Ўзбекистон клублари ОЧЛда Саудия миллионерларига қарши баҳс олиб борди

«Нефтчи» футболчилари. «Нефтчи» ФК фотоси

Фарғонанинг «Нефтчи» ва Тошкентнинг «Пахтакор» жамоалари Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) элита Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 5-турида ғалаба қозона олмади. Фарғоналиклар Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби билан дуранг қайд этди (2:2), пойтахт клуби эса Саудиянинг бошқа бир вакили — «Ал-Иттиҳод»га имкониятни бой берди (0:2).

Ислом Исмоилов шогирдлари рақибни 23 ноябрь куни Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида қабул қилди. Меҳмонлар 28-дақиқага келиб, англиялик Олли Уоткинс ва бразилиялик Габриэл Мартинеллининг голлари эвазига икки тўплик устунликка эга бўлди.

Бироқ танаффусдан сўнг мезбонлар мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. 50-дақиқада Аброрбек Исмоилов ҳисобни қисқартирди, орадан етти дақиқа ўтиб Алишер Одилов рақиб дарвозасини ишғол қилди, аммо ўйиндан ташқари ҳолат туфайли гол ҳисобга олинмади. 70-дақиқада Одиловнинг зарбасидан сўнг марокашлик дарвозабон Яссин Буну тўпни жамоадоши Юсуф Окчичек томон қайтарди ва тўп ундан дарвоза тўрига бориб тушди.

Баҳс якунида фарғоналиклар ғалабани илиб кетишлари ҳам мумкин эди, бироқ меҳмонларнинг сенегаллик ҳимоячиси Калиду Кулибали Кофи Коуанинг зарбасини тўсиб қолди.

«Ал-Ҳилол» бош мураббийи, италиялик Симоне Индзаги натижадан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди, шу билан бирга, Ўзбекистон клуби футболчиларининг меҳнатига тан бериб, уларнинг фидойилиги ва ҳар бир тўп учун курашганини эътироф этди. Исмоилов эса ўз навбатида шогирдлари билан фахрланишини айтди.

«Пахтакор» «Ал-Иттиҳод» билан баҳсни Жидда шаҳрида ўтказди. Мезбонлар 7-дақиқадаёқ Муҳаннад аш-Шанқитийнинг голи эвазига ҳисобни очди. Иккинчи бўлим аввалида саудияликларнинг устунлигини франциялик ҳужумчи Жорж Иленикена оширди. Тошкентликлар турнир доирасида қаторасига учинчи мағлубиятни қабул қилиб олди.

Бешта ўйиндан сўнг «Нефтчи» беш очко билан ОФК Чемпионлар лигаси Ғарбий минтақаси жадвалида 12-ўринни эгаллаб турибди, «Пахтакор» икки очко билан сўнггидан олдинги 15-поғонада бормоқда. Ўзбекистон клублари кейинги учрашувларни 7 декабрь куни Эрон вакилларига қарши ўтказади: фарғоналиклар Ироқнинг Басра шаҳридаги бетараф майдонда «Истиқлол» билан куч синашса, тошкентликлар «Трактор»ни қабул қилади. Умумий босқич якунига қадар жамоалар яна учтадан ўйин ўтказади. Минтақанинг энг яхши саккизта клуби плей-офф босқичига йўл олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ