Сўнгги уч йил ичида Қозоғистонда 270 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Ушбу статистика ўтган кузда Мажилис (парламентнинг қуйи палатаси) депутати Нартай Сарсенгалиев томонидан эълон қилинган эди. Мамлакат ҳеч қандай ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги ҳисобга олинса, бу рақам жуда салмоқли кўринади. Ўлганларнинг аксарияти муддатли ҳарбий хизматчилар. Улар касалликлар, қурол билан боғлиқ ҳодисалар қурбонлари бўлишган, айримлари ўз жонига қасд қилган.
10 ноябрь куни Остонадаги Вазирлар уйи ёнида турли вақтларда армияда ҳалок бўлган ва жароҳат олган ҳарбий хизматчилар оналарининг митинги бўлиб ўтди. Улар мамлакат раҳбариятига ҳарбий хизмат тизимини ислоҳ қилиш ва аскарлар хавфсизлигини яхшилашни талаб қилиб мурожаат қилишди. Бунга жавобан Мудофаа вазирлиги шахсий таркиб хавфсизлигига катта эътибор берилишини таъкидлади.
Намойишчилар шунингдек, Мудофаа вазири Даурен Косанов билан учрашишни сўрашди, аммо у оналарга пешвоз чиқмади. Кейинчалик, журналистлар билан суҳбатда Косанов барча оналарнинг шикоятлари «ўтган йиллардаги воқеалар» билан боғлиқлигини айтди, ҳозирда армияда шунга ўхшаш нарса содир бўлмаётгани, ҳеч қандай «дедовшина» йўқлигини таъкидлади.
28 ноябрь куни журналистлар Лукпан Аҳмедяров ва Раул Упоров ўзларининг YouTubeдаги «Просто журналистика» каналида ҳалок бўлган аскарлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Ватан қарзи» номли ҳужжатли фильмни намойиш этишди.
«Бу фильм жиддий муаммони кўтаради, афсуски, ҳокимият тепасидагилар бунга кўз юмган кўринади», — дейди муаллифлар.
Лукпан Аҳмедяров ўзининг Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) саҳифасида фильм намойишидан бир неча кун олдин унга ҳозирда «Мудофаа вазирлиги тизимида» ишлаётган собиқ ўқувчи қўнғироқ қилганини ва у «вазирликдаги катта амалдор» армия мавзусини қўзғатмасликни сўраганини хабар қилган. Ушбу постдан сўнг, Аҳмедяровнинг Facebookдаги аккаунти ўчирилди.



