Аяқағитма — қадам босма

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Малик-Аждарҳо ва ёвуз кампир

Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларига ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламизда Сўғдиёна заминида биринчи минг нафар мусулмонларнинг қандай ҳалок бўлганлари ҳамда фаришта Азроил қотилларни қандай қилиб жазолагани ҳақида ҳикоя қилинади.

Аяқағитма чуқурлигининг жанубий жарлиги. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Марказий Осиё қумли чўлларининг бепоён ҳудудлари XXI асрда ҳам одамларнинг кундалик турмушида афсоналар ва халқ ривоятлари ҳамон алоҳида роль ўйнайдиган макон бўлиб қолмоқда. Ҳозирги замон тамаддуни бугунга қадар бу ердаги ёввойи табиатни охиригача бўйсундиргани ҳамда кўчманчи халқларнинг кўп асрлик турмуш тарзини принципиал равишда ўзгартира олгани йўқ.

Кулжуқтоғ тоғ тизмасидан унчалик олис бўлмаган масофада Қизилқум чўлининг жануби-шарқий қисмида жойлашган Аяқағитма оқмас чуқурлиги тахминан 600 квадрат километр майдонни эгаллайди. Бу деярли учбурчак шаклидаги товоқсимон ҳавзага икки ёнида тик жарликлар қад ростлаб турган биттагина қиялама сўқмоқ олиб боради.

Аяқағитма чуқурлигига олиб борувчи йўлдаги Қизилқум саҳроси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Чуқурликнинг қоқ ўртасида – абсолют баландлиги денгиз сатҳидан 133 метр пастроқда майдони 150 квадрат километр атофидаги суви шўр бўлган кўл жойлашган. Ушбу кўлнинг қирғоқ чизиғи доим ҳам бир хил қолавермайди, мавсумга қараб кескин равишда ўзгариб туради. Қадимда бу кўлни ўз сувлари билан тўлдириб турган Зарафшон дарёсининг қуриб-қақшаган ўзанини ҳозир ҳам Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти тасвири туширилган сунъий йўлдошлар фотосуратларида кўриш мумкин.

Иқлим ўзгариши билан фақат ерости ва ёмғир сувларигина сув ҳавзасини қондира бошлади. Кўл ва чуқурликнинг номи – Аяқағитма бўлиб, қозоқ тилидан“оёқ босма” дея таржима қилинади. Гап шундаки, совуқ ва намгарчилик мавсуми ҳукм сурган пайтда тупроқли қирғоқлар ва шўрхок ерларда нафақат автомобиль транспортида, балки ҳатто от-улов ва туялар ҳам умуман юриб бўлмайди. Боз устига, эҳтиёткорлик чорасини кўрмаган саёҳатчи учун ҳам бу ерда юриш хатарли ҳисобланади. Ҳар ҳолда, ХХ асрнинг 80-чи йилларида совет ирригаторлари Бухоро воҳасининг суғориладиган экин майдонларидан чиқадиган сизоб сувларини коллекторлар орқали ҳавзага йўналтирдилар. Шу важдан кўлнинг юзаси сезиларли даражада катталашди ҳамда сув сатҳи кўтарилиб, қирғоқлари қаттиқроқ ергача кўтарилди. Бироқ кузги ёғингарчилик ва баҳорги қор эриш даврида ҳавзанинг каттагина қисмида умуман юриб бўлмайди.

Ҳавзадаги қозоқ овули. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"? 2007 йил

Ҳавзада бугунги кунда йигирма нафар қозоқ оилалари истиқомат қилиб, туячилик, эчкичилик ва қўйчивонлик билан шуғулланадилар. Уларда, шунингдек, унчалик катта бўлмаган от уюрлари ҳам бор. Шўр кўлда балиқ кам. Бу ерга олиб келадиган ягона йўл орқали ичимлик сувини автомобиль цистерналарида келтирадилар.

Шўролар даврида бу ерда артезиан қудуқлари ёрдамида деҳқончилик тажрибасини қилиб кўрдилар, аммо бу уриниш натижа бергани йўқ. Баҳор кириб келиши билан овул аҳолисининг аксарияти ўзларига қарашли чорва подаларини Қизилқум чўл қумтепалари бўйлаб ҳайдаб кетадилар ҳамда ўз ўтовларини муваққат манзилларига ўрнатадилар.

Этик йўлни кўрсатар эди

Кўлнинг жануби-ғарбий соҳилида Ўзбекистон ва Қозоғистонда Ҳазор Нур (Минг нур) номи билан танилган муқаддас қўрғон жойлашган. Халқ ривоятларида ушбу жой Ислом динининг Марказий Осиёда ёйилишидаги биринчи қадамлари билан боғланади. VIII асрнинг бошида, ҳалифа Абдулмалик даврида Хуросон водийси томонидан шимолга юборилган амир Қутайба ибн Муслимнинг қўшинлари Сўғд мулкига қарашли Пайкент ва Варданзи қалъаларини ер билан яксон қилдилар. Мусулмонлар ўша пайтгача Нумижкент номи билан аталиб келган Бухорони ўз экспансияларининг таянч манзилига айлантирдилар. Ислом нисбатан тез фурсатда мустаҳкам ўрнашиб олган Яқин Шарқдан фарқли ўлароқ Амадарё ва Сирдарё оралиғидаги араблар фатҳи ва даъватга уринишлари яна бутун бир аср давом этган.

Бу ерда янги диннинг ўрнатилишида муваффақиятлар мағлубиятлар билан алмашиб турди, бу йўлда икки томондан анчагина қурбонлар бўлди, шунинг учун ҳам зафар қозонган Ислом тарихи пировардида жасур жангчилар ва дин фидоийлари ҳақидаги афсоналар билан бойитилди.

Ҳазор Нур муқаддас даргоҳи кўл тарафга қараб турган тиккасига юз метрга етувчи жар ортидаги оҳактошли плато тепалигида жойлашган. Икки мингинчи йилларда бу ердаги жарлик ёқасида пахсадан қурилган уйчада маҳаллий қария – Абдукарим бобо яшаб келган ва ўша пайтларда мусулмонлар қабристонига қоровулчилик қилиб келган. Бобо ўзининг бошидан кечирганларини айтиб берган ҳикоя ўрта асрларга оид ривоятни эслатади. 1929 йилда туғилган ва етти ёшида етим қолган Абдукарим Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари бўйлаб саёҳат қила бошлади. Жаҳонгашталикка юз тутган Абдукарим аввалига зиёратчилар ва муллаларнинг хайриялари эвазига кун кечирган, ҳолбуки бунақа тоифадаги одамлар СССР даврида жуда оз эди. Кейинчалик у бажарилган диний маросимлар учун диндорларнинг хайр-эҳсон пулларини қабул қила бошлаган. Абдукарим қирчиллама ёшга етганида ухлаб туш кўради, уйқусида Хоразмдан Қизилқум саҳроси орқали бориб, Ҳазор Нур адирида муқаддас даргоҳни топиб, умрининг охиригача ибодатда ўтказиши лозимлиги тўғрисидаги овозни эшитиб қолади. Уйғониб қараса, этикларининг учи унинг борадиган йўналишга қараб турган экан.

Абдукарим бобо 2007 йилда. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Қабристон назоратчисининг бошидан кечирганлари тўғрисидаги ҳикоя мозийда тарки дунёга юз тутган зоҳидлар ҳақидаги кўплаб ривоятларнинг сюжетига ўхшаб кетади. Гарчи воқеа ХХ асрнинг эллигинчи йилларида бўлиб ўтган бўлса ҳам, бу одам туғилиб-улғайган ва ўзининг бутун умрини яшаб ўтган анъаналарнинг ўзига хос оламида вақтнинг ўзгармаслигига ишора қилади. Ҳар ҳолда, Абдукарим Аяқағитма кўлининг соҳилларига келиб, қадамжонинг олдинги нозирининг ўрнини эгаллайди ва вақт ўтиб оилали бўлади. Бироқ унинг оиласи овулда истиқомат қилар, ўзи эса Ҳазор Нур адирида яшашни давом этарди. Қариганида кўзлари кўрмай қолди, бироқ улғайган ўғиллари унга зиёратчиларни кутиб олишда ва муқаддас даргоҳ ҳақидаги ривоятларни ҳикоя қилишда ёрдам бериб туришар эди.

Ҳам даъват ва ҳам қилич кучи билан

“Қачонлардир Қуддуси Шарифда бадавлат акобир, амалдор яшаган экан. Улкан гавдали ва жуда кучли бўлгани учун уни Малик Аждарҳо деб аташар эди. У мусулмонларнинг ашаддий душмани эди, аммо бир куни Пайғамбар (С.А.В) куёвлари Ҳазрат Алини учратиб қолиб, ўша заҳотиёқ Исломга кирган ҳамда бутун мол-мулки, дўстлари ва қариндошларини тарк этиб, дин йўлида жонини фидо қилиш ҳаракатида мужоҳидларга қўшилишга аҳд қилган.

Бироқ Ҳазрат Али Аллоҳнинг Каломини ёйиш ва иймонга ҳамда фақат ўзининг беозор хулқи ва комил ишонч ва эътиқоди ёрдамида даъват қилиш учун узоқ мамлакатга боришни амр қилади. Лекин узоқ йиллар давом этган беозор даъватидан сўнг у маҳаллий мусулмонлар жамоасини ҳимоя қилиш учун қиличини қайтадан қўлга олишга мажбур бўлади. Ўшанда Ислом бу ўлка одамларининг қалбини эндигина забт эта бошлаган эди. Сўғдиёна заминида иймонга кирган биринчи мусулмонлар жамоаси бу ердаги баланд адирлик тепасини ўзларига манзил қилиб олгандилар. Кунлардан бир кун Ҳазрат Алининг ўзлари рафиқалари бўлмиш Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қизлари Ҳазрати Фотима (розиаллоҳу анҳумо) билан бирга бу жамоанинг ҳузурига ташриф буюрдилар”.

Аяқағитма чуқурлигидаги иссиқ булоқ. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ёввойи саҳродаги адирликда истиқомат қилаётган мусулмонлар жамоаси кўп йиллар давомида кофирларнинг доимий ҳужумларини даф этиб келган ва ўзларининг енгилмаслиги билан довруқ қозонган эдилар. Анча вақт давомида мусулмонларга қарши самарасиз кураш олиб бораётган ғанимлар ҳийла ишлатишга қарор қилдилар. Мусулмонлар орасида қариндошларининг баъзилари ҳали ислом динини қабул қилмаганлари кўп эди. Баъзида шунақа қариндошларнинг ва айниқса аёллар ва қарияларнинг жамоа олдига келишига ижозат бериларди. Бундай қилишдан мақсад мусулмонлар ўз яқинларини Исломга даъват қилиш имкониятидан фойдаланиб қолиш эди.

Кофирлар битта ёвуз ва маккора кампирни ёллаб, гўё у жиянини кўриб келиш баҳонасида мусулмонлар манзилига юборилади. Макр ва хийла билан мусулмонлар жамоасига қўшилган меҳмон аёл узоқ вақт давомида ғаразгўйлик билан мўъминларнинг одатлари ва феъл-атворлари ҳақида маълумотлар тўплаб юради. Шубҳа ва гумонлардан ҳоли содда ёш жувон холасининг барча саволларига жавоб беради ҳамда жума намози пайтида ҳамма мусулмонлар, шу жумладан, жар ёқасида қўриқчилик қилувчи қуролли жанггарилар ҳам, Малик Аждарҳонинг ўзи ҳам ҳамма ишларини ташлаб, масжидда жамоат билан намоз ўқишларини айтиб беради.

Турган гап, душманлар ушбу фойдали маълумотлардан фойдаланиб қолдилар ҳамда адирликка ҳужум қилиш учун жума кунининг намоз вақтини белгилайдилар. Жума намозини адо этаётган қуролсиз мусулмонлар кофирларга жуда қаттиқ қаршилик кўрсатадилар, аммо шунга қарамай, ҳаммалари шаҳид бўладилар. Душманларга қарши ҳаммадан кўра Малик Аждарҳо ва яна беш баҳодир қаршилик кўрсатадилар ва мислик кўрилмаган жасорат ила қаҳрамонларча олишадилар. Аммо қирғинбаротнинг иккинчи куни улар ҳам ҳалок бўлдилар.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда ҳам тош парчаларидан барпо этилган Ҳазор Нур адирлиги устида ястаниб ётган мингта қабр қаърида ётган минг нафар мўъминларнинг руҳлари самога қарата мингта нур таратиб ётмоқда.

Пахса масжид. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бу ривоят бу ўлкада Исломнинг тарқалиши тарихига оид маълумотларга кўпам мос келавермайди, лекин нима ҳам қилардик, чунки ривоят бир афсона, холос. Маҳаллий аҳоли бундан ташқари яна кўплаб қизиқарли тафсилотларни айтиб беришлари мумкин. Мисол учун, ҳавзанинг нариги тарафидаги юмалоқ қизил дўнглик Кофир-тепа деб номаланади. Мусулмонларни қириб ташлаб ортга қайтаётганларида Тангри Таъало уларнинг олдига фаришта Азроилни (а.с.) юборди ва у кофирларни ўлат дарди билан тақдирлади. Кўлга қараб кетган тор жарлик Кампирсой деб аталади ва ёвуз кампирнинг қабри саналади. Бу ердан ўтаётган зиёратчиларнинг ҳаммаси бу тарафга тош отиб кетишлари керак, акс ҳолда уларнинг ўзлари лаънат остида қолиб кетишлари мумкин. Мисол учун, дўзахда тинчлик-хотиржамлигини топа олмаётган ёвуз кампирнинг руҳи йўловчига ҳамроҳ бўлиб, унга нисбатан турли ҳийлалар ишлатиши ва омадсизликлар келтириш мумкин экан.

Ғиштлар қадамжога халақит бермайди

Ушбу муқаддас даргоҳда Пайғамбар қизлари Фотима розиаллоҳу анҳонинг оёқ излари тушиб қолган қадамгоҳ ҳам бор. Бу – кремний бирикмали тоғ жинсларининг синиқ парчаларини пухта равишда терилган ичи бўш қўрғондан иборат. Одатда, бу қўрғоннинг ичкарисига кирилмайди, аммо жарликнинг этагига тор сўқмоқ орқали тушиб, прессланган қум ва оҳактошли қоянинг бағрини ўйиб, барпо этилган ҳужрага кириш мумкин. Унда икки аср муқаддам тарки дунёчиликка юз тутган қандайдир бир зоҳид истиқомат қилгани ҳақида ҳикоя қилинади. Айтилишича, у бу ҳужрада жазирама ёзнинг иссиғидан, аёз қишнинг совуғидан ҳамда ваҳший ҳайвонлардан беркиниб жон сақлаган экан. Адир тепасида пахсадан қурилган конус шаклидаги пастаккина масжид бор, унинг биттагина эшиги ва битта деразаси ҳамда Қибла тарафга қараган деворда имом учун меҳроб бор. Бу иншоот унчалик қадим бўлмаса керак, бироқ ўзининг конструциясига кўра, бино кўз олдимизда Ислом тарқалишининг биринчи асрларидаги масжидларнинг сиймосини гавдалантиради.

Фотима қадамгоҳи. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Қизиғи шундаки, аттиги бир йил олдин ҳам анъанавий туғлар – учига оқ латта боғланган узун ёғочлар билан безалган Малик Аждарҳонинг мозорини Абдукаримнинг рухсати билан унинг ўғиллари қабр устига замонавий ғиштлар теришга киришиб, унинг устини ёпиш бўйича ишларни бошлаб юбордилар. Археологлар, ўлкашунослар ва туроператорлар ғайритабиий катталикдаги қадимги қабртошларни кўздан яширувчи бу янгиликдан қаттиқ ҳафа бўлишлари мумкин. Бироқ бу даргоҳ назоратчисининг оиласи бу ишга ўз билганича муносабатда бўлмоқда. Афсона бағрида яшайдиган одамлар тарихни қандайдир узоқ ўтмиш ва ҳатто ўзининг ҳозирги замони сифатида эмас, балки ҳар бир авлоднинг кучига яраша ўзининг ипини қўшиб тўқилиши лозим бўлган вақтнинг узлуксиз матоси каби қабул қиладилар. Шунинг учун ҳам улар афтидан муқаддас қадамжони ободонлаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ушбу қурилиш ишларини ўзлари учун фарз деб биладилар. Ким билади, балки яна минг йил ўтганидан кейин Қизилқум ўзгармай қолиши, бизнинг кунларда пишиқ ғиштдан қурилган сағана эса келгуси авлод учун узоқ ўтмишни эслатувчи ёдгорликка айланиб қолиши мумкин.

Пахса масжид ичкарисида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Муқаддас қадамжога 2006 йилда ташриф буюрган тошентлик археолог, тарих фанлари номзоди Елизавета Некрасовага кўра, Ҳазор Нур адиридаги қабр тошларида қолдирилган араб алифбосидаги ёзувлар XVIII асрдан олдин битилган. Унга кўра, ёдгорликнинг ҳақиқий ёшини илмий изланишлар давомида аниқлашга тўғри келади. Аҳоли истиқомат қиладиган манзиллардан анча йироқ масофада шунақанги катта қабристоннинг мавжудлиги бу ерда чиндан ҳам жуда катта жанг бўлиб ўтгани ёки бутун бир шаҳар ҳалокатга учраганига далолат бўлади.

Ривоятдаги Ҳазрат Азроилнинг (а.с.) кофирларни ўлат ёрдамида ҳалок қилгани тўғрисидаги тафсилотлардан бири қабристоннинг келиб чиқиши сабаби аввали бошдан эпидемияга бориб тақалади деган фаразнинг илгари сурилишига туртки бўлган дея фараз қилиш мумкин.

Кейинчалик бир неча авлод мозор шайхларининг оғзаки ижоди туфайли бу қадамжо машҳур муқаддас даргоҳга айланди. Умуман олганда, кўчманчи халқлар маданияти учун ҳар қандай манзилнинг бир марта муқаддас дея эълон қилиниши билан вақт ўтган сари азизлик мақоми юқорига кўтарилиши ҳамда диндорлар эътиборини ўзига кўпроқ жалб қилиб бориши одатий ҳолга айланиб қолган. Замонавий цивилизациянинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи одамларнинг онги дунёни англаш ва қабул қилишнинг мутлақо бошқача динамикаси ва истиқболларини асраб қолган. Унга назар ташлашингиз билан узоқ ўтмишни ва агар омадингиз келиб қолса, абадиятни кўриб қолишингиз ҳам мумкин.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / “Фарғона”

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ