Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Ҳужжат Марказий Осиё давлати раҳбарининг Аммонга ташрифи доирасида тасдиқланди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.
Давлатлар раҳбарлари самарали музокаралар ўтказгани, уларнинг якуни бўйича икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган давлатлараро ҳужжатлар имзолангани қайд этилди.
Етакчилар учрашувида сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ҳамда иқтисодий ва савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Транспорт ва логистика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик тармоғи, соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика каби соҳалар устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказишга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, гуманитар-маданий алоқалар бўйича ҳамкорлик ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш, диний-маърифий соҳада тажриба алмашиш, сайёҳлар учун имкониятларни кенгайтириш ва бошқа масалаларнинг мақсадга мувофиқлиги кўтарилди.
Стратегик шериклик тўғрисидаги битимдан ташқари, икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, имтиёзли савдо, жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маданият ва креатив индустрия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика ҳамда сув ресурсларини бошқариш соҳаларида англашув меморандумлари тузилди.
Тошкент ва Аммон шаҳарлари, шунингдек, Самарқанд ва Иорданиянинг сайёҳлик маркази — Петра шаҳри ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар алмашилди.
Иорданияга ташрифи доирасида Мирзиёев икки давлатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралари вакилларини бирлаштирган қўшма бизнес-форумнинг очилиш маросимида иштирок этди.
Ўзбекистон президенти ўз нутқида иқтисодий шериклик кўлами изчил кенгайиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, сўнгги беш йилда ўзаро савдо ҳажми қарийб 9 баробарга, шундан фақат ўтган йилнинг ўзидаёқ 80 фоизга ўсди. Бугунги кунда Марказий Осиё республикасида Иордания капитали иштирокида 20 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Мамлакатлар пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилган бўлиб, ўзаро визасиз режим жорий этилган. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари муваффақиятли ўтказилди.
Давлат раҳбари алоҳида қайд этганидек, 300 та товар позицияси бўйича пасайтирилган божхона божлари ставкаларини қўллашни назарда тутувчи Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг имзоланиши муҳим қадам бўлди. Бу, шубҳасиз, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Мирзиёев ҳамкорликнинг устувор йўналишларини ҳам белгилаб берди:
✅ тўқимачилик саноати;
✅ тоғ-кон тармоғи;
✅ фармацевтика;
✅ кимё саноати;
✅ қишлоқ хўжалиги.
Шу билан бирга, президент 2027 йилнинг март ойида Тошкентда навбатдаги Ўзбекистон — Иордания бизнес-форуми ўтказилишини маълум қилди.



