Ўзбекистон Адлия вазирлиги мамлакатнинг янгиланган лотин алифбосига ўтиш тартибини белгиловчи ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ўзгаришлар ҳужжатларни расмийлаштириш, таълим тизими, оммавий ахборот воситалари, савдо ва рақамли хизматларни қамраб олади, деб хабар беради «Газета.uz». Лойиҳа муҳокамаси 6 декабрга қадар давом этади.
Ҳужжатга мувофиқ, 2027 йил 22 апрелдан бошлаб ID-карталар, хорижга чиқиш паспортлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари, автотранспорт техпаспортлари ва кадастр ҳужжатларини янги ҳарфлардан фойдаланган ҳолда расмийлаштириш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, илгари берилган ҳужжатлар ўз юридик кучини сақлаб қолади, эски бланкалардан эса 2028 йил 1 январгача фойдаланишга рухсат этилади. Исм ва фамилияларнинг ёзилишидаги тафовутлар давлат хизматларини кўрсатишни рад этиш учун асос бўла олмайди.
Таълим тизимида янги алифбога ўтиш бир неча йилга чўзилади. 1–11-синфлар учун дарсликларни 2027–2031 йилларда янгилаш режалаштирилган бўлиб, биринчи синф ўқувчилари 2027/2028 ўқув йилиданоқ янги қўлланмалар бўйича таълим олишни бошлайдилар. Юқори синф ўқувчилари учун орфографик саводхонликни баҳолашда, жумладан, битирув ва кириш имтиҳонларида вақтинчалик енгилликлар назарда тутилган.
Бизнес соҳаси учун алоҳида ўтиш даври белгиланган. 2027 йилнинг апрелидан 2028 йилнинг апрелига қадар ишлаб чиқарувчилар маҳсулот қадоқларида эски ва янги ёзувлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланишлари мумкин бўлади. Шундан сўнг янгиланган алифбо янги буюртма қилинадиган қадоқлар ва ёрлиқлар учун мажбурий этиб белгиланади. Аввал тайёрлаб қўйилган қадоқлаш материалларидан эса 2029 йилнинг апрелигача фойдаланишга рухсат берилади.
Янгиланган алифбога ўтиш шаҳар муҳитини ҳам қамраб олади. Ҳукумат дўконлар, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари пешлавҳалари, ахборот лавҳалари, йўл кўрсаткичлари, бекатлар номлари ва транспорт объектларидаги таблоларни босқичма-босқич алмаштириш ниятида. Шу билан бирга, барча кўрсаткичларни зудлик билан алмаштириш назарда тутилмаган. Географик номлар туширилган амалдаги кўрсаткичлардан улар эскиргунча ёки ҳукумат дастурида белгиланган муддатларгача фойдаланишга рухсат этилади. Тижорат пешлавҳаларини янгилашнинг аниқ муддатлари ҳозирча белгиланмаган.
Лойиҳада, шунингдек, қонун кучга киргач, оммавий ахборот воситалари ва нашриёт маҳсулотларини янгиланган алифбога ўтказиш кўзда тутилган. Талаблар хусусий таҳририятларга ҳам тааллуқли, бироқ улар ўзбек тилидаги материалларни кирилл ёзувида чиқаришни давом эттириши мумкинми-йўқми, буниси ноаниқ бўлиб қолмоқда. Янги қоидаларга риоя этмаганлик учун жавобгарлик масаласи ҳужжатда очиқланмаган.
Ўзгаришлар банк иловалари, тўлов терминаллари ва давлат ахборот тизимларига ҳам таъсир қилади. Расмийлар ўзбек клавиатурасининг ягона стандартини ишлаб чиқиш ҳамда OpenAI, Google, Anthropic, Meta ва бошқа технологик компанияларга сунъий интеллект тизимларини янги имло қоидаларига мослаштириш таклифи билан мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
Алифбони янгилаш тўғрисидаги қонунни президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 21 октябрда имзолади. «Фарғона» илгари ёзганидек, ўзбек тилининг лотин ёзувига ўтиши ҳали 1993 йилдаёқ бошланган эди. Орадан икки йил ўтиб, дастлабки алифбога ўзгартириш киритилиб, диакритик белгили қатор ҳарфлар лотин ҳарфлари ва белгилар бирикмаси билан алмаштирилган эди. Навбатдаги ислоҳот O‘, G‘, Sh ва Ch ўрнига тўртта алоҳида — Ö, Ğ, Ş ва Ç ҳарфларини қайтармоқда. Янгиланган алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлади. Қонун 2027 йил 22 апрелдан кучга киради.



