Шу йилнинг март ойи сўнггида номаълум шахслар томонидан калтакланган тошкентлик блогер Миразиз Базаров ҳужум уюштирган шахсларга нисбатан бошқа модда қўлланилишини сўради. Базаровнинг адвокати Сергей Майоров шу тўғрида аризани («Фарғона» ихтиёрида мавжуд) пойтахт прокурорига топширди.
«2021 йил 28 мартда менга қасддан оғир шикаст етказган жиноятчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси ўрнига («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш») ЎзР ЖК 155-моддаси 2-банди («терроризм») қўлланишини сўрайман. Унда, жумладан шундай дейилади: Ҳаётга тажовуз қилиш, тан жароҳати етказиш… жамоат арбобига …, нисбатан содир этилган… мақсадида жамоатчилик ишларини олиб бориш… қаршилик кўрсатиш… жамоатчилик ишларига, — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади. 28.03.2021 да менга ҳужум қилган шахсларнинг жамоатчилик (блогерлик) фаолиятимга қаршилик кўрсатиш мақсадида менга тан жароҳати етказганини ЖК 115-моддаси, 2-банди билан баҳоланиши лозим, — деб ёзади Базаров.
Базаров, шунингдек, унга ва япон, корейс маданиятини севадиган одамларга нисбатан «туҳмат маълумотларни тарқатган» ва «нафрат ҳиссини қўзғатган» блогерларга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини сўрайди. Зеро, Базаровга кўра, бу омиллар Тошкент марказида тартибсизликнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.
«Шунингдек, Тошкент ИИББ ва Ўзбекистон республикаси ДХХ томонидан менга, япон ва корейс маданияти ишқибозларига нисбатан юқорида номи тилга олинган блогерларнинг таҳдид қилаётгани ва нафрат тарқатаётганига доир аризамни қабул қилинмагани сабабини тушунтириб беришингизни сўрайман.
Шунингдек, ИИББ матбуот хизматининг 28.03.21 А.Темур ҳиёбонида юз берган ҳодисаларни, унинг келиб чиқишига сабаб бўлган радикал исломчи блогерлар маълумотларига таяниб ёритганини текширишингизни сўрайман. Бундан ташқари, шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати ўз хабарида менга нисбатан туҳмат маълумотларни ва ҳатто блогерларнинг менга нисбатан ишлатган ИГИЛ (ИД, «Ислом давлати»— РФда тақиқланган террорчи ташкилот — таҳр. изоҳи) террорчи ташкилотининг видеоролиги кадрларидан фойдаланган. Блогерлар ИГИЛ роликларидан фойдаланиш орқали уларни ва радикал исломчиларни қўллаб-қувватлаётган бўлади. Тошкент ИИББ позицияси ИГИЛ ва радикал исломчиларни ёқлаётган блогерлар позицияси билан ҳамоҳанг эканда, деган тушунча пайдо бўлади», — деб ёзади Базаров.
У прокурордан белгиланган муддатда аризаси билан танишиб чиқишни, рад қилинган чоғда, бу ҳақда расман жавоб беришини сўраган. «Расман рад жавоби мен учун айрим мансабдор шахсларга (кейинчалик Ўзбекистонни террорчиликни қўллаб-қувватлайдиган давлатлар рўйхатига киритган ҳолда) нисбатан иқтисодий ва бошқа санкциялар қўлланиши жараёнини ёқлашга зарур», — дея ойдинлик киритади Базаров.
Тошкентлик блогер 28 март куни калтакланган. У мияси чайқалган ва оёғи синган ҳолда шифохонага ётқизилган. Бундан олдин Базаров унга нисбатан таҳдидлар бўлаётгани ва интернет тармоғида унинг уй манзили берилгани тўғрисида шикоят қилган.
29 март куни Тошкент ИИББ Базаровнинг калтакланиши юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Дастлаб тергов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 105-моддаси, 2-банди билан («Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш») бошланди, кейинчалик у оғирроқ моддага алмашилди. 30 апрелда маҳкама тергов ишлари изчил олиб борилаётгани тўғрисида ҳисобот бериб, ҳужум қилган шахслардан бирининг фотороботини тақдим этди. Тергов тўғрисида бошқа маълумотлар берилмади.
Базаров фамилияси яна иккита жиноий ишда келтирилади. Биринчи жиноий иш 2021 йил 28 март куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан 28 март куни Амир Темур ҳиёбонида юз берган безорилик бўйича қўзғатилган. Бу куни ҳиёбонда кей-поперлар (замонавий корейс қўшиқлари ишқибозлари) ва анимешниклар (япон анимация фильмлари фанатлари) йиғилиши керак бўлган ва бу таклиф мазкур икки ҳаракат етакчилари томонидан берилган. Ҳиёбонга агрессив кайфиятда, таёқлар билан қуролланган йигитлар кела бошлайдилар ва улар «Аллоҳу акбар!» дея қичқирадилар. Адвокат Сергей Майоровга кўра, ҳиёбонда ЛГБТ вакиллари учрашуви тўғрисидаги ёлғон хабар бир неча блогерлар томонидан тарқатилган. Улар мазкур учрашувнинг ташкилотчиси сифатида Базаровни эълон қилишган, гарчи Миразиз бунга дахлдор бўлмасада. Мазкур жиноий иш бўйича у гувоҳ сифатида иштирок этмоқда.
Иккинчи иш— туҳмат тўғрисида бўлиб, у Тошкент шаҳрининг №110 мактаб ўқитувчилари аризаси (TikTokдаги ролик сабаб) ва интернетда Базаровга қарши таъқибларни бошлаган Аброр Абдуазимов (Аброр Муҳтор Алий), Шуҳрат Мусаев ва Абусолиҳ Салимов (AbuSolih Fox) каби блогерларнинг аризасига нисбатан очилган. Блогерларга кўра, Базаров ўз роликларида уларни ДХХ билан алоқа қилишларини айтган.
29 апрелдан Базаровга нисбатан уй қамоғи чораси қўлланилган. У бошқалар билан мулоқот қилишдан, телефон ва интернетдан фойдаланишдан четлатилган.