Inside Deutsche Bank халқаро журналистик лойиҳаси Германиянинг йирик молиявий конгломератига оид 15 миллион ички ҳужжатлар сизиб чиқишига асосланган илк суриштирувни эълон қилди. Улар орасида қозоғистонлик олигарх Тимур Кулибаев иштирокидаги банк операциялари тўғрисидаги маълумотлар ҳам бор.
Транзакциялар ёзувлари, раҳбариятнинг электрон ёзишмалари ва бошқа махфий материалларни ўз ичига олган ҳужжатларни журналистларга Deutsche Bank ичидаги икки манба тақдим этган. Маълумотлар массивини ўрганиш учун Barracuda Media халқаро консорциуми тузилган. Қозоғистонда суриштирув материалларини эксклюзив равишда Vlast.kz нашри эълон қилди.
Суриштирувчиларнинг маълумотларига кўра, Deutsche Bank нуфузли мижозлар манфаати йўлида ўз комплаенс қоидаларидан бир неча бор чекинган, пул ювиш ва санкцияларни четлаб ўтиш аломатларига кўз юмган, шунингдек шубҳали обрўга эга мижозларга хизмат кўрсатишда давом этган.
Хусусан, суриштирув муаллифлари банк мижозлар шахсини ва уларнинг маблағлари келиб чиқишини текширишни назарда тутувчи KYC (Know Your Client — «мижозингни бил») тамойилига етарлича қатъий риоя қилмаганини таъкидламоқда. Журналистлар ахборотига кўра, ҳозирда Deutsche Bank’ни бошқараётган Кристиан Зевинг ҳали банк бошқарувида ишлаган кезларида бундай текширувлар пул ишлашга халақит бериши ҳақида фикр билдирган (кредит муассасасининг ўзи бу маълумотни рад этди).
Ҳужжатларга кўра, 2019 йилда банк ходимлари Буюк Британия, Гонконг, Украина ва Кипрдаги ҳисобварақлар ўртасида юзлаб миллион евро ўтказилган тармоқланган тизимни аниқлаган. Ҳолатлардан биридаги шубҳали молиявий операция, суриштирувда айтилишича, Қозоғистон билан боғлиқ бўлган.
Суриштирувнинг алоҳида қисми қозоғистонлик тадбиркор Тимур Кулибаевга — собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг куёви ва мамлакатнинг энг бой ишбилармонларидан бирига бағишланган.
Кулибаев камида 2006 йилдан буён Deutsche Bank мижози бўлган. Суриштирув муаллифларининг таъкидлашича, банк бир неча йил давомида унинг бойлиги дастлабки манбасининг қонунийлиги юзасидан хавотир билдириб келган.
Хусусан, 2013 йилда хавфларни ички баҳолаш натижасида бизнесмен билан боғлиқ бир қатор коррупция айбловлари аниқланган. Бироқ Кулибаев коррупциявий жиноятларда айбдор деб топилмагани ва Европада унга нисбатан терговлар тўхтатилгани сабабли, Deutsche Bank у билан ҳамкорликни давом эттирган.
Бошқа бир ҳолат 2020 йил январь ойида Бирлашган Араб Амирликларидан Кулибаевнинг ҳисобварағига 15 миллион доллар ўтказилгани билан боғлиқ. Суриштирув маълумотларига кўра, тадбиркор ушбу маблағларнинг келиб чиқишини тушунтириб бера олмаган, шундан сўнг банк операцияни шубҳали деб топиб, уни блоклаган.
«Ҳужжатлар шуни кўрсатадики, бир неча ҳафта ўтгач, ходимлар Кулибаевнинг рафиқаси номига Deutsche Bank’нинг Люксембургдаги бўлимида ҳисобварақ оча бошлаган. Фақат орадан бир неча ой ўтгачгина банк узоқ муддатли муносабатларни тўхтатиш эҳтимолини муҳокама қилган», — дейилади мақолада.
Кулибаевнинг ўзи ҳар қандай қонунбузарликни инкор этади. Бизнесмен вакилларининг билдиришича, банк унинг даромад манбалари ҳақидаги маълумотга эга бўлган. Асосий манба сифатида унинг рафиқаси билан биргаликда Almex инвестиция компаниясига ва унинг Halyk Bank’даги улушига эгалик қилиши кўрсатилган.
Адвокатлар, шунингдек, Кулибаев журналистлар томонидан тақдим этилган маълумотлар бўйича 15 миллион долларлик ўтказмани аниқлай олмаганини маълум қилишди. Улар бойлик манбаларини яшириш ёки Deutsche Bank’га била туриб ёлғон маълумот бериш ҳақидаги тахминлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидладилар.
Бундан ташқари, бизнесмен вакиллари унинг 2000 йиллар ўрталарида банкда шахсий ҳисобварағи бўлгани ҳақидаги даъвога эътироз билдирдилар. Уларнинг сўзларига кўра, у бу ҳисобварақни анча кейин очган, журналистлар эса шахсий ва корпоратив банк муносабатларини аралаштириб юбормоқда.
Deutsche Bank’нинг ўзи амалдаги, собиқ ёки эҳтимолий мижозлар билан аниқ муносабатларга изоҳ беришдан бош тортди. Суриштирувчиларнинг саволларига берган умумий жавобида банк тасвирланган кўплаб воқеалар ўтган йиллар ва ўн йилликларга тегишли эканини ҳамда сўнгги йилларда назорат ва хавфларни бошқариш тизимини сезиларли даражада ўзгартирганини маълум қилди.
Суриштирувда, шунингдек, Deutsche Bank’нинг муаллифлар Кремль ва Владимир Путин билан боғлайдиган россиялик тадбиркорлар билан муносабатлари ҳам батафсил кўриб чиқилади. Маълумотлар сизиб чиқишида банкнинг яна бир йирик мижози — Дональд Трамп ҳам тилга олинади. Суриштирувчиларнинг қайд этишича, у 2016 йилда АҚШ президенти сайловида ғалаба қозонганидан сўнг, америкалик ишбилармон ва унинг компанияларига хизмат кўрсатиш доирасида Novus Ordo («Янги тартиб») махфий номли алоҳида лойиҳа яратилган. Трамп билан боғлиқ ҳужжатлар алоҳида ҳимояга олиниб, шифрланган.
Бу банк ходимининг 2017 йилда хатолик туфайли бегона одамга 1,5 мингдан ортиқ мижознинг, жумладан Трампнинг учта ҳисобварағи ҳақидаги молиявий маълумотларга ҳавола юборишига тўсқинлик қилмади. Суриштирув маълумотларига кўра, банкда бу маълумот сизиб чиқиши ҳақида АҚШ президентига хабар бермасликка қарор қилинган. Менежерлардан бири бундай қарорни «ажойиб якун» деб атаган.
Журналистларда саволлар туғдирган Deutsche Bank’нинг бошқа мижозлари қаторида қуйидагилар қайд этилган:
✅ Жеффри Эпштейн — вояга етмаганларга нисбатан жинсий хусусиятдаги жиноятлар учун судланган америкалик молиячи;
✅ кўплаб мамлакатларда, жумладан Қозоғистонда тақиқланган «Ал-Қоида» террорчилик ташкилоти билан алоқадорликда гумон қилинган саудиялик тадбиркор;
✅ Рифат ал-Асад — ҳарбий жиноятларда айбланган Суриянинг собиқ вице-президенти;
✅ Жо Лоу — Малайзиянинг 1MDB давлат инвестиция фонди маблағларини ўзлаштиришда гумонланаётган бизнесмен.
Inside Deutsche Bank лойиҳаси иштирокчилари яқин ҳафталарда суриштирувнинг янги материалларини эълон қилишга ваъда беришди.



