Тўсиқларни енгиб ўтиш ва кадрларни сақлаб қолиш керак

Алишер Никимбаев — футзал бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатидаги ташкилий муаммолар, андижонлик мухлислар ва Ўзбекистонда спортни ривожлантириш ҳақида
Алишер Никимбаев. Унинг архивидан олинган фотосурат

Ўзбекистон мамлакат тарихида илк бор футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Шунингдек, футзал тарихида илк бор Марказий Осиёдан учта терма жамоа иштирок этди: Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон. ФИФА ўтказилган чемпионликдан мамнун бўлди, мухлислар ҳам хурсанд бўлишди. «Фарғона» Андижонда жаҳон чемпионати ташкилий қўмитасида ишлаган футбол менежери, спорт мутахассиси Алишер Никимбаев билан ўтган турнирнинг айрим муаммолари ҳақида суҳбатлашди.

Никимбаев портфелида Осиё кубоги, Қатардаги жаҳон чемпионати ва ҳаттоки Америка кубоги каби йирик футбол турнирларининг рўйхати мавжуд. Аммо ўз Ватанида ишлаш, ҳатто шундай тажрибали мутахассис учун ҳам ҳар ўзига хос ҳодисадир.

— Ўтган футзал бўйича жаҳон чемпионати сиз ишлаган биринчи йирик халқаро мусобақа эмас. Ташкилий ишлар даражасини баҳоласангиз.

— Турнир, тез-тез бўлиб турганидек, турли босқичларда, жумладан, унга тайёргарлик босқичида ҳам муаммосиз ўтмади.

— Масалан?

— Ареналарнинг тайёр эмаслигидан бошлаш мумкин. Албатта, уларни ўз вақтида топширишга муваффақ бўлишди, лекин бироз кечикиш билан. Шу сабабли, масалан, тест мусобақалари керак даражада ўтказилмади. Аммо ташкилий қўмита иши туфайли бу қийинчиликларнинг барчаси баъзан катта қийинчилик билан бўлса-да енгиб ўтилди.

Аввалига, айниқса, Тошкент ва Бухорода трибуналарни тўлдиришда муаммолар булди. Аммо Андижонда одамлар ўйинларга фаолроқ боришди. Аммо Тошкентда ҳам, Бухорода ҳам турнир давомида одамлар қимирлай бошлашди ва натижада ўйинлардан олинган картина деярли мукаммал бўлиб чиқди. ФИФА ўйинлар қандай кечганидан жуда мамнун бўлди.

— Ўзбекистонда анчадан бери ишламаган кўринасиз. Қачон, қаерда ва қайси лавозимда ватанингиздаги спорт мусобақаларида ишлагансиз? Ўшандан бери кўп нарсалар ўзгарибдими?

— 2012 йил март ойида Қаршида бўлиб ўтган «Насаф» — «Ал-Жазира» чемпионлар лигаси ўйинига ОФКдан делегат сифатида келгандим. Ва маҳаллий ташкилий қўмита ходими сифатида — 2010 йили U-17 Осиё чемпионатида ишлагандим. Ҳа, орадан кўп йиллар ўтди, кўп нарса ўзгарган.

Биринчидан, Андижонда инфратузилма пайдо бўлган, замонавий янги меҳмонхоналар қурилибди, ўтган жаҳон чемпионатида мен ишлаган ажойиб зал. 12 йил деганда илк бор келиб, шаҳарни танимадим.

Умид қиламанки, ички мусобақаларда бўлсин инфратузилмадан фойдаланиш давом этади. Андижон футзал бўйича мамлакат олий лигасида иштирок этмаса ҳам. Айни пайтда Андижонни ўзбек футзалининг ватани, ушбу спорт турининг асосий шаҳарларидан бири дейиш мумкин.

Тошкент ҳам ўзгарган. Мен унинг динамикада ўзгаришини кузатёпман, мунтазам равишда бу ерга келиб тураман. Инглиз тилида гаплашадиган ва яхши тил даражасига эга одамлар кўпайган. Одамларнинг кўзлари чақнайди. Спорт эмас, халқаро тадбирда қатнашиш улар учун жиддий синов ҳисобланади. Бу улар учун жуда муҳим.

— Фарғона водийси футбол мухлислари билан машҳур. Албатта, барча Марказий Осиё жамоалари қўллаб-қувватланди. Бироқ, бошқа ўйинларда мухлислар биз хоҳлаганча кўп бўлмагандек туюлди.

— Тўғри, Португалия — Қозоғистон ўйинига қараганда Испания — Венесуэла ўйинига талаб камроқ бўлди. Бунга қисман ПФЛнинг «Андижон» ФК ўйинларини қолдирмаслик ҳақидаги тушунарсиз қарори сабаб бўлди. Умуман олганда, ПФЛ нима учун бу учрашувларга бориш жуда қийин бўлган ўша кунларда ЖЧ вақтидаги «Андижон»нинг уйдаги учрашувларини белгилагани бошидан тушунарсиз бўлди. Яъни, «Андижон»нинг икки уй учрашуви жаҳон чемпионати ўйинларига тўғри келди. Гарчи тақвимни қайта ишлаш учун кўп вақт бор эди. Лига раҳбарияти хатони англаб етганидан кейин ҳам уни тузатишга шошилмади. Кўринишидан, принципиал жиҳатдан. Ягона нарса шундаки, ўйинлар ўз вақтида бироз кўчирилди, аммо бу кўпам ёрдам бермади. Бу яна бир бор одамларнинг фазилатлари, уларнинг малакаси ва масъулиятидан дарак беради. Агар бундай қарорлар одамлар ташрифига таъсир қилмаганида эди, мен бу мавзуни кўтармаган бўлардим.

Алишер Никимбаев. Унинг архивидан олинган фотосурат

Масалан, Венесуэла ва Испания учрашуви трибуналарда кўпроқ томошабинларни жалб қилиши мумкин эди. Ҳа, ўйин 17:30да бошланиб, 19:30да тугади. Лекин Суперлига баҳси 20:30да бошланди. «Андижон» мухлислар клуби таваккал қилмай, кечикиб қолмаслик учун ўз клубининг ўйинини танлагани аниқ.

Португалия ва Қозоғистон ўртасидаги ўйинда томошабинлар анча кўп бўлди, зал деярли тўлиб кетди. Бу ерда яхши қўшничилик муносабатлари муҳим рол ўйнагани тушунарли.

Таъкидлаш жоиз, барибир Андижон ҳозирги мухлислар ҳаракати нуқтаи назаридан алоҳида шаҳар. Бу ерда жуда фаол ва ижодкор фан-клуб фаолият кўрсатмоқда. Россия компанияларининг таъсири сезилади. Кўпроқ айтаман, баъзи ҳайқириқлардан шуни тушундимки, буларнинг барчасини фан-клубга олиб келган шахс узоқ вақт Санкт-Петербургда яшаган ва «Зенит» мухлислари ҳаракати билан шуғулланган. Шу боис йигитлар ўз ўйинларини шу ерда ўтказган Қозоғистон термасини чинакамига қўллаб-қувватлашди. ФИФАдаги ҳамкасбларимга «Андижон» фан-клуби ҳақида кўп гапириб бердим, улар Суперлига ўйинига боришни жуда хоҳлашди, аммо кела олишмади: улар Испания – Венесуэла ўйини билан банд эди.

— Марказий Осиё жамоалари учун нима етишмади? Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг чиқишларига қисқача баҳо берсангиз.

— Ўйинларга баҳо бериш мен учун қийин, чунки ўйинларни кўрмаганман. Биз ўз ишимиз билан банд эдик. Натижалар ҳақида фақат ўз фикримни айтишим мумкин.

Қозоғистон жамоаси бор кучи билан ўйнади. Чорак финалга чиқди. 1/8да Португалия ва гуруҳ босқичида Испания билан мутлақо қаҳрамонона ўйинлар бўлди. Ўйлайманки, жуда муносиб ўйин бўлди, лекин, албатта, олдинга интилиш мумкин эди. Аргентиналиклардан мағлубиятга учраганини омадсизлик деб аташ мумкин. Мағлубиятнинг ўзи эмас, балки йирик ҳисоб аламли эди. Биз қозоғистонликлардан янада шиддатли курашни кутгандик.

Натижалар бўйича Ўзбекистон ўз имкониятларидан пастроқ натижа кўрсатди. Уй чемпионатида гуруҳдан чиқиши керак эди.

Афсуски, Тожикистон терма жамоасининг ўйинларини умуман кўрмадим. Охирги тургача уларда гуруҳдан чиқиш имконияти бор эди, аммо нагадир амалга ошмади, мен буни баҳолай олмайман. Кайфиятга қараганда, жамоага бироз ортиқча баҳо берилгандек. Уларнинг Панама устидан ғалаба қозонишга ишончи комил эди. Бу иш амалга ошмади.

— Украина терма жамоасини қўллаб-қувватлашдими? Бу жамоа иштирокидаги ўйинларда мухлислар кўпмиди? Умуман олганда, Украина бронзасига нимай дейсиз? Омадми ёки машаққатли ишми?

— Украинани қўллаб-қувватлашди, айниқса Тошкентда. Андижонда украиналиклар Афғонистон билан битта ўйин ўтказишди. Лекин трибуналар асосан афғонлар тарафдори бўлди — афғонистонлик мухлислар ҳам кўп эди, бироқ андижонликлар қўшниларини қўллаб-қувватлашди. Ўйин сифатига келсак, жамоа ёмонмас ва меҳнаткаш. Мен бронзани омад деб айтмаган бўлардим. Украина қийинчилик билан бошлади — Аргентинадан мағлуб бўлди, аммо турнир давом этаркан, кучайиб борди. Омад эса украиналикларга нимчорак финалда қарши крашган бразилияликларга кулиб боқди.

— Ўзбекистонлик ҳамкасбларингиз ишини қандай баҳолайсиз? Кадрлар тайёрлаш борасида истиқболлар қандай?

— Ташкилий қўмита юқори савияда ишлади. Нафақат турнир давомида, балки барча ходимлар тайёргарликдан ўтган турнир олдидан ҳам жиддий ишлар амалга оширилди. Шунинг учун мен таъсирландим, ҳайратдаман дейиш мумкин. Хатоларсиз эмас, албатта. Ўзбекистонга хос бўлган баъзи нарсалар ҳалиям йўқолмаган.

— Қайсилари?

—Айтайлик, мен биринчи кунданоқ айтдим: «Мана буни қилманглар. Охир-оқибат, одамлар барибир буни қилишди, чунки улар шундай қарорга келишган ва бу модел, уларнинг режасига кўра, албатта ишлаётган бўлиши керак эди. Шу сабабли тушунмовчиликлар келиб чиқди. Шунки, одамлар биринчи навбатда қилмасликлари керак бўлган нарсаларни қилишганди. Кўпинча яхши ният билан вазиятни яхшилаш ёки тузатишга урингандан кўра, кўрсатмаларга амал қилиш кифоя.

Лекин, мен тушунаманки, ҳамма нарсаям ҳеч қачон мукаммал бўлмайди, айниқса, бу Ўзбекистон учун биринчи бундай турнир эди. Лекин, умуман олганда, такрор айтаман, менда ташкилий қўмита фаолияти ҳақида жуда яхши таассурот қолди. Бу маромни, кайфиятни қандай сақлаб қолиш керак ва бу одамларни тарқатиб юбормаслик, йўқотмаслик керак, чунки бу нафақат Ўзбекистоннинг, балки юқори савиядаги турнирларга мезбонлик қилаётган барча мамлакатларнинг муаммосидир.

Алишер Никимбаев ҳамкасблари билан. Унинг архивидан олинган фотосурат

Биламан, одамлар кетишяпти, чунки ҳеч ким уларни қандай ушлаб ҳақида ўйламаган. Уларни кейинчалик ҳудудий федерациялар ёки ПФЛга ишга жойлаштириш режаси борлигига шубҳа қиламан. Шундай қилиб, бу одамларнинг баъзилари жиддий хусусий компаниялар, жумладан, хорижий компаниялар билан шартнома тузадилар. Бошқа томондан, қарама-қарши мисоллар ҳам мавжуд. Келаси йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари ташкилий қўмитасидан бутун бир гуруҳга таклиф тушганини ҳам биламан.

Жаҳон чемпионатидаги иш тажрибасини ҳатто Осиё кубоги билан ҳам солиштириб бўлмайди. Чунки, бунда бутунлай бошқа даража, бошқа талаблар, бошқа тизим, бошқа услуб мавжуд. Жаҳон чемпионатида ишлаганлар жиддий тайёрланган кадрлар ҳисобланади.

— Ўзбекистонда футзал футбол каби машҳур эмасдек кўринади. Республика футбол бўйича йирик мусобақаларни ўтказишга тайёрми? Осиё кубоги ёки жаҳон чемпионати. Бунинг учун нима керак? Музокаралар кетяптими?

— Ҳа, футзал унчалик машҳур эмас. Шу билан бирга, футбол инфратузилмасидан кўра футзал инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар кўпроқ. Аммо яхшиланиши керак бўлган деталлар бор. Андижон шаҳрида меҳмонхоналар ва аэропорт билан боғлиқ муайян муаммолар мавжуд. Бухорода меҳмонхоналар, аэропорт бор, Тошкент билан алоқа яхши, лекин стадион йўқ.

Бироқ, ҳаммаси жойида бўлган шаҳарлар бор. Ўйлайманки, республика йирик футбол турнирларини ўтказишга тайёр. Албатта. Кейинги қадам 2027 йилги U-20 жаҳон чемпионати бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Тушунишимча, бу борада иш олиб борилмоқда. Умид қиламизки, Ўзбекистон футбол ассоциацияси қатъиятли бўлади ва ФИФА бу турнирни Ўзбекистонга беради.

2035 йилдан олдин Осиё Кубогини ўтказиш имконсиз. Умуман олганда, Осиё Кубогига мезбонлик қилишнинг ҳам ўзига хос талаблари бор. Шундай қилиб, минтақадан — Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистондан марказлаштирилган ариза бериш ҳақида ўйлаш мумкин. Албатта, Ўзбекистонга кўпроқ урғу берилади, чунки Қирғизистон ва Тожикистон мустақил равишда бундай турнирни ўтказа олмайди.

— Ўзбекистонда спортни ривожлантириш бўйича қандай прогнозларингиз бор?

- Агар спорт ютуқлари назарда тутилаётган бўлса, унда баҳолаш мен учун эмас, шунинг учун мен бу ҳақда гапиришга тайёр эмасман. Агар Ўзбекистон спорт мусобақаларини ўтказувчи марказга айланиб бораётгани ҳақида гапирадиган бўлсак, мен бунга қўшиламан. Келгуси йилги футбол тадбирлари, ёшлар ўйинлари, турли спорт турлари бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатлари – буларнинг барчаси тараққиётга туртки беради. Ўзбекистонликлар юқори савиядаги спорт тадбирларида қатнашиш ва ташкилотчилик сифатини кўриш имкониятига эгадирлар. Бу эса илҳом бахш этади.

Андижонлик мухлислар футзал бўйича жаҳон чемпионатининг юқори савияда ташкил этилганидан ҳайратда қолишганини айтишди. Асосийси, ички мусобақалар учун бу даражани сақлаб қолиш лозим. Шунда одамлар спорт тадбирларига фаолроқ қатнашадилар, спортга қизиқиши ортади ва у билан шуғуллана бошлайдилар.

Александр Троицкий
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ