Ўзбекистонда ёзнинг ўртасида коронавирус билан касалланиш ўсишининг кунлик кўрсаткичлари сезиларли даражада кўтарилиб кетди, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар миқдори ҳам анча кўпайди. Ва натижада, COVID-19 пандемиясининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси гайкаларни қаттиқ қотиришдан иборат курашнинг ота-боболардан қолган эски, бироқ ишончли усулига қайтишга қарор қилди. Ана, аҳолининг жилови бўш қўйилганди, санитария меъёрларига риоя қилмай қўйдилар, шунинг учун карантиннинг қатъийлаштирилган чораларини қабул қилаверинг, дегандек бўлди.
Республикада 10 июлдан 1 августгача яна қайтадан буюм бозорлари, йирик савдо дўконларининг фаолияти тўхтатилди, тўйлар ва бошқа турдаги кўнгилочар тадбирлар тақиқланди, соғломлаштириш-марказлари, болалар боғчалари ва лагерлар ёпилди. Умумий овқатланиш корхоналари яна фақат етказиб бериш бўйича ишлай бошлади. Қарияларга кўчага чиқмай уйда қолишлик амр этилди. Шахсий автотранспортда шаҳарларда фақат иш кунлари ҳамда эрталаб ва кечки пайтлари уч соатдан ҳаракатланишга рухсат берилди. Бу тақиқлар фақат кўпчилик унутишга улгурган махсус стикерлари йўқ машиналари ва такси бўлмаган автомобиллар учун. Киракашлар бу қарордан хурсанд: улар салоннинг ҳайдовчи билан йўловчилари ўртасига қўйиладиган пленка қўйишга анча харажат қилиб қўйганларини баҳона қилиб, нархларини кескин кўтариб юбордилар. Мамлакатни рангли тоифаларга бўлиш тизими ҳам ўзини оқламади. Бундан бери бутун Ўзбекистон хавфлилик даражаси юқори бўлган қизил зонага айланди. Чекловларнинг кучайтирилиши мансабдор шахслар ҳамда давлат ташкилотлари раҳбарларига таъсир қилмади, холос. Уларга, мисол учун ўз машиналарида хоҳлаган пайтда ҳаракатланишлари учун стикерлар талаб қилинмайди, жуда керак бўлганда эса карантин қоидаларини бузсалар ҳам ҳеч ким индамайди.
Карантин қоидалари инсоннинг конституциявий ҳуқуқларини бузмаяптими? Мисол учун, эркин ҳаракатланишга оид ҳуқуқини? Айрим фуқаролар томонидан берилаётган ушбу саволга Адлия вазирининг ўринбосари Музраф Икромов жавоб беришга уриниб кўрди. Вазирлик мулозимига «қонун билан белгиланган чекловлардан ташқари» деган ибора қўл келди. Бу ҳолатда ҳаракатланишга тақиқ қўяётган «Аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида» қонун Конституция олдида устиворликка эга чиқаётган бўлиб қолар экан. Бундан ташқари, юрист ҳукуматнинг карантин жорий қилиш ихтиёри бериб қўйилган комиссияларни тузиш ҳуқуқини қонуний деб топди. «Комиссиянинг ваколатлилиги ҳамда унинг чекловчи характердаги қарорларни қабул қилиш ҳуқуқи борасида саволлар таги пуч ва юридик асосга эга эмас», дея билдирди Икрамов.
Тирик қолиш бўйича йўриқнома
COVID-19 эпидемиясига қарши кураш бўйича штаб вакили Ҳабибулла Ақилов кейинроқ изоҳ берганидек, қатъий карантин пандемия даврида ҳам жисмонан ва ҳам руҳан толиққан шифокорлар учун керак бўлиб қолган. Аввали бошдан тиббиёт ходимлари ҳукуматдан чекловчи чораларни 28 кунга ўрнатишни сўрагандилар (икки инкубациявий давр, ҳар бири 14 кунга тенг), бироқ 20 кунга келишдилар.
Ақиловга кўра, агар инфекция юқтирганларнинг сони кунига мингтагача етса, унда республика соғлиқни сақлаш тизими тўла парокандаликка дуч келади. Касалларни даволашга жой қолмайди. Ва ҳаммаси шунга қараб кетмоқда. Мисол учун, 13 июль куни антирекорд ўрнатилди – бир суткада COVID-19 юқтиришнинг 594 та янги ҳолати аниқланди. Бу йилги ёз мавсумида эришиладиган «ютуқларнинг» охиргиси эмасдек туюлади.
Расмийлар аҳолининг тест синовларини ўтказишга талабини қондира олмасликларини тан олдилар. Агар илгари таҳлилларни беш-олти соат ичида бажарган бўлсалар, ҳозир бунга бир ҳафта ҳам камлик қиляпти. Оқибатда тест натижаларини кутаётган бемор изоляцияда қолмай, атрофдагиларга вирусни юқтириши мумкин. Бозор қонуниятига кўра, талаб бўлса, таклиф ҳам топилади. Тошкентда ишни кўзини билган фуқаролар COVID-19 инфекциясини аниқлайдиган экспресс-тестларни сотишни бошладилар (ҳомиладорликни аниқлайдиган тестларга ўхшаш). Хитойники 4, жанубий кореяники эса 16 АҚШ долларидан сотиляпти. Бироқ уларнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги тасдиқланган эмас.
Аслида эса тибиёт ходимларига тушаётган юкламани енгиллатиш 5 июлдан бошланган, ўшанда симптомсиз беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилганди. Улар устидан нафақат оқ халатли одамлар, балки ИИВ, Миллий гвардия ва Маҳалла вазирлиги ходимлари ҳам назорат қилишлари кўзда тутилганди. Бироқ қоидаларга ҳамма вақт ҳам риоя қилинавермайди. Коронавирус қурбонларидан бирининг (Тошкентнинг Чилонзор туманида вафот этган 76 ёшли аёл) қўшнилари кўп қаватли уйда коронавирусдан зарарланган бемор борлигини билмаганларини маълум қилдилар. Уни касалхонага олиб кетмадилар, қариндошларини ҳам (ўн киши) карантинга олмадилар, бемор вафот этганидан кейин СЭС бир марта дезинфекция ўтказиб кетди, русларнинг одаги бўйича меҳмонларга хотира зиёфати (поминка) ва ҳоказолар ўтказилди. Участка нозири ва миллий гвардия қоидабузарликларни эътибордан ташқарида қолдирди. Яъни, кўп хонадонли уйда истиқомат қилаётган аҳоли хавфли ҳудудда бўлишлари юзасидан ҳеч кимнинг иши ҳам бўлгани йўқ.
Карантин ҳудудларида эса кучларни қайта группалаш амалиёти ўтказилди. «Ўртасарой» махсус лагерининг кўплаб турғунларини уй-уйларига қўйиб юбордилар ҳамда қозоғистон-ўзбекистон ва россия-қозоғистон чегараларида тўпланиб қолган ватандошлар учун жойларни бўшатиб бердилар. Чартер рейслари билан қайтаётганлар учун ҳам енгилликлар берилди. Тиббиёт муассасаларидаги мажбурий карантинга фақат эпидемиологик вазият оғир бўлган мамлакатлардан келган йўловчилар олинадиган бўлди. Қолганлари эса ўзларининг яшаш манзилларида карантинда бўладилар.
Ваниҳоят, Соғлиқни сақлаш вазирлиги касаллик енгил шаклда ўтадиган беморларни даволаш бўйича йўриқномани (COVID-19 инфекциясининг биринчи ҳолати аниқланганидан сўнг тўрт ой ўтганидан сўнг) тасдиқлади. Инфекция юқтириб олганлар ўзларини бошқа оила аъзоларидан изоляция қилишлари, симптоматик даволаниш курсини ўтишлари, кўпроқ суюқликлар ичиши ва тез-тез қўлларини ювиб туришлари лозим бўлади. Умуман олганда, йўриқнома фойдали бўлиши мумкин, аммо ҳаддан зиёд катта, унда тушунарсиз атамалар, жадваллар ва расмлар кўп, негаки йўриқнома асосан тиббиёт ходимлари учун мўлжаллаб чиқарилган. Нега энди ушбу қўланмани мўъжазгина ва ҳатто оддий, тиббиёт билим юртларида ўқимаган одамлар ва болалар учун тушунарли равон тилда қилинмаганига ажабланиш мумкин. Эҳтимол бунга кўпроқ вақт сарфлаш керак бўлар.
Ҳозирча эса Facebook ижтимоий тармоғига мурожаат қилган осонроқ. Бу ерда айрим шифокорлар ўзларининг амалий тавсияларини ҳамда соддалаштирилган тушунтиришларини ёзиб турадилар. Мисол учун, Parvina Khamraeva антибиотикларни, иммуностимуляторларни ҳамда касалликнинг профилактикаси учун бошқа турдаги шубҳали препаратларни истеъмол қилмасликни, ниқоб орқали спирт буғлари билан нафас олмасликни, саримсоқнинг «ҳаётбахш кучи»га ишонмасликни, оғиз ва бурун бўшлиқларини водород пероксиди билан чайқамасликни тавсия қилади.
Психотерапевт Азизбек Болтаев ўзининг на вирусолог ва на инфекционист бўлмаганина қарамай, унга кўплаб одамларнинг ёрдам сўраб мурожаат қилаётганини билдириб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига шифокорларга қўйилган юкламаларни енгиллатиш бўйича бир неча тавсияларини берди. У вазирликка коронавирусни даволаш бўйича қисқа онлайн-курсни яратишни, айнан коронавирус бўйича ихтисослашган малакали докторлар томонидан олиб бориладиган масофавий консультацияларини ташкил этишни таклиф қилди. Болтаевга кўра, хусусий клиникаларнинг иш жараёнида коронавирус юқтирган бемор аниқлангани учун жарима тортиш амалиётидан воз кечиш лозим. Тадбиркорлар ҳозиргидек мураккаб эпидемиологик вазиятда муассаса деворлари ичида инфекция юқтиришдан ўзини сақлаб қолиш амри маҳол эканлигини яхши тушунадилар. Шундай ҳолатларнинг ҳар бири учун 6000 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашдан кўра, уларга муассасани карантинга ёпиб қўйган осонроқ. Санкцияларнинг бекор қилиниши билан хусусий клиникалар фуқаролардан тест олишни тезлаштиришлари ҳамда давлат касалхоналаридан беморларнинг бир қисмини олиб қўйишлари мумкин бўлар эди.
Омон қолиш бўйича йўриқномаларни тайёрлаш ишлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимининг қайта ислоҳотини олдинроқ амалга ошириш керак эди. Ўшанда балки карантин чораларини кучайтиришга тўғри келмаган бўлармиди.
Ижтимоий хайрия
Кучайтирилган карантин чораларини киритишга ўзбек расмийларида асос борлиги аниқ. Бироқ карантин киритилган кундан бошлаб ҳозигача даромадсиз қолаётган аксарият фуқаролар нима қилишлари керак? Оила бошлиғи бўлган эркак карантин киритилган биринчи кун – 16 мартдан бошлаб ишини йўқотган, дея тасаввур қилиб кўрайлик. Карантин чоралари енгиллатган вақт мобайнида унинг корхонаси очилмаган. Демак, 1 августгача у ишсиз ва пулсиз ўтирган бўлиб чиқади. Мажбуран ишсиз қолган оилалар тирикчилигини қандай ўтказаётгани ҳаида ким ўйлайди, улар ҳақида ким қайғуради?
«Карантин 2.0» муносабати билан ушбу савол биринчи даражага кўтарилди. Ҳукумат вакиллари янги чоралар тўғрисида эълон қила туриб, кам таъминланган оилаларга нафақа беришга ваъда қилдилар. Мана, ўша кун етиб келди. Чўнтагида бир сўм ҳам пули қолмаган фуқароларга давлат 20 миллиард сўм (1 миллион 960 минг АҚШ доллари) ажратди. Манзилли ёрдамни 120 мингта оила олади. Шу билан бирга, республика президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида мамлакатда 4,5 миллон кам таъминланган одам бор деб билдирганди (агар уларни беш кишилик оила деб тахмин қилсак, кам деганда 800 мингта оила бўлиб чиқади). Берадиган пулни ҳисоблаб кўрилса, арзимаган ва ҳатто кулгили миқдор келиб чиқар экан – ҳар бир оилага 160 минг сўмдан (16 АҚШ доллари). Бу мавзуга ялқовлар киноя қилмадилар, холос.
Ваҳоланки, иқтисодчиларнинг ҳисобига кўра, мамлакатда кун кечириш учун зарур бўлган нарсаларнинг энг оз миқдори 800 минг сўмни ($78,5), истеъмол саватчаси эса 650 минг сўмни ($63,8) ташкил этади. Шубҳасиз, инқирозга қарши кураш фондидан (1 миллиард АҚШ доллари) ажратилган маблағларнинг улкан қисми соғлиқни сақлаш тизимига ва иқтисодиётни қўллашга йўналтирилмоқда. Бироқ ижтимоий дотацияларга ҳам ҳукумат уч кунга етадиган сариқ чақалардан кўра кўпроқ пул ажратса бўларди. Шу билан бирга, аҳолига ёрдам пул билан эмас, балки озиқ-овқат бошқа кундалик эҳтиёж моллари кўринишида берилади. Ўзбекистон («вертолёт пуллари» дея аталувчи) пул купюраларини тарқатмоқчи эмас. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов бу қарорнинг асосли эканлигини тушунтириб берди. Унга кўра, «вертолёт пуллари» инфляция даражасини кўтариб юбориши ҳамда республика бюджети тақчиллигини келтириб чиқариши мумкин.
У йиллик даромади 75 минг доллардан кам фуқароларига 1200 доллардан ва ҳар бир болага 500 доллардан тарқатган АҚШни мисол қилиб келтирди. Тарқатилган пуллар йиғиндиси аҳоли жон бошига ялпи миллий даромаднинг 1,8 фоизини ташкил этган. Агар Ўзбекистонда ҳам худди шу схема бўйича иш тутиладиган бўлса, унда битта ишлаётган одамга 383 минг сўм (($37,5) ва битта ёш болага 100 минг сўмдан ($10) тўғри келади.
«Албатта республика кўламида бу пул маблағларини бекорга сочиш билан тенг. «Вертолёт пулларидан» фойдаланишдан асосий мақсад талабни рағбатлантириш эканлиги борасида умуман гапирмаса ҳам бўлаверади», — дея хулоса қилади эксперт.
Шунингдек, у мамлакатнинг ишга лаёқатли аҳолининг ҳар бирига (23 миллион) 1000 АҚШ долларидан тарқатилса, бу иқтисодиёт Ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 28 фоизи ва олтин-валюта захираларининг 77 фоизидан айрилиб қолишини ва ўша заҳоти вайрон бўлиб қулашини қўшиб қўйди.
Иқтисодчига кўра, мамлакатда қабул қилинган манзилли ёрдам сиёсати ҳамда имтиёзлар тақдим этиш ҳисобига унинг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш – пандемия шароитида энг оптимал ечим бўлиб, истиқболда бир марталик тўловларга қараганда каттароқ самара келтириши мумкин.
Интернетда, шунингдек, халқаро молиявий ташкилотлар томонидан ажратилиб инқирозга қарши кураш жамғармасига тушаётган пул маблағлари қаерга кетаётгани тўғрисидаги кўплаб саволлар пайдо бўлмоқда. Ҳакимов таъкидлашича, ушбу «ақчадон» пулларининг харажатлари шаффоф бўлиб, уларнинг детализациясини тақдим этди. Бугунги кунга келиб давлат инқирозга қарши кураш жамғармасида 5,3 триллион сўм (520 миллион АҚШ доллари) сарфлаб бўлди. Улардан 2,2 триллион сўми ($216 млн) иқтисодиёт соҳаларини қўллашга, 1,7 триллиони ($167 млн) – қўшимча инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришга, 746 миллиард сўми ($73 млн) — COVID-19 инфекциясига қарши курашга ва 641 миллард сўми ($63 млн) – аҳолини ижтимоий қўллашга йўналтирилди.
Камбағалларни қўллаш учун яна ҳомийлик ёрдамларини мувофиқлаштириш марказларига озиқ-овқат, дори-дармон ва кундалик эҳтиёж молларини келтирадиган волонтёрлар жалб этилмоқда. Ушбу марказлар 21 май кунидан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатишган эди, аммо ҳозир яна қайтадан ўз фаолиятини бошламоқда. Бироқ бу ерда ҳам ҳаммаси силлиқ кечмаяпти. «Потребитель.уз» телеграм каналида чоп этилган материалда айтилишича, яшаш жойлари бўйича ўзини бошқариш маҳаллий органларига ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқаролар қизиқ таклифга тўқнаш келиб қолишган. Кам таъминланганларга тақдим этилаётган бепул озиқ-овқат эвазига гуманитар ёрдам қийматининг бир қисмини пул кўринишида қайтариб беришларини сўрашган. Афсуки, бундай «маҳалла ишбилармонлари» қайси шаҳарда эканлигини аниқлашнинг иложи бўлмади, негаки аризачилар уларни фош қилишга қўрқишмоқда ҳамда нима бўлганда ҳам мутасаддилар томонидан беғараз ёрдам олишга умид қилишмоқда.
Афтидан янги карантин халқнинг сабр косасини тўлдириб юборганга ўхшаяпти. Интернетда ҳақиқий «ғалаённинг» аломатлари кузатилмоқда: фойдаланувчилар ўз аккаунтларида, гуруҳларда расмийлардан даромадсиз қандай яшаб бўлиши мумкинлигини тушунтириб беришлари талаб қилинаётган постларни қолдиришмоқда. Ижтимоий тармоқларда соғлом одамлар учун карантинни бекор қилиш, уларга пулсизликдан ва очликдан ўлиб кетмай, ишлаб ўз оилаларини боқиш имкониятини яратишга чақирувчи талаблар ҳам чоп этилган. Бир нечта аёллар қўлбола плакатларни кўтариб, флешмоб уюштирдилар. Картонларга қуйидаги ёзувлар битилган: «Нимадан ўлишни қанақа фарқи бор – COVID-19данми ёки Қашшоқлик-20 дан?», «Енгиллатиш қўлланганганда ҳам моддий жиҳатдан қайта тиклана олмадик!», «Оилаларимизни ким боқади?» ва ҳоказо.
Юзага келган вазият учун ким айбдор ва энди нима қилмоқ керак? Бу саволларга ҳам энг муқобил жавобларни ҳокимият идораларида ўтирган аёллар бердилар. Депутат Мақсуда Ворисова карантинни кучайтирилишида ўзбекистонликларнинг ўзини айблади: улар юқоридан туширилган тавсияларга амал қилмадилар. Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситханова журналист аёлнинг ишсиз ва давлат кўмагисиз қолган аҳоли биринчи августгача ўлмай тирик қолишлари учун нима қилишлари керак деган саволига: «миллат кўзга кўринмас душман олдида бирлашиб меҳнат қилиши керак», дея жавоб берди. Ва албатта, ўзбекистонликлар янада сабрли ва бардошли бўлишлари керак, деган тилакни президент Мирзиёев билдирди: «яна озгина сабр қилсак, бу кунлар ўтиб кетади». Халойиқ бундан бошқа нима ҳам қила оларди...
Азиз Якубов
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди
-
14 Октябрь14.10Шунчалар ўзгача ва шунчалар ўхшашЎзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди