16 ноябрь куни Тошкентдаги Navruz маданий-этнографик боғида миллий маданият, мода ва замонавий мусиқани бирлаштирган Chopon Fest 2025 фестивали бўлиб ўтди.
Очиқ ҳаводаги подиумда турли хил либос услублари намойиш этилди, улар орасида анъанавий ўзбек чопони тарихий меросни замонавий дизайн тенденциялари билан уйғунлаштирган ўзига хос услубларнинг асосий элементи сифатида намойиш этилди. Мода намойиши халқ ритмлари, жўшқин DJ- сети ва эстрада хонандаларининг чиқишлари ҳамроҳлигида ўтказилди.
Чопон – Марказий Осиё халқларининг анъанавий устки кийими экани кўпчиликка маълум, у айниқса Ўзбекистонда машҳур ва бу ерда миллий либоснинг асосий элементи ҳисобланади.
Пахта астарли қишки чопонлар шамол ва совуқдан ажойиб ҳимоя ҳисобланади. Енгил ёзги чопонлар чанг ва қуёшдан ҳимоя қилади. Олтин ёки кумуш кашта билан безатилган байрамона чопонлар расмий маросимлар учун мўлжалланган. Бу чопонлар одатда ҳурматли меҳмонларга совға сифатида тортиқ қилинади. Ўрта асрлардан бери маълум бўлган, аммо бугунги кунда кенг қўлланиладиган чопон совға қилиш маросими — чопон кийгазиш — инсоннинг ижтимоий фазилатлари ва юқори ижтимоий мақомини эътироф этади.
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида аҳоли ўзларининг чопонларини афзал кўришади. Тошкент вилоятида хира ранглар ва минимал безаклар — фақат чеккалари бўйлаб тўқималар — кўпроқ учрайди. Бухоро ва Самарқандда ўткир кўк ёки тўқ рангли бахмал чопонлар кўзга ташланувчи бой каштачилик намуналари билан безатилган. Бошқа ҳудудларда эса пахта ва ипак толаларининг комбинацияси бўлган беқасам матосидан тикилган «классик» чизиқли чопонлар кўпроқ машҳур бўлиб, мато бардошли ва енгил ҳисобланади.
Аёллар чопонлари бироз бошқача бичимга эга — кўпроқ баданга ёпишган ва енглари калта. Анъанавий мато нақшларининг рамзийлиги қадимги даврлардан то ҳозирги кунгача ўзгаришсиз қолган. Масалан, анорлар ёшлик, унумдорлик, мўл-кўлчилик ва оилавий фаровонликни англатади. Қалампир нашқлари эса ёмон кўз ва назардан асрайдиган тумор ҳисобланади.
-
Тошкентдаги Chopon Fest 2025 фестивалида. Андрей Кудряшов фотосурати/«Фарғона»

Ўзбекистондаги замонавий мода дизайнерлари тарих ва маданият билан узвийликни сақлаб қолган ҳолда халқ анъаналарини қайта талқин қилишга интиладилар. Уларнинг ижодий мақсади ҳам расмий тадбирларда, ҳам кундалик ҳаётда кийишга мўлжалланган дизайнларни яратишдан иборат. Улар бир вақтнинг ўзида индивидуалликни ифодалашлари ва аждодлар меросига ҳурматни бажо келтиришлари лозим. Қайсидир маънода, бундай ғоя утопиядир. Аммо у турли хил ижодий изланишлар ва қизиқарли кашфиётлар учун кучли туртки беради.
-
Тошкентдаги Chopon Fest 2025 фестивалида. Андрей Кудряшов фотосурати/«Фарғона»
-
Тошкентдаги Chopon Fest 2025 фестивалида. Андрей Кудряшов фотосурати/«Фарғона»
-
Тошкентдаги Chopon Fest 2025 фестивалида. Андрей Кудряшов фотосурати/«Фарғона»
-
Тошкентдаги Chopon Fest 2025 фестивалида. Андрей Кудряшов фотосурати/«Фарғона»
Navruz боғида бўлиб ўтган Chopon Fest 2025 фестивалига нафақат моделлар, бошловчилар ва ижрочилар, балки кўплаб томошабинлар ҳам чопон кийиб келишди. Ахир, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, кундалик кийим ёки расмий формани афзал кўришидан қатъи назар, ўз гардеробида севимли чопонига эга. Мазкур тадбир ва Тошкентнинг ноябрь ойидаги юмшоқ, илиқ муҳити чопонга бурканиш баҳонаси учун айни муддаодир.