Ўзбекистон ва Туркманистон 13 йилдан сўнг уч кунлик визасиз режимни қайтариш ниятида

Ўзбекистон ва Туркманистон ТИВ вакилларининг учрашуви. Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати фотоси

Ўзбекистон ва Туркманистон чегараолди ҳудудлари аҳолиси учун визасиз сафарларни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилмоқда. Қўшни давлатга уч суткагача бўлган муддатга бориш имконини берувчи тартиб 2013 йилда бекор қилинган эди, деб хабар беради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Мазкур масала 18 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаевнинг Туркманистон элчиси Шодурди Мередов билан учрашувида муҳокама қилинди.

2004 йил 19 ноябрда Бухорода имзоланган битим муайян чегараолди ҳудудлари аҳолисига ойига бир марта қўшни давлатга уч суткагача визасиз бориш имконини берар эди. 2009 йилги ўзгартиришларга кўра, бу ҳуқуқдан Ўзбекистоннинг Хоразм ва Бухоро вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг айрим туманлари аҳолиси фойдаланиши мумкин эди. Туркманистон ҳудудида улар Тошҳовуз ва Лебап вилоятларига бора оларди. Туркманистоннинг мазкур икки ҳудуди аҳолиси учун ҳам Ўзбекистоннинг кўрсатилган ҳудудларига сафар қилишда худди шундай тартиб назарда тутилган эди.

Учрашувда, шунингдек, Тошкент ва Ашхобод ўртасида мунтазам авиақатновларни қайта тиклаш, халқаро юк ташувларини соддалаштириш ҳамда чегара ўтказиш пунктлари фаолиятини яхшилаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар тегишли идоралар билан биргаликда ушбу масалалар устида ишлашни давом эттиришга келишиб олдилар. Визасиз сафарлар қайтарилиши ва авиарейслар йўлга қўйилишининг аниқ муддатлари маълум қилинмаган.

Чегараолди сафарлар тартиби амалда ўн йилдан ортиқ вақт олдин тўхтаб қолган эди. 2019 йилда «Фарғона» Туркманистон чегараолди ҳудудлари аҳолиси учун Ўзбекистонга визасиз кириш 2013 йилда тақиқланганидан сўнг, маҳаллий сайёҳлик фирмалари майда савдогарларга оммавий равишда виза расмийлаштира бошлагани ҳақида ёзган эди. Чекловлар чегарадош ҳудудлар аҳолисининг ҳаракатланишини, жумладан, қариндошларини бориб кўришини қийинлаштирган эди.

Шу билан бирга, 2025 йил ноябрида Ўзбекистон ва Туркманистон «Шовот — Тошҳовуз» қўшма савдо зонасига визасиз бориш бўйича аллақачон келишиб олган эди. Уни 17 ноябрда президентлар Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов очган. Савдо зонаси олти гектар майдонни эгаллаган бўлиб, икки давлат ҳудудида тенг тақсимланган. Бироқ бу визасиз режим фақат савдо мажмуаси ҳудудига тааллуқлидир.

Шу тариқа, ҳозирги музокаралар 2013 йилгача амал қилган кенгроқ сафар тартибини тиклашга қаратилган. Бу тартиб чегараолди аҳолисига нафақат савдо зонасига бориш, балки қўшни туманларга виза расмийлаштирмасдан уч суткагача сафар қилиш имконини беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ