Каъба ва бўшлиқ

Исломнинг муқаддас шаҳарларига зиёратлар нега чеклангани ёки бекор қилинганлари ҳақида
КАЪБАНИНГ АТРОФИДА БЎШ ҚОЛГАН МАЙДОН . AL-JAZEERA ТЕЛЕКАНАЛИДАН ОЛИНГАН КАДР

Ислом дини учун муқаддас саналган икки шаҳар – Саудия Арабистонида жойлашган Макка ва Мадинани бу йил мусулмонлардан жуда ҳам озчилиги зиёрат қила олади. Сабаби – мамлакатда коронавирус тарқалиши муносабати билан қабул қилинган чеклов чоралари бўлиб қолмоқда. “Бу йил ҳаж мавсумини Саудия Арабистони қироллигида истиқомат қилаётган турли миллат вакилларидан бўлган жуда ҳам чекланган миқдордаги иштирокчилар билан ўтказишга қарор қилинди”, — дейилади одатда зиёратчиларга виза бериш билан шуғулланадиган Ҳаж вазирлигининг баёнотида. Шу билан бирга, вазирлик қанча одамга ҳаж зиёратини адо этишга рухсат берилиши тўғрисида аниқлик киритмагани ҳам рост. Шундай қилиб, айни пайтда Саудия Арабистони Қироллигидан ташқарида қолган чет эллик фуқаролар бу йил Макка ва Мадинага бора олмайдиган бўлиб қолдилар.

Маккадаги зиёратчилар . Pixabay.com сайти фотосурати

Ҳар йили икки миллиондан зиёд одамлар, шу жумладан, чет эллардан келаётган ҳожилар ҳаж зиёратини бажарадилар. Мисол учун, 2019 йилда муқаддас шаҳарларни 2,5 миллион мусулмонлар зиёрат қилди. Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган чет эллик фуқароларнинг аксариятини Афғонистон, Судан, Покистон, Миср ҳамда ҳиндистонлик мусулмонлар ташкил этадилар. Улар асосан қишлоқ хўжалиги соҳасида, қурилишларда, хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлайдилар. Афтидан айнан улар жорий йилда Ҳаж вазирлиги томонидан Макка ва Мадина зиёратига рухсат берилган чет эллик фуқаролар бўлиб қоладиганга ўхшайдилар.

Ислом тарихида ҳаж бир неча бор қолдирилган. Бунга урушлар, эпидемиялар ва диний келишмоқчиликлар сабаб бўлган. Ҳатто ҳаж йўналишини тубдан ўзгартиришга уринишлар ҳам бўлган. Макка ва Мадинага ҳаж зиёратлари жами 40 марта бекор қилинган.

Макка учун урушлар

Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) вафотларидан 60 йил ўтиб 692 йилда шаҳарни Ҳажжож ибн Юсуф қамал қилгани боис, Макка зиёрати тўхтаб қолди. Шаҳарни қамалга олиш март ойида бошланди. Муқаддас шаҳар Уммавийлар ҳалифалигига қарши кўтарилган исённинг марказига айланиб қолди. Қўзғолонга пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг саҳобаларидан бири бўлмиш Абдуллоҳ ибн Зубайр (р.а.) бошчилик қилди. Унинг ўзи барча мўминларнинг амири лавозими бўлмиш ҳалифаликка даъвогар эди. Аввалига ибн Зубайрнинг омади юришди. Унга нафақат Макка ва Мадина, балки бошқа кўплаб мусулмон вилоятларининг аҳолиси байъат бера бошладилар.

Унга қарши Арабистоннинг Ат-Тоиф шаҳридан бир неча минг кишилик қўшинни етаклаган саркарда Ҳажжож ибн Юсуф юриш бошлади. Макка қуршаб олинди. Исёнчиларнинг устига манжанақлардан тош ёғдира бошладилар. Тошлардан баъзилари муқаддас Каъба жойлашган Масжидул-Ҳаром ҳудудига ҳам келиб тушди. Қамалда қолган аҳолининг зиёратчилар ҳаж амалини бажара олишлари учун бир неча бор сулҳ тузиш тўғрисидаги таклифларига қарамай, Ҳажжож жангавор ҳаракатларини тўхтатмади. Етти ой давом этган қамалдан сўнг Уммавийлар қўшинининг навкарлари шаҳар ичига кириб келдилар, бунгача ибн Зубайр тарафдорларидан кўпчилиги, шу жумладан, ўғиллари ҳам қочиб кетишган эди. Исёнчилар раҳнамоси сўнгги нафасигача жанг қилди ва пировардида ўлдирилди. Унинг жасадини бошқа исёнчиларга ибрат бўлиши учун Макка дарвозасига михлаб осиб қўйдилар.

Х асрнинг биринчи ярмида Баҳрайн оролидаги карматлар мазҳабидаги шиаларнинг давлати кучайиб кетиб, ҳожиларнинг карвон йўлларида мунтазам қароқчилик рейдларини амалга ошира бошлади. 930 йилда карматларнинг доҳийси Абу Тоҳир Ал-Жаннабий Макка шаҳрига зиёратга боришни маъжусийларга хос ширк амал деб эълон қилди. У Маккани қўлга олиб, Каъбадаги муқаддас “Ҳажарул-асвад” тошини олиб чиқиб кетди ва бир неча бўлакларга майдалаб ташлади. Минглаб мусулмонлар ҳужум давомида ўлдирилдилар, уларнинг жасадларини эса муқааддас Замзам қудуғига ташладилар. Ғолиблар Масжидул-Ҳаромни талон-тарож қилдилар. Қайтадан ҳаж маросимларини адо этиш имконияти эса 951 йилда туғилди. Ўшанда катта товон пули эвазига “Ҳажарул-асвад” тоши Каъбага қайтарилган эди.

Маккадаги бўш майдон, 1907 йил . Wikimedia Commons сайти фотосурати

983 йилдан 991 йилгача аббосийлар ва фотимийлар ҳалифаликлари ўртасидаги ўзаро урушлар туфайли ҳаж зиёратларини адо этишнинг имконияти бўлмади.

1183 йилда салбчи Рено де Шатильон қўшини Исломнинг юрагига қадар бостириб кириш учун Қизил денгиз соҳиллари бўйлаб рейд ўтказа бошлагани учун муқаддас шаҳарларга зиёрат қилишнинг иложи бўлмай қолди. Де Шатильон салбчиларнинг энг таниқли намояндаси эди, у Трансиорданиянинг ҳукмрони бўлиб, лорд унвонига эгалик қиларди. Трансиордания салбчилар давлатининг жанубий чегарасида жойлашган эди. Шатильон лорд унвонига эга бўлгунига қадар ўн беш йил давомида Ҳалаб шаҳрида мусулмонларнинг қўлида асирликда бўлган. Тутқунликда у араб тилида сўзлашини ўрганиб, Исломнинг барча нозик жиҳатларини ўзлаштириб олган. У айнан тактик амалиётлари билан шуҳрат қозонган: тезкорлик билан ҳужум қилиш, душманни енгиш ва жанг майдонидан ўз вақтида қочиб қолиш. У Макка ва Мадина йўналишларида ҳам айнан шундай амалиётларни қўллашни режалаштирган эди. Айрим маълумотларга кўра, довюрак салбчи Мадинадан пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) нинг муборак жасадларини ўғирлаб, ўзининг мулкига олиб кетишни ва шундан кейин пайғамбарни зиёрат қилгани келадиган зиёратчилардан пул ундиришни кўзлаб юрган экан. Ваҳоланки, бунгача ҳам бадавий араблар, ўзлари мусулмон бўла туриб, ўз ерларидан ўтадиган ҳожилардан йўл пул ундириш амалиётини қўллаб келишларини қайд этиш жоиз. Шундай қилиб, Де Шатильон уларнинг бизнесини тортиб олмоқчи бўлган холос, деган хулосага келиш мумкин. Бироқ мусулмонларнинг денгиз флоти ўша 1183 йилда салбчиларни тор-мор этишга эришди ва бу билан Макка ва Мадина қулашининг таҳдиди бартараф этилди.

Вабо ва терроризм

1831 йилда Маккада вабо эпидемияси бошланиб кетганидан сўнг ҳаж зиёрати тўхтатиб қўйилди. Касалликни Жанубий Осиёдан келган зиёратчилар олиб кирдилар. Маккадаги зиёратчиларнинг тахминан тўртдан уч қисми ҳалок бўлганидан кейин, ҳаж зиёрати тўхтатиб қўйилди. Шундан кейин ҳам кам деганда икки марта ҳаж зиёратлари вабо тарқалиши туфайли тўхтатиб қўйилган эди.

1845 йилда бу касалликнинг Маккада авж олиши натижасида 15 минг мусулмон ҳалок бўлдилар, вабо эпидемиясини фақат 1850 йилда бартараф этишга эришилди.

Вабо 1858 йилда иккинчи марта авж олганида зиёратчилар Қизил денгизнинг Мисрдаги соҳилида жойлашган вақтинчалик карантин лагерига бориб туришга мажбур бўлдилар. 1831 йилдан 1912 йилгача Маккада вабо эпидемияси жами 27 марта содир бўлган.

Маккадаги зиёратчилар . Wikipedia.org сайтида жойлаштирилган Ali Mansuri фотосурати

ХХ асрда Исломнинг муқаддас шаҳрига асрнинг рамзларидан бирига айланган янги “эпидемия”си бўлмиш терроризм ташриф этди. 1979 йилнинг ноябрида Жуҳайман ал-Утайбий бошлиқ диний радикаллар гуруҳи Масжидул-Ҳаромга ҳужум қилиб, уни эгаллаб олди. Утайбий ва унинг издошлари қироллик “вестоксикация” – ғарб маданияти зарарли таъсирининг қурбонига айланди, деб ҳисоблашардилар. Ал-Утайбийнинг тарафдорларидан бирини Маҳдий деб эълон қилдилар. Террорчилар масжиднинг барча 25 та дарвозаларини ёпиб қўйиб, ёки сўнгги нафасгача давом этадиган жангни ва ёки бўлмаса, халқнинг қўзғолон қилиб кўтарилишини кутишар эди. Ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлиш учун улар масжид минораларига снайперларни ўтқазиб қўйдилар. Қироллик армияси бир неча соат ўтиб ибодатхона мажмуасини қуршаб олди. Бироқ ишғол қилишга буйруқни, дея ёзади ўзининг “Қироллик ичкарисида (қироллар, уламолар, модернистлар, террористлар ва Саудия Арабистони учун жанг)” дея аталувчи китобида британиялик тадқиқотчи Роберт Лейси, фақат Ар-Риёдда шошилинч тарзда йиғилган Уламоларнинг олий кенгаши бера олар эди, холос. Негаки, Исломнинг энг асосий масжиди ҳудудида ҳар қандай қуролнинг қўлланиши тақиқланган. Тегишли фатво шошилинч тарзда эълон қилинди ва қироллик махсус тайинланган бўлинмаси (спецназ) тунги ҳужумни амалга оширди. Террорчилар улардан ҳам маккорроқ чиқиб қолдилар: улар битта дарвозани очиб қўйдиларда, аскарларни отиб ташладилар. Ҳукумат ўзининг ўнлаб ҳарбий хизматчиларидан айрилди. Саудия Арабистони ёрдам сўраб Франция ва Покистонга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Янги ишғол этиш операциясида зирҳли техника ишга солинди. Масжид остидаги тунелларда яширинган террорчиларга қарши Франциядан келтирилган фалаж қилувчи газни қўлладилар. “Саудиянинг ҳужумчи бўлинмаларига кишининг тинкасини қуритадиган ишларни бажаришларига тўғри келди. Улар противогазларни тақиб олишиб, катакомбаларнинг жирканч зулумотлари қаърида оралаб, газ қамалган канистрларни улоқтириб юрдилар ва шундан сўнг заҳарли буғлар орасидан олға қараб ҳаракатландилар”, — дея ёзади Масжидул-Ҳаромни террорчилардан тозалаш жараёнини таърифлаган Роберт Лейси. 117 нафар террорчилар ўлдирилди, 68 киши, шу жумладан, ал-Утайбий асирга олинди. Ҳукумат қўшинларидан 127 нафар харбий хизматчи ҳалок бўлди ва 451 киши яраланди. Саудия шаҳзодаларидан бирига кўра, Масжидул-Ҳаромнинг яқиндагина таъмир этилгани ҳужум ишларини қийинлаштириб қўйди. Таъмирлаш ишларини Бин Лодинлар оиласига қарашли қурилиш фирмаси бажарган эди. Таъмирлаш ишлари жуда ҳам сифатли бажарилгани боис, айрим тўсиқ ва деворларни бузиш ниҳоятда қийин кечди.

Масжидул-Ҳаром 1980 йилда қайта таъмирланиб тикланганидан сўнг Макка ва Мадинада ҳаж ва умра зиёрати жорий йилгача мунтазам равишда ўтказиб турилди. Ҳозирча Саудия Арабистонида коронавирус атрофидаги вазият жуда ҳам мураккаблигича қолмоқда (мақоланинг рус тилидаги матни чоп этилган пайтда у ерда 164 минг киши инфекцияни юқтириб олишган, 1346 нафар беморлар ҳалок бўлган ва бир сутка ичида касалликка чалинишнинг 3139 та янги ҳолатлари аниқланган эди). Қироллик ҳукумати ҳозирча мамлакат чет эллик зиёратчилар учун қачон очилиши мумкинлиги ҳақида бирор фикрга келишдан ожиз бўлиб қолмоқда.

Александр Рибин

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ