Оқизиб юборилган ҳаёт

Сардоба сув тошқини туфайли одамлари уйларидан маҳрум бўлган Оқолтин туманида нималар содир бўлаётгани ҳақида
Сув тошқинидан жабрланган посёлкада. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида кенг кўламли сув тошқинини келтириб чиқарган Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилгнанига ҳам деярли 20 кун бўлди. Бугунги кунда бу вилоятнинг Оқолтин туманидаги шикастланган ва бутунлай вайрон бўлган уйларнинг эгалари қандай аҳволда яшаяптилар, уларга қандай кўринишдаги компенсациялар тўланди ва келажакда нималарга умид қилаётганлари ҳақида – “Фарғона” репортажида ўқинг.

Биз 18 май куни эрта тонгда Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги (маъмурий маркази – Сардоба посёлкаси) Садвин посёлкасига етиб келдик. У Сардоба сув омборидан аттиги 10 чақирим масофада жойлашган бўлиб, бу ерга етиб боргунимизга қадар йўлда турган ИИВ ходимлари бизнинг автомашинамизни бир неча бор тўхтатдилар. Бироқ ҳар сафар бизнинг журналист эканлигимизни билган заҳоти қўйиб юборишарди.

Садвинда кўзимиз лойга ботган далалар ва йўлларга тушди (майдонларнинг каттароқ қисмидан тортиб олинган сув маҳаллий каналга оқизиб юборилгани боис, тўлиб-тошиб, қирғоғидан чиқиб кетган экан). Бетондан қурилган уйларнинг ярмидан кўпи омон қолган, ҳар ҳолда сув тошқини пайтида посёлкада сув ер сатҳидан бир ярим метр кўтарилган эди. Бироқ деворлари хом ғиштдан барпо этилган уйларнинг аксарияти бутунлай вайрон бўлган. Уларнинг бетон пойдеворлар бузилмай қолган, холос.

Сув оқизиб кетган автомобиль. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Шу ерда айтиб ўтиш жоиз, лой, сомон ва мол тезагини аралаштириб қуйилган ва ғиштхумдонда пиширмай, фақат қуёшда қуритилган хом ғишт сув таъсири остида нисбатан осон бузилади. Бироқ шунга қарамай, турар жой бинолари ва молхона қурилишларида ҳамон хом ғиштлар ишлатиб келинади, бунинг сабаби эса уларнинг арзонлигида, холос. Бундай ғиштдан кўтарилган деворлар қор ва ёмғирга чидамли бўлгани билан, сув тошқинига асло дош бермайди.

Биринчи навбатда биз Садвин посёлкасида (собиқ Мусамуҳаммедов совхози) истиқомат қилаётган аҳоли вакилларини сўроққа тутдик. Эр-хотин пенсионерлар Комил Абдураҳманов ва Сайёра Маликова яшайдиган бетондан барпо этилган ва ўзларининг фикрича айни фурсатда камида 30 минг доллар турадиган уч хонали уй қисман вайрон бўлган. Улар пол ва томнинг бутун қолган тахталарини эҳтиёткорлик билан ерга тахлашаётган экан.

Суҳбатдошларимизга кўра, сув тошқинидан бир кун олдин бало келишига ҳеч нарса ишора қилмаган экан. Бироқ 1 май куни эрталаб соат 7 да уларни ИИВ ходимлари уйғотиб, тезда уйларини тарк этишларини сўрашган. Шоша-пиша кийиниб, паспортларини олганича кўчага югуриб чиққанларида, уларнинг оёқлари тўпиғигача сувга ботиб қолган экан. Сув жуда катта тезлик билан бостириб келаётган эди. Шундан сўнг Миллий гвардия хизматчиларининг ёрдамида уйларидан энг қимматли рўзғор буюмлари ва кийимларидан баъзиларини олиб чиқиб, ўзларининг хусусий машиналарига юкладилар ва тезда посёлкани тарк этдилар.

Сув тошқини туфайли бутунлай вайрон бўлган уй тепасида турган Садвин посёлкаси одамлари . Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Абдураҳмановга кўра, фалокат юз бергунига қадар унинг оиласи жуда яхши ҳаёт кечириб келган: уйда чорва моллари, сабзавот ва мева етиштирадиган каттагина томорқалари бўлган. Уларга қарашли тўққизта сигирдан учтаси ҳаром ўлди, олтитаси посёлка бўйлаб тарқаб кетди. Кейинроқ уларни топиб, Садвиндан 25-30 чақирим нарида жойлашган Т.Аҳмедов номли посёлкада яшайдиган Абдураҳмановнинг қариндошлариникига юборишган. Энди қариндошлари ҳар куни сигирларни ўтлатгани далага олиб чиқишмоқда. Умуман олганда, Оқолтин туманида жуда кўп миқдорда йирик шохли ва майда туёқли чорва моллари ҳалок бўлди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг маълумотига кўра, Сирдарё вилоятида сув тошқинидан 30 минг бошдан зиёд уй ҳайвонлари нобуд бўлган.

“Ўша заҳоти ўлган молларни даштга олиб чиқиб кўмиб келдилар, — дейди Абдураҳманов. – Майиб бўлган молларни ҳарбийлар ўқ отиб, яъни ўлдириб, уларни ҳам кўмгани олиб чиқиб кетишди”.

Маҳаллий расмийлар бу оилага 1 сентябргача қуриб битказиладиган 2640 квартирали 66 та беш қаватлик уйлардан бирига кўчиб келишни таклиф қилдилар. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев уларни Ўзбекистон Мустақиллиги кунигача қуриб битиришга ваъда қилган. Бироқ Абдураҳманов ва Маликова ўзларининг уйларини қайта тиклаш имконияти борлиги учун таклиф этилган ушбу текин квартиралардан воз кечдилар. Расмийлар бунга рози бўлдилар, уй давлат ҳисобидан таъмирлаб бериладиган бўлди. Бундан ташқари, давлат уларга қандай уй беришлари номаълум, ўзларининг уйлари эса катта ва қулай, боз устига чорвалари ва томорқалари бор. Квартирада эса улар олдин ҳеч қачон яшамаганлар, яъни бу ерда ерга, деҳқончиликка кўнгил деган омил ҳам ўз ролини ўйнамоқда. Бундан ташқари, уларнинг таъмирлашга сарфланадиган харажатларини (дераза, пол ва томни қайта тиклаш) давлат қоплаб берадиган бўлган, эр-хотиннинг пластик картасига 40 миллион сўм (4 минг АҚШ долларига яқин) пул ўтказиб берилади (айни пайтда посёлкада фақат бюджет ташкилоти ходимлари пластик карталардан фойдаланадилар, пенсия ва нафақалар нақд пул кўринишида тарқатилмоқда). Яна янги маиший техника беришар экан. Ҳар ҳолда шуни ҳам уларга ваъда қилишган.

Сув тошқинидан шикастланган уй. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

“Бизга квартиранинг нима кераги бор, ахир ўзимизнинг уйимиз борку, унда деярли 49 йилдан бери яшаб келамиз, — дея давом этади Абдураҳманов. – Янги уйлар қуриладиган жойда иш бўладими ёки йўқми, номаълум. Бу ерда сигирларим бор, томорқам бор, олаётган пенсиямга анча далда бўляпти. Бутун қолган тахталардан эса, мисол учун оғилхона қуришимиз мумкин. Янги квартирада нима иш билан шуғулланишим мумкин бўлади?”

Абдураҳмановлар оиласи ҳозир вақтинча Мирзаобод туманида, ўз фарзандларининг уйида яшаяпти. Уч хонали бу уйда ҳозир учта оила, шу жумладан, Садвиндаги қўшнилари билан жами 13 киши яшаяпти. Ҳаммалари ерга кўрпача солиб ухлашади. Бу кўрпачаларни лоқайд бўлмаган тошкентликлар хайрия ёрдами тариқасида Наврўз тумани маъмурий марказига етказиб беришган. Ушбу туманга кўчириб келинган одамларнинг умумий рўйхатига асосан ҳар бир оилага бир неча кунда бир мартадан озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиб беришади, улар эса ўзлари истаганича ўзларига таом тайёрлайдилар. Бундан ташқари, кўчириб келинган ҳамма садвинликларни энг зарур кийим-кечак тўплами билан таъминлаганлар.

Ўзи ва оиласи ҳақида ҳикоя қилиб берган Абдураҳманов бизни 22 ёшли ҳамқишлоғи Жавоҳир Ҳамдамовнинг бутунлай вайрон бўлган уйининг олдига етаклаб келди.

Сув тошқинини бошидан кечирган посёлкада Андрей Кудряшов фотосуратлари, «Фарғона"

“Ўзининг хом ғиштдан кўтарган уйини икки йил давомида қуриб битказди ва кўчиб кирди ҳам, эндигина кадастр ҳужжатларини расмийлаштирмоқчи бўлганида, карантин бошланиб қолди ва ҳамма ташкилотлар ўз фаолиятини тўхтатиб қўйди. Бир оғиз сўз билан айтганда, улгурмади. Буёқда эса сув тошқини балоси ёпирилиб келди. Мана энди уйдан қолгани шу нарсалар, холос”, — дейди Абдураҳманов сув остида қолган бетон пойдеворни кўрсата туриб. Унга кўра, уйидан айрилиб қолган Ҳамдамов ўша заҳоти Тошкентдаги қариндошлариникига жўнаб кетган.

Яна битта бутунлай вайрон бўлган уйнинг олдига яқинлашдик, у ерда уй эгалари бутун қолган қурилиш материалларини ернинг қуруқ жойига тахлашаётган экан.

Оиланинг отаси – 80 ёшли Қўшмурод Анарбаев билан суҳбатлаша туриб, 1 май куни эрталаб уни ҳеч ким уйғотмагани, унинг ўзи эрта туришга одатлангани ва соат олтидан ўтганда ҳовлига чиқиб, қўшниларининг маҳалла бўйлаб югуриб юришганини кўриб қолганини билиб олдик. Пенсионер улардан сув тошқини бошланаётганини билиб қолган. У ўғли Равшан ва келини Санобарни уйғота бошлади. Апил-тапил кийинган ҳолда улар ўзларининг машиналарига ўтириб, посёлкани тарк этдилар ва шошилинчда ҳатто паспортларини олишни унутиб қўйдилар. Уйда бир мунча пуллари ҳам бўлган, аммо улар ҳам худди ҳужжатлар каби уй вайроналари остида қолиб кетди.

Уларнинг беш хонали уйи ҳам ҳудди Жавоҳир Ҳамдамовнинг уйи каби саккиз ой муқаддам хом ғиштдан қуриб битказилган эди. Агар улар ўша пайтда истаганларида уйни 40 минг долларга сотишлари мумкин эди. Бироқ улар уйни ўзлари учун қуришган, катта ер участкали бу уй ўзларига жуда ҳам маъқул бўлган ва ҳеч қаерга кетишни ният қилмагандилар.

Одамлар қолган буюмларини олиб чиқишмоқда. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Пахта ва буғдой етиштириш билан шуғулланувчи “Оҳангарон индорама” компаниясида инженер бўлиб ишлайдиган 48 ёшли Равшан Анарбаев қўшниси Комил Абдураҳмановнинг сув тошқинига қадар ҳеч ким бу каби фалокатнинг содир бўлишини тасаввур ҳам қилмаганлиги ҳақидаги сўзларини тасдиқлади. Унга кўра, айнан шунинг учун ҳам кўпчилик ўз уйларини хом ғиштдан қуришган экан.

Анарбаевлар оиласида сув тошқинигача саккизта йирик шохли қорамол ва майда туёқли чорвалари бўлган. Бир неча кун ўтиб улар ўзларининг иккита сигирларини топдилар, холос. Уларни Мирзаобод туманидаги қариндошлариникига элтиб қўйдилар. Равшанга кўра, Мирзаободда бор-йўғи 10-15 та уй шикастланган, холос. Сув омборининг шундоққина ёнида жойлашган Сардоба туманида эса вайрон бўлмай қолган уйларнинг ўзи саноқли даражада кам.

Равшаннинг айтишича, ўзидан унча узоқ бўлмаган жойда унинг ўғлига қарашли уй ҳам бутунлай вайрон бўлган. Расмийлар олти кишидан иборат бўлган оилага сентяюрь ойига келиб, 66 та янги беш қаватли уйлар қурилиши битганидан сўнг аттиги битта уч хонали квартирани ажратиб беришга ваъда қилганлар. Шу билан бирга, уларнинг иккита вайрон бўлган уйларнинг ҳар бири учун оиланинг пластик карталарига 40 миллион сўмдан пул ўтказиб берилган.

Ҳозир Анарбаевлар Мирзаобод туманида Равшаннинг турмуш ўртоғи бўлган Санобарнинг ота-онаси уйида яшаяптилар. Маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари уларга қандайдир кийим-кечак олиб келиб бердилар ва ҳар икки-уч кунда озиқ-овқатлар – сабзавот, ғалла-гуруч, макарон ва бройлер товуқларини етказиб туришибди.

Анарбаевлар учун уйни йўқотиш – жуда катта фожиа, негаки “квартира бу квартира, уй эса бу уй”.

“Энди ўзим учун қандай қилиб уй қураман, қайси пулга қураман, тасаввур ҳам қила олмаяпман, — дейди оғриқли оҳангда Равшан. – Биз эндигина ўғлимизни уйлантирмоқчи бўлган эдик, энди тўй ҳақида қанақанги гап бўлиши мумкин?”

Равшан келажакда нима қилиб бўлса ҳам ўзига янги уй барпо этиш ниятидан воз кечмаган, бироқ бу ишни қачон амалга ошира олиши номаълум, негаки оладиган ойлик иш ҳақи унчалик катта эмас, давлат берган тўрт минг доллар пул эса уйни қуриб битиришга етмаслиги аниқ. Бироқ расмийларнинг ваъда қилишича, унга ҳамда уйлари бутунлай вайрон бўлган бошқа қўшниларига қарашли ер участкалари яна 30 йил давомида уларнинг тасарруфида қоладиган бўлиб турибди. Равшан бу участкадан томорқа сифатида фойдаланиб, сабзавот ва мева етиштириш ва умуман олганда ўз хоҳишича фойдаланиш, мисол учун дала ҳовлига айлантириб олиши мумкин бўлади.

Фалокатдан сўнг 18 кун ўтганда ҳам сув кетгани йўқ ҳали. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши натижасида 1 май куни Сирдарё вилоятининг учта тумани: Сардоба, Оқолтин ва Мирзаоободда сув тошқини содир бўлди. Мазкур техноген фалокат натижасида олти киши ҳалок бўлди, бир киши дараксиз йўқолган. Сув тошган ҳудудлардан 70 минг киши кўчирилди. Ўзбекистон Бош прокуратураси республика Жиноят кодексининг 207-(“Мансабга совуққонлик билан қараш“) ва 258-(“Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) моддалари бўйича жиноят иши қўзғатди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни жабрланган учта туманнинг ҳаммасини бориб кўриб келди. Давлат раҳбари аҳоли билан учрашув давомида ушбу гидроиншоот нима учун барпо этилганини яна бир бор эслатиб ўтди.

“Албатта баъзи одамлар бу ҳудудда ушбу сув омборини қуриш керакмиди деган саволларни беришлари мумкин. Хўш, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари нега ривожланишдан ортда қолиб кетган? Чунки бу ерда сув йўқ эди, — дея билдирди президент. – Деҳқон ғўзани камида беш-олти марта суғориш кераклигини тушунади. Нега бошқа вилоятларда 40-70 центнердан ҳосил олиб келадилар, бу ерда бўлса 15? Чунки бу ерда ҳатто икки марта ҳам суғоришнинг имконияти бўлмаган. Иккинчидан, илгари бу ерда биз такрорий экинларни экишимиз мумкинмиди? Ахир сув йўқ эдику. Шунинг учун ҳам 2010 йилда ушбу сув омборининг қурилиши тўғрисидаги қабул қилинган қарор тўғри эди”.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона"

Сид Янишев

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ