Ҳамза тошбўрон қилинган жой

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, ўн учинчи очерк. Шоҳимардоннинг муқаддас кўллари
Шоҳимардон. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очерклар туркумини чоп этишда давом этади. Бизнинг бугунги материалимизда пайғамбарнинг куёвлари қандай қилиб Фарғона водийсига келганлари ва шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий тошбўрон қилинган жой ҳақида ҳикоя қилинади

Ҳаж савобини берувчи кўл зиёрати

Қурбонкўл ёки Мовий кўл – Фарғона водийсининг табиий-тарихий ва диний қадамжоларидан бири бўлиб, диндор мусулмонларнинг, оддий саёҳатчиларнинг, шунингдек, табиат қўйнида дам олишни ёқтирувчи одамларнинг оммавий зиёратгоҳи саналади. СССР даврида кўл давлат сиҳатгоҳи мақомига эга бўлган ҳолда қадамжо ва туристик объект сифатида ўзининг энг яхши кунларини бошидан кечирган. Айнан ўшанда маҳаллий аҳоли ўртасида Қурбонкўлни етти марта зиёрат қилса, Маккага ҳаж қилганнинг савобини топади, деган афсоналар пайдо бўлганди. Ўзбекистон давлат суверенитетини қўлга киритганидан сўнг кўл қўшни мамлакат — Қирғизистон ҳудудидаги анклавга айланиб қолди. Бугунги кунда қўшни мамлакатнинг ҳудудидаги анклав мақомида бўлиб қолган Шоҳимардон қишлоғи ҳам иқтисодий ва ҳам ижтимоий жиҳатдан ўладиган ҳолатга келиб қолган, муқаддас қадамжо эса янги авлод назарида ўзининг аҳамиятини аста секин йўқотиб бормоқда.

Афтидан, ажабтовур қоялар ва харсанг тошлар, даралар ва довонлар, булоқлар, сой ва кўллар, шаршалар ва ғорлар, алоҳида турган дарахтлар каби ландшафтнинг алоҳида ва кучли нуқталарининг инстинктив эъзозланиши диннинг энг аввалги ва ҳатто ибтидоий диндорлик пойдеворининг ўзгинаси бўлган бўлиши мумкин.

Мадомики жойнинг инсон устидан ҳукмронлиги, алоҳида макон структураларининг инсон онгини ўзгартиришга салоҳияти бор экан, бу ҳар бир инсоннинг ўз ҳаётида албатта тўқнаш келадиган мўъжизалардан бири бўлиб қолади.

Қурбонкўлнинг табиий тўғони – бу даҳшатли зилзила оқибатида бутун бир қишлоқни ўз қаърига дафн этган тошли кўчкининг ўлик танасидир. Чақмоқтош харсанглари ва мармардан иборат тош косадаги сувнинг ранги фируза тусда товланади – оҳак жинсидан иборат эримас суспензияси нурни шунақа қилиб синдириши натижасидир.

Атрофдаги қора қоялар тобланган пўлат сингари ялтирайди. Қурбонкўл ортидаги сув ҳавзаси Кўл-Қуббон ёки Зангор кўл деб аталади. Қанчалик ҳайратли бўлмасин, бироқ унинг булоқлар билан тўйинадиган совуқ тубида сув ўтлари гўё гилам тўшаб қўйилгандек – айнан улар кўлнинг сирли ранг жилосини тақдим этадилар.

Катта Қурбонкўл фақат ёз бошланишида, музликлар эриши натижасида сувга тўлади. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Қурбонкўл атрофида Швейцариянинг Альп, Олтой, Қояли тоғлар ва Ҳимолай тоғларига ўхшаш ландшафтларни учратиш мумкин. Бу ерда туғилган одам бошқа мамлакатларда саёҳат қила туриб, қоялар ўртасидаги тор сўқмоққа назари тушганида, худди болалигидан бери таниш жойни кўргандек ҳолатга тушиши мумкин. Бундай жойларда замон гўёки макон устидан ҳукмронлик қилаётгандек туюлади. Шу сабабдан бу жойларнинг ажабтовур хусусияти халқ анъаналарига жуғрофий ишончлилик ва тарихий хронологияни айланиб ўтиб, афсонавий персонажлар ва уларга алоқадор ғаройиб воқеалар ҳақидаги ривоятларни бир жойдан бошқа жойларга кўчиришга имконият бериб, халқ орасидаги эътиқодларнинг шаклланишига таъсир кўрсатади.

Қадамжога бориш учун рухсатнома олиш керак

Шоҳимардон атрофидаги муҳит Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари, ҳулафои-рошидинларнинг тўртинчилари бўлмиш Ҳазрат Али ибн Абу Толибнинг Фарғона водийсига ташриф буюрганлари тўғрисидаги ривоятларнинг муаттар ҳиди билан бурканиб кетган. Гарчи Ислом тарихида бу воқеа ҳақида ҳеч қандай маълумотлар йўқ бўлишига қарамай, Марказий Осиёнинг деярли ҳар бир вилоятларида Ҳазрат Али билан боғлиқ қадамжолар ёки оёқларининг излари қолган қадамгоҳлар учраб туради. Одатда улар ўта манзарали табиат гўшаси ёки ғайри оддий табиат ҳодисаси билан алоқадор афсоналар билан боғланган бўлади.

Шоҳимардон қишлоғининг номи ҳулафои рошидинлардан бири Али ибн Абу Толибнинг васфларидан бири – Мардонлар, яъни одамлар шоҳи деган маъносини беради. Ўрта асрларда бу ерда Ҳазрат Алининг мақбаралари бўлган. Бироқ 1822 ва 1899 йилларда содир бўлган ҳалокатли зизилалар туфайли мақбара бутунлай вайрон бўлган. XIX аср охирига келиб Шокирхон Мирзоҳидбоевнинг маблағлари эвазига қайта тикланган, бироқ СССР даврида уни яна вайрон қилдилар – бу сафар мақбарани советлар томонидан тарбияланган атеистлар бузиб ташладилар. Қишлоқнинг номини Ҳамзаобод деб қўйдилар: 1929 йилда шу қишлоқнинг четида 23 нафар маҳаллий аёлларни паранжидан воз кечишга ундаган маърифатпарвар шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий тошбўрон қилиб қатл этилган эди. Ўзбекистон давлат суверенитетига эга бўлганидан сўнг 1991 йилда қишлоқ яна Шоҳимардон деб атала бошланди ва Ҳазрат Али қадамжо-мақбараси қайта тикланди. Шу билан бирга, халқ томонидан эъзозланадиган жой бутунлай Қурбонкўлга кўчиб ўтди.

Шундай бўлса ҳам, тез орада бу жой ҳам оммавий зиёрат учун қийин бўлиб қолди. 1998 йилда Шоҳимардонсой ўзанидан сел оқиб келиб анчагина фалокатли вайронагарчиликлар келтирди ва анчагина одамланинг умрига зомин бўлди. СССР даврида барпо этилган сиҳатгоҳлар ва санаторийлар вайрон бўлди, йўллар ювилиб кетди. Туманга бир неча йил давомида бориш жуда қийинлашиб кетди. 1999 йилда Ўзбекистон Ислом ҳаракатининг жанггарилари қўшни Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудлари орқали Фарғона водийсига ўтиб олишди. Шундан сўнг Ўзбекистон расмийлари чегаранинг тоғли участкаларини ва шу жумладан, Шоҳимардоннинг атрофини миналаштириб қўйдилар ва анклав ҳудудига киришни чеклаб қўйдилар. Қирғизистон томонидан ҳам рухсат тартиби жорий қилинди: анклавга бир марталик пропускалар билан Фарғона вилояти фуқаролари ўтишларига ижозат берилди, Ўзбекистоннинг қолган вилоятлари фуқаролари учун виза тартиби жорий қилинди.

Фарғонадан Шоҳимардонга олиб борувчи йўлда, Қирғизистоннинг Қадамжо туманидаги Ҳазрат Али ёдгорлик мажмуаси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Қирғизистон парламенти депутатлари 2004 йилда мамлакат ҳукуматига Шоҳимардон анклави масаласи бўйича Ўзбекистонга территориал талаблар билан мурожаат қилишни тавсия қилдилар. Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари 2007 йилда регионал туризмни қўллаш мақсадада икки мамлакат фуқароларига икки ойгача бўлган муддатга визасиз тартибда анклавга боришга рухсат берувчи битимни ратификация қилдилар. Ўшандан бери Фарғона водийсидаги анклавлар чегарасидаги аҳвол кўп маротаба ўзгариб келган. Шу билан бирга, чегарадан ўтиш атрофидаги қийинчиликларга қарамай, ўзбекистонлик ва қирғизистонлик баъзи зиёратчилар ҳамон Қурбонкўлни муқаддас дея билиб, Шоҳимардонга зиёратга бориб турибдилар.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / “Фарғона”

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ