2027 йил 1 январдан бошлаб Москвада чет эллик ишчилар учун патент нархи иш берувчининг мақомига қараб 11 минг ва 15,6 минг рублгача кўтарилади. Солиқ қонунчилигига тегишли ўзгартиришлар Москва шаҳар думаси депутатлари томонидан маъқулланди, деб хабар беради ТАСС.
Агентликнинг эслатишича, ҳозирда Россия пойтахтида меҳнат қилаётган мигрантлар учун патент ойига 10 минг рублни ($121) ташкил этади. Бу рухсатнома ҳужжати ўз кучида қолиши учун хорижликлар тўлаши шарт бўлган бўнак (аванс) тўловидир.
Янги йилдан эътиборан тўловлар қуйидагича ошади:
✅ ташкилотларда, якка тартибдаги тадбиркорларда ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи россияликлар қўлида меҳнат қилаётган мигрантлар учун ойига 11 000 рубль ($133);
✅ агар келган шахс жисмоний шахсларнинг шахсий ва уй хўжалиги эҳтиёжлари учун ишлаётган бўлса, ойига 15 600 рубль ($189).
Бундан ташқари, илк бор меҳнат мигрантларининг ўзи ва оиласини боқиши учун зарур бўлган минимал даромад миқдори белгиланди. Агар оила аъзолари сони икки кишигача бўлса, кўрсаткич ойига 60 минг рублни ($729) ташкил қилади. Агар хорижликнинг оиласи уч ва ундан ортиқ кишидан иборат бўлса, бу миқдор 80 минг рубл ($972) этиб белгиланади.
Мосгордума депутатлари қабул қилган тузатишлар пойтахтнинг бешта қонунига дахлдор эканини ҳамда федерал қонунчиликнинг янги талабларини ҳисобга олишини қўшимча қилди.
Ноябрь ойи бошида «МиграФорма» сервиси асосчиси Глеб Ривкин «Фарғона»га берган эксклюзив интервьюсида Москвага келган шахс патент олиш учун рус тили имтиҳони, тиббий кўрик ва бошқа барча таомилларни ҳисобга олганда, дастлаб 35–36 минг рубль (тахминан $440) сарфлашига тўғри келишини билдирган эди.
Бироқ эксперт амалдаги нархларни назарда тутган эди. Шу тариқа, 2027 йил 1 январдан харажатлар янада кўпаяди. Тўғри, бу харажат қанчага ошиши ҳозирча номаълум, чунки РФ пойтахтида хорижликларга ишлаш рухсатномаларини расмийлаштирувчи «Сахарово» миграция маркази хизматлари нархи ошиши ҳақида ҳозирча расман маълум қилинмаган.
ℹ️ Меҳнат патенти визасиз мамлакатлардан келган мигрантларга Россияда ишга жойлашиш учун талаб этилади. Масалан, мазкур рухсатномани Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон фуқаролари расмийлаштириши шарт. Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган давлатлар, жумладан Қирғизистон ва Қозоғистон вакиллари бундан мустасно.
Ушбу ҳужжат фақат муайян ҳудудда ва унда кўрсатилган фаолият соҳаларидагина амал қилади. Патент қиймати РФнинг ҳар бир субъекти томонидан алоҳида белгиланади.



