйича олтинчидан ўнинчигача бўлган ўринларни эгаллаган давлатлар рўйхати қуйидагича кўриниш олган:
✅ Арманистон — 111 235 киши;
✅ Озарбайжон — 83 991;
✅ Ҳиндистон — 38 816;
✅ Туркманистон — 19 038;
✅ Туркия — 12 873 нафар фуқаро.
ТАСС ахборотига кўра, ўхшаш манзара ўтган йили ҳам кузатилган. Ўшанда ҳам Ўзбекистон етакчи бўлган, бироқ 2025 йилнинг январь-сентябрида мазкур мамлакатдан Россия Федерациясига қарийб 1,8 млн мигрант кириб келган. Яъни жорий йилнинг мос даврида уларнинг сафи 236 мингдан кўпроқ кишига ёки 13 фоизга қисқарган.
Бундан олдин Россия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Владимир Колокольцев 2026 йилнинг дастлабки уч чорагида мамлакатга 7,5 млн нафар хорижлик кирганини, бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга камлигини маълум қилган эди.
Мулозим ўшанда 1 октябрь ҳолатига кўра РФда бошқа давлатларнинг қарийб 6,5 млн вакили бўлиб турганини, уларнинг тахминан 50 фоизи расман меҳнат фаолияти билан бандлигини қўшимча қилганди.



