Парвона

Тошкентлик кўча рассоми Inkuzart қисқа метражли фильм қаҳрамонига айланди

Асарларига Inkuzart тахаллуси билан имзо чекувчи тошкентлик машҳур кўча рассоми тўғрисида қисқа метражли фильм суратга олинди. 20 декабр куни «Тошкент ёшлар форуми – 2021» тадбири очилиш маросимида режиссёр Умид Ҳамдамовнинг рассом ижодига бағишлаб суратга олган беш дақиқалик «Парвона» картинаси намойиш этилди. Бу ҳақда Inkuzartнинг ўзи Instagramда хабар берди.

«Фурсатдан фойдаланиб, фильмни суратга олишда иштирок этган барча инсонларга раҳмат айтмоқчиман. Жумладан, даҳо режиссёр Умид Ҳамдамовга иштиёқ ва профессионаллиги учун алоҳида раҳмат дейман. Ажойиб кинематограф Йоханга ҳам раҳмат. Ўша бир неча кунлик суратга олиш жараёнида бу иш нақадар қийин ва машаққатли эканини англаб етдим. Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб ва унутилмас дамлар эди. Субтитрлар учун дўстим @abduraymondга миннатдорлигимни изҳор қиламан. Албатта, обуначиларимга ва Ўзбекистонда санъатни қўллаб-қувватлаётган барча инсонларга чексиз миннатдорчилик билдираман», — деб ёзади Inkuzart.

Ҳанузгача юзи ва тўлиқ исмини яширган номаълум рассом (исми Абдураҳмон экани маълум холос) 2020 йил баҳоридан буён Тошкентдаги бино деворларига расм чизиб келади. Бу вақт ичида у ўнлаб суратларни чизди, бироқ уларнинг баъзилари йўқ қилинди. Фильмда Inkuzartнинг ўзи ижоди ҳақида сўзлаб беради.

«Ишдан кейин кечқурун уйга қайтаман. Тунда кўчага чиқаман — юраман, атрофга қарайман, жойлар қидираман ва ғояларимга шакл бераман. Айланиб юрганимда деворларнинг «бу эрга чиз» деган овозини эшитаман. Ва мен у ерда расм чизаман. Менинг дастлабки кўча суратим беумид, шунчаки чизилган. Мен буни фақат ўзим учун қизиқ деб ўйлардим, — дейди Inkuzart ва логотип танлаш ва сирли қолишни тушунтиради. — Inkuzart логотипида парвона тасвирланган. Бу нурга интилувчи капалак. Парвона учун ёруғлик қанчалар ҳақиқат бўлса, мен тунги рассом учун ҳам кўча санъати — стрит-арт шундай ҳақиқатдир. Мен одамлар билан бирга бўлиш учун юзимни яшираман».

«Баъзида айрим одамларнинг расмларимни баллон билан устидан бўяб ташлаётганларига гувоҳ бўламан. Кечаси келиб, уларни қайта тиклайман. Одамларга нима деган бўлардим? Илтимос, шу расмларни ўчириб кетманг, деган бўлардим!» – дейди фильм охирида Inkuzart.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ