Мангистау вилоятида Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучларининг машғулотлари вақтида бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни денгиз оқизиб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, тўққиз киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда республика Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Ҳодиса 24 сентябрь куни Каспий денгизи соҳилида ўқув-жанговар вазифани бажариш вақтида содир бўлган. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, фавқулодда ҳодисага об-ҳавонинг кескин ёмонлашуви ва шамолнинг кучайиши сабаб бўлган.
Жами 19 нафар ҳарбий хизматчи денгизга оқиб кетган. Уч нафарини қутқаришга муваффақ бўлинган, улардан бири касалхонага ётқизилган. Қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.
Қидирув-қутқарув операциясида Ҳарбий-денгиз кучлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари, авиация ва бошқа хизматлар иштирок этмоқда.
Ҳодиса тафсилотларини аниқлаш ва қидирув операциясини мувофиқлаштириш учун Мудофаа вазирлиги комиссияси авиация генерал-лейтенанти, вазир Даурен Қосанов бошчилигида Мангистау вилоятига йўл олди.
Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинларига таъзия билдирган ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига зарур ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.
Республика Бош прокуратураси ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлиши факти бўйича жиноий иш қўзғатилгани ва тезкор-тергов гуруҳи тузилганини хабар қилди.
Қозоғистоннинг Каспий денгизидаги секторида «Хазар қорғаны-2026» машғулотлари 22 сентябрь куни бошланган. Хабарларга кўра, уларда 500 дан ортиқ Ҳарбий-денгиз кучлари ҳарбий хизматчилари, жанговар кемалар экипажлари, соҳил бўлинмалари, шунингдек, Қирғоқ қўриқлаш ва ҳаво мудофааси кучлари иштирок этган.
Шунга ўхшаш ҳодиса 2015 йилда ҳам содир бўлганди: Каспий денгизидаги машғулотлар вақтида тўртта БТР-80 чўкиб кетган ва тўрт нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Тергов натижаларига кўра, бир нечта офицер қамоқ жазосига ҳукм қилинган.



