Қозоғистон расмийлари чеченистонлик фаол Мансур Мовлаевни кейинчалик Россияга топшириш мақсадида Петропавловскка этап қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда «Урушга қарши қўмита» (УҚҚ) хабар бермоқда.
Матнда қайд этилишича, фаолнинг ҳимоя томони Олий судга Мовлаев ишини қайта кўриб чиқиш илтимоси билан йўллаган мурожаатига ҳамон жавоб олмаган. Бироқ Қозоғистон Бош прокуратураси Олий суд гўёки аллақачон салбий қарор чиқарганини ва эндиликда расмийлар экстрадиция жараёнига киришаётганини таъкидламоқда.
24 ноябрь куни тергов ҳибсхонасидаги Мансур Мовлаевга тугунча келтирган шахсга фаолнинг Петропавловскка этап қилинаётгани маълум қилинган. Шу билан бирга, «Ковчег»га маълум бўлишича, Мовлаев ҳали ҳам Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида қолмоқда.
«Биз Қозоғистон расмийлари адвокатлар ва Мовлаевнинг яқинларини огоҳлантирмасдан, амалда уни ҳимояланиш имкониятидан маҳрум қилган ҳолда экстрадицияни амалга оширишидан хавотирдамиз», — дея таъкидлайди УҚҚ.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва БМТ вакиллари Мовлаевнинг Россияда таъқиб қилинишини сиёсий сабабларга эга деб ҳисоблашади. Россияга топширилган тақдирда, унинг ҳаётига реал хавф таҳдид солади.
«Агар Қозоғистон БМТнинг таъминлаш чораларига қарамай Мансур Мовлаевни экстрадиция қилса, биз мансабдор шахсларга, Қозоғистон Бош прокуратураси раҳбариятига, Олий суд ва Мовлаевни топширишга алоқадор барча суд инстанциялари судьяларига нисбатан санкциялар киритилишига эришамиз», — дея урғулайди «Урушга қарши қўмита».
👉 Мансур Мовлаев — Рамзан Қодиров режимига қарши чиқувчи мухолифатдаги «Адат» ҳаракати иштирокчиси. 2020 йили фаол РФда наркотикларнинг ноқонуний муомаласи иши бўйича судланган. Чеченистонлик фаоллар иш сохталаштирилганини таъкидлашади.
2022 йилда шартли равишда муддатидан илгари озодликка чиққач, Мовлаевнинг сўзларига кўра, у Чеченистон полицияси ходимлари томонидан ўғирлаб кетилган ва махфий қамоқхонада сақланган. Кейинчалик у Қирғизистонга, у ердан эса Қозоғистонга қочишга муваффақ бўлган. Бу орада Россияда унга нисбатан экстремизм иши бўйича федерал қидирув эълон қилинган.
2025 йил май ойида фаол Москва талаби билан Олмаотада ҳибсга олиниб, экстрадиция қамоғига жойлаштирилди. Мовлаев Қозоғистондан қочқин мақомини олишга ҳаракат қилди, аммо рад жавобини олди. Жорий йилнинг 23 февралида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси фаолнинг шикоятини рўйхатга олди ва Қозоғистонни мурожаат кўриб чиқилгунга қадар уни Россияга экстрадиция қилишдан тийилишга чақирди.
Октябрь ойида Қўмита Қозоғистон расмийларига фаол Мансур Мовлаев иши бўйича шошилинч таъминлаш чоралари ўз кучида қолаётганини эслатиб ўтди.
Ҳибсда бўлган вақтида фаол икки марта ўз жонига қасд қилишга уринган. Ўлимолди хатида у ўз қарорини Россияга эҳтимолий экстрадиция қилиниши билан боғлаган.



