Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон электр энергияси савдоси учун ягона майдончани ишга туширишга ҳозирлик кўрмоқда. Янги минтақавий бозордаги дастлабки битимлар 2028 йил охири — 2029 йил бошида амалга оширилиши мумкин, деб хабар бермоқда Қозоғистоннинг электр тармоқларини бошқариш бўйича KEGOC компанияси.
Тошкентда жойлашган «Энергия» мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази савдо қоидаларини ишлаб чиқувчи, электрон платформа, нархларни шакллантириш ва иштирокчилар ўртасидаги ҳисоб-китоблар тизимини яратувчи компанияни аниқлаш учун халқаро тендер эълон қилди. Аризалар жорий йилнинг 30 ноябригача қабул қилинади.
Янги бозор «бир сутка олдин» тамойили асосида ишлайди. Бу энергетика компанияларига электр энергиясини кейинги куннинг муайян соатларида етказиб бериш шарти билан олдиндан сотиб олиш ва сотиш бўйича келишиб олиш имконини беради. Масалан, электр энергияси тақчиллиги юзага келганда, Қирғизистон уни бўш қувватларга эга қўшни давлатдан харид қила олади. Ўз навбатида, ортиқча ҳажм мавжуд бўлганда, Бишкек уни бозорнинг бошқа иштирокчиларига таклиф этиши мумкин.
Нархлар харидор ва сотувчиларнинг талабномалари асосида, талаб, таклиф ҳамда давлатлараро электр узатиш тармоқларининг ўтказиш қобилияти инобатга олинган ҳолда шаклланади. Дастлабки босқичда ҳисоб-китобларни АҚШ долларида амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, электр энергиясини етказиб бериш бўйича амалдаги икки томонлама битимлар ўз кучида қолади, янги савдо майдончаси эса ресурслар алмашинувининг қўшимча механизмига айланади.
Тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этишни дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 2027 йил май ойида бошлаш режалаштирилган. Ушбу ишларга 18 ой ажратилади, шундан сўнг танланган компания яна икки йил давомида бозор фаолиятини таъминлаб туриши лозим. Келгусида давлатлар уни бошқаришнинг доимий моделини белгилаб олади.
Дастлаб савдоларда миллий энергетика компаниялари, ягона электр харид қилувчилари ва тизим операторлари иштирок этиши мумкин бўлади. Ҳар бир давлат иштирокчилар доирасини мустақил равишда белгилайди. Сезиларли даражадаги электр ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлган Туркманистон биринчи босқичда лойиҳага қўшилмайди.
Ягона бозорни яратиш Жаҳон банки кўмагида REMIT ўн йиллик дастури доирасида амалга оширилмоқда. 2026 йил январида «Фарғона» нашри халқаро молиявий ташкилот Марказий Осиё энергетика тизимларини интеграция қилиш учун қарийб $1,018 млрд, шу жумладан, биринчи босқичда $143,2 млн ажратишга рози бўлгани ҳақида ёзган эди. Банк баҳолашича, чегаралараро савдо минтақадаги умумий электр талабининг атиги 3 фоизини таъминлайди, ҳолбуки Қирғизистон ва Тожикистоннинг гидроэнергетика салоҳияти Қозоғистон ҳамда Ўзбекистоннинг иссиқлик генерациясини яхши тўлдиради. Дастур минтақавий савдони йилига 15 млрд киловатт-соатгача оширишни ва давлатлараро электр тармоқларининг ўтказиш қобилиятини 16 гигаваттгача кенгайтиришни назарда тутади.
Қайд этиш жоиз, минтақада бир вақтнинг ўзида Қирғизистон ва Тожикистондан Афғонистон ҳамда Покистонга ортиқча электр энергиясини экспорт қилишни назарда тутувчи, қиймати $1,2 млрдлик CASA-1000 энергетика лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Бунда етказиб бериш ҳажмини йилига 4,6 млрд киловатт-соат даражасида таъминлаш режалаштирилган. Қирғизистон, Тожикистон ва Покистондаги иншоотлар қурилиши асосан якунланган, бироқ Афғонистонда 2027 йил охиригача қуриб битказилиши керак бўлган электр узатиш линияси қисми фойдаланишга топширилмагани сабабли лойиҳанинг ишга туширилиши кечикмоқда.



