Американинг янги президенти Дональд Трамп инаугурациядан сўнг биринчи куниёқ мигрантларга қарши қаттиқ чораларни кўрди. Бироқ, бу жиҳатдан Россия ҳатто Трампни ҳам ортда қолдирган. Россия Федерациясидаги мигрантларнинг ҳаёти нафақат қонунлар, балки мигрантлар ҳақида деярли ҳеч нарса билмайдиган, уларни тушунмайдиган ва тушунишга ҳаракат ҳам қилмайдиган маҳаллий аҳоли билан қийин муносабатларда ҳам мураккаблашади. Мигрантлар, ўз навбатида, русларга ишончсизлик билан жавоб беришади ва жамиятга чинакам интеграция бўлишни хоҳламайдилар.
Сирли рус қалби
Ўз назорати остидаги ҳовлини тозаловчи фаррош Эркин бинода яшовчи аҳоли чатида «Болкондан шиша ва ахлат ташламасликка, маданиятсизлик қилмасликка», чақирди.
Одамларнинг бундай йўл тутиши ҳақиқатан ҳам маданиятсизлик ва хавфли ҳолат эди. Унчалик баланд бўлмаган болкондан отиб юборилган шишали пиво идиши нафақат Эркиннинг, балки ҳар қандай тасодифий ўткинчининг бошини ёриб ташлаши мумкин. Ва тахминан ўн иккинчи қаватдан яхши мўлжал билан ташланган сувли пластик идиш ҳар қандай одамнинг таътини хира қилиши мумкин.
Бироқ, Эркиннинг мурожаати ҳеч қандай натижа бермади. Одамлар ахлат тушашда давом этишди, учиб тушаётган шишалар қарғалар ва каптарларни тўзитиб юборарди. Тозалик учун кураш барбод бўлганини кўрган Эркин фаррошлик ишини ташлаб, етказиб берувчилик ишига кирди, сўнг бутунлай уйдан чиқиб кетди.
Эркин яхши йигит эди – одобли, кулимсираб турарди, ҳамма уни яхши кўрарди. Бироқ, ахлат ташлайдиганлар ўз одатларини ташлашни хоҳламадилар. Гарчи уларнинг сони жуда оз бўлса-да, бир қошиқ қаирон бочка тўла асални расвосини чиқариши мумкин.
Эркин фаррош бўлиб иўлаб юрган кезлари негадир эгалари кўчага ташлаб кетган мушукчаларни меҳрибон одамлар қўлига тоширишга ҳаракат қиларди. У одамларнинг нима учун мушукчаларни кўчага улоқтириб ташлашларини тушунмас эди. Муҳаммад С.А.В. мушукларни яхши кўрган, Россияда эса уларни ҳатто бизнинг кичик биродарларимиз дейишади – бу ҳақда Эркиннинг еттинчи қаватдаги ёзувчи дўсти гапириб берганди. Аммо биродарларга нисбатан шундай муносабатда бўлишадими, ҳайрон бўларди Эркин, уларни кўчага ташлаб юбориш мумкинми?
«Сирли рус қалби, — деб ўйларди фаррош ахлатни супураркан, — сирли Ғарб ...»
Бир куни Эркин биринчи подъездга кечки соат еттидан сўнг етказиб бериш хизмати мопедлари тез-тез кела бошлаганини пайқади. Уларни миниб олган ёш йигитлар уйга ғойиб бўлишарди. Бироз вақт ўтгач, бирма бир чиқишиб, иш бўйича йўлга отланишарди. Баъзилар кераксиз эътиборни жалб қилмаслик учун, шекилли, пиёда келишарди.
Эркин уларнинг ҳаммаси кимнинг олдига келишаётганини тахмин қилди – ўн биринчи қаватда тожикистонлик ака-ука яшарди. Мулла билан биргаликда Қуръон ўқишга келишса керак, деб ўйларди Эркин. Қуръони карим жуда мураккаб китоб бўлиб, у араб тилида ёзилган, шунинг учун билимдон киши оддий мусулмонларга унда нималар дейилганини тушунтириб бериши керак.
— Балки мен ҳам уларнинг олдига бориб, Қуръон тингларман? — деди Эркин хотинига.
— Яна нималарни ўйлаб топдингиз? — деди хотини. — Балки улар террорчилардир. Уйда қолиб, телевизор кўринг.
Эркиннинг ўзи диндор бўлмаган, лекин вақти-вақти билан чинакам тақводор одамларни учратиб турарди. Бир куни у бир мусулмон биродари бошқарувидаги таксида кетаётган эди. Такси ҳайдовчисининг қулоғида наушник бор эди ва у жимгина Қуръон сўзларини такрорларди. Агар ўрис йўловчи бўлганида қўрқиб кетган бўларди, ҳайдовчи шаҳодат ўқияпти, такси портламоқчи бўлса керак, деб ўйларди, Эркин эса унинг шунчаки Қуръон тиловат қилаётганини биларди. Қанчалик тез-тез Қуръон ўқисангиз, Яратганга шунчалик яқин бўласиз. Ҳатто шундай фаришталар ҳам борки, улар Аллоҳнинг каломи дунёда доимо жаранглаб туриши учун Қуръонни баланд овозда ўқийдилар.
Ниҳоят, таксичи қулоғидан наушникни олиб, Эркинга юзланиб деди:
— Тез орада жиҳод бошланади. Тайёрмисан?
Эркин жиҳодга тайёр эмасди ва автобусда бориш яхшироқ, деган қарорга келиб таксидан тушишга шошилди.
Автобус бекатида унга полициячи ва ҳарбий кийимдаги бир киши яқинлашди. Улар ҳужжатларни кўрсатишни сўрашди. Эркин паспортини кўрсатди.
— Демак, сиз Россия фуқаросисиз? — ҳарбий негадир хурсанд бўлди. — Ҳарбий хизмат рўйхатидан ўтганмисиз? Келинг, шартнома имзолайлик ...
Нафрат кўзи билан қарайди
Ўтган 2024 йил Россияда жуда қийин кечди. «Крокус Сити Холл»даги теракт, қамоқхоналардаги исломий қўзғолонлар — бу ва яна кўп нарсалар меҳнат мигратларига ҳаётига таъсир қилди, уларнинг асосий айби фақат маҳаллий руслар эмаслиги эди.
Айтиш жоиз, илгари ҳам уларнинг ҳаёти силлиқ кечмаган, лекин ўтган йили қабул қилинган чекловчи қонунлар туфайли яшаш сезиларли даражада мураккаблашганди. Бу қонунлар чет элликларнинг иши, тил билиши, мамлакатда яшаши ва оилавий ҳаётига тегишли эди. Давлат Думаси ҳатто мигратларга оила аъзоларини Россияга олиб келишни тақиқламоқчи ҳам бўлди.
Аммо бу танганинг фақат бир томони эди. Унинг яна бир муҳим иккинчи томони – четдан келганларнинг маҳаллий аҳоли билан муносабатлари эди. Бу соҳада ҳалиям қўрқув ва ишончсизликни келтириб чиқарадиган ўзаро тушунмовчилик мавжуд.
Умуман олганда, мигрантларнинг интеграциялашуви нафақат Россияда, балки ҳамма жойда қийин муаммо. Масалан, Ғарбий Европани олайлик. Бундан 15 йил аввал Германия канцлери Ангела Меркел кўп маданиятли жамият қуришга уриниш барбод бўлганини эълон қилганди.
Тўғри, Россияда бу маънода вазият оддийроқ. Европада мусулмон мигрантлар том маънода маҳаллий қонунлар ёки урф-одатлар ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмасдан ва ҳатто тилни билмасдан бу ерга кириб келишарди. Россияда эса Марказий Осиё давлатлари Россия билан тарихан чамбарчас боғланган, чунки улар бир пайтлар Россия империяси, сўнг Совет Иттифоқи таркибида бўлган. Яъни, ўзбек, қозоқ, қирғиз ва тожиклар руслар учун қандай бўлишса, немис ёки итальян учун сурияликлар, турклар ёки Қора Африка аҳолиси шундай бўлади, дегани эмас. Ёши катта меҳнат мигрантлари рус тилини жуда яхши билашади, кекса ёшдаги руслар ҳам одатда четдан келганларга яхши муносабатда бўлишади, уларни нафақат хизмат ходимлари, балки одамлар сифатида кўришни афзал кўришади.
Бунинг исботи шундаки, Крокус Сити Холлдаги терактдан сўнг ҳам россияликларнинг катта авлоди умуман олганда хорижликларга муносабатини ўзгартирмаган, ёшлар эса, ўзларининг эътирофига кўра, уларга нафрат кўзи билан қарашади.
Россия кўп миллатли давлат ва бу кескинлик ҳовурини бироз пасайтиради. Умуман олганда, бу ердагилар бошқа элатларга ўрганиб қолишган. Қозоқ ёки қирғизларни кўзининг шакли туфайли бурятга, соқолли тожикни эса кавказликка бемалол ўхшатишлари мумкин. Аммо бу ерда бир нарса борки, Россияда озчиликни ташкил қилувчи миллатларга муносабат ҳар доим ҳам идеал бўлмаган.
Бегона одам билан боғлиқ муаммо ҳар сафар ўзига хос ҳолатлардан келиб чиқиб, шахсий муносабатлар даражасида ҳал қилинади. Дастлаб даҳанаки сўз жанги бўлиб ўтади, кейин бир-биримига кулиб боқишади — мана энди унчалик бегона эмас, демак ўзаро даъволар ва дашномларсиз ёнма-ён яшаса бўлади.
Аслида, ўртаҳол рус одамига Россиядаги барча меҳнат мигрантлари билан уйғун муносабат ўрнатишга ҳожат йўқ, у билан мунтазам алоқада бўлган ёки ҳеч бўлмаганда вақти-вақти билан учрашадиган одамлар билан нормал муносабатда бўлишнинг ўзи кифоя.
Албатта, бу энг яхши сценарийда. «Россия руслар учун» каби шиорлар анчадан бери қулоққа чалинмаяпти, аммо кўпчилик ҳали ҳам четдан келганларни хавф туғдириши мумкин бўлган иккинчи даражали одамлар деб ҳисоблашга мойил. Бу ерда баъзи одамлар муҳожирлар томонидан содир этилган ваҳшийлик ҳақидаги воқеаларни дарҳол эслашади, гарчи расмийлар Россияда содир этилган жиноятларнинг атиги 4 фоизини чет элликларга тўғри келаётганини таъкидлашса ҳам.
Қандай бўлмасин, муросасизлик муаммосини глобал миқёсда, яъни узил -кесил ҳал қилиш жуда қийин. Ксенофобия асносида биология ва инстинктлар ётади: кимдир мендан бошқача кўриняптими, демак у бегона, эҳтимол душман ҳам бўлиши мумкин. Вазият четдан келганнинг нафақат ташқи кўриниши, балки ўзини бошқача тутиши билан янада вазиятни мураккаблаштиради.
Яқин яқинларгача тақводор муҳожирлар Россия шаҳарлари кўчаларида, баъзан қор остида тиз чўкиб, намоз ўқишарди. Кунига беш вақт намоз ўқишга одатланган ҳақиқий мўмин учун бу хатти-ҳаракатлар мутлақо нормал, аммо ўртаҳол рус одами учун бу янада қўрқинчли ҳолат. Бу мигратларни ким танийди? У нималарнидир айтиб, атрофни портлатиб юбормайдими? Соқол қўймаса ҳам, бу соқоллилардан нима кутишингни билмайсан.
Кейинчалик тенденция ўзгарди ва ташриф буюрувчиларнинг хатти-ҳаракати ўртача рус меъёрига кўпроқ мос кела бошлади, аммо бу ишончсизлик муаммосини ҳал қилмади. Ва бу, ҳатто мигратларни ёқтирмайдиганлар ҳам, уларнинг одатларида кўп яхши нарсалар борлигини – маст аласт юрмасликлари, катталарни ҳурмат қилиши ва муросага мойил бўлишини тан олишларига қарамай. Лекин улар барибир бегоналар, ҳатто жилмайишганда ҳам уларнинг нима мақсадда юрганларини ҳеч ким билмайди — улар охир мигрантлар.
Улар ҳаммага керак ва ҳеч ким уларни ёқтирмайди
Кўпчилик оддий руслар учун мигрантлар деярли бир хил кўринишга эга бўлиб, бу ерда тожикни қозоқдан фарқлаш қийин. Бироқ, бу, эҳтимол, керак ҳам эмас. Аслида, сиз миллатига эмас, балки одамнинг ўзига қарашингиз керак. Аммо, афсуски, ҳамма ҳам бунга қодир эмас.
Ҳозирда мавжуд қийин шароитда мигрантлар учун иккита хулқ-атвор стратегияси қолган: ё табассум қилиш ёки хўмрайиб қараш. Қадимги хитойликлар таътири билан айтганда, кулиб турган юзга мушт туширишмайди. Лекин Россияда шунақанги мушт туширишлари мумкинки…Бу эрда табассум ҳеч нарсани кафолатламайди, русларга болалар боғчасидан бир ибора сингиб кетган: нега тиржайяпсан?
Бироқ, кулиб турадиганлар бошқалар билан кўпроқ уйғунликни сақлаб қолиш имкониятга эга. Юқорида айтиб ўтилганидек, Россияда ҳамма ҳам янги келганларга нисбатан нотўғри муносабатда бўлмайди ва бундан ташқари, ҳамма ҳам уларга қарши ҳеч қандай даъво қилмайди. Маҳаллий аҳолининг аксарияти муҳожирларга нисбатан хушмуомала, ҳаттоки меҳмондўст. Аммо агар тўққиз киши сизга табассум қилсаю ва биттаси юзингизга тупурса, бунинг таъсири кучлироқ сезилади ва аввалги табассумлар ювилиб кетади. Одамлар меҳрибонликка жавобан ғазаб ва тажовузга дуч келишса, албатта хафа бўлишади.
Бу ҳолатда нима қилиш керак – кулиб туриш керакми? Баъзи меҳнат мигрантлари қаттиққўлликни ҳимоя сиёсати сифатида танлайдилар ва маҳаллий аҳоли билан алоқа қилишни истамасликларини кўрсатадилар. Бироқ, ҳатто бундай одамлар ҳам охир-оқибат тинчлик ва ҳамжиҳатликка интилади. Сиз муҳожир билан саломлашасиз, лекин у ҳатто жавоб ҳам бермайлиги мумкин. Бу ҳеч нарсани англатмайди, чунки у ҳали ҳам қандайдир тарзда сизнинг инсоний муносабатингизни қадрлашини билдиради — масалан, эшикни сиз учун ушлаб туриш орқали.
Ўзаро душманликка ҳар доим сабаб топилади. Шундай қилиб, яқинда мигрантлар етказиб бериш хизматида юқори даромад олишлари ҳақидаги миш-мишлар туфайли уларга нисбатан муносабат ёмонлашганидан шикоят қила бошладилар — ойига икки юз минггача олармиш... Аммо бу ҳолатда юқори маош фақат ксенофобияни кўрсатиш учун етарли сабабдир. Мигрантларнинг арзимаган даромадига паст назар билан қарашади; Шу билан бирга, умуман олганда, ҳеч ким маҳаллий рус кишисини етказиб бериш хизматига боришига тўсқинлик қилмайди. Баъзи одамлар боришади, лекин кўпчилик тийилишади — иш жуда оғир ва очиғини айтганда, унчалик истиқболли эмас. Айнан мигратлар зиммасига юкланадиган иш тури.
Ва бу ерда бир парадокс пайдо бўлади: мигрантлар барча керак, лекин ҳамма улардан норози. Қолаверса, негадир улар биринчи навбатда Марказий Осиёдан келган муҳожирлардан норози. Гарчи Арманистон, Беларусь, Молдовадан келган муҳожирлар бор. Нима учун? Балки Марказий Осиё мусулмонлар минтақаси бўлгани учундир?
Қидирдилар ва тополмадилар
Руслар учун ислом дини янгилик эмас. Ҳатто расмий маълумотларга кўра, Россияда 20 миллионга яқин мусулмонлар бор, улар асосан Татаристон, Бошқирдистон ва Кавказда яшайдилар. Лекин булар ўзимизники, таниш мусулмонлар, деб ўйлайди ўртаҳол рус одами, лекин келгиндилардан нимани кутиш мумкин?
Лекин, ҳатто ўзимизнинг россиялик мусулмонлар ҳам баъзида шундай найранглар қиладики, ёқа ушлайсан. Доғистондаги самолёт турбиналарида яҳудийларни қандай қидирганликлари тўғрисидаги воқеани эсланг. Излашганиям уят, топа олишмагани ҳам.
Бундай воқеалар қанчалик шубҳали бўлмасин, шунчаки чигаллиги аниқ. Дунёни самолётдаги яҳудийлар эмас, ислом динининг радикаллашуви хавотирга солмоқда. Жиҳод ғоясидан қўрқиб кетган оддий одам эса, Ислом ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмаса ҳам, терроризм ва исломни чалкаштириб юборишга, баъзан эса уларни тенглаштиришга мойил.
Албатта, Ислом тинчлик дини деган сиёсий тўғри формулани ҳамма билади. Ваҳоланки, Россияда ва бутун дунёда вақти-вақти билан Аллоҳ номи билан террор ҳужумлари содир бўлиб туради. Ҳа, террорчиларнинг миллати, ватани, дини йўқ, дея айрим давлатлар раҳбарлари томонидан террор хуружлари қораланади. Аммо дьякон Андрей Кураев (РФда хорижий агент сифатида тан олинган) бир пайтлар киноя билан таъкидлаганидек, негадир биз ҳеч қачон бир гуруҳ даочилар, буддавийлар ёки яҳудийларнинг самолёт ёки савдо марказини қўлга олиб, уни портлатиш билан таҳдид қилишларига оид хабарларни эшитмаймиз.
Албатта, радикал исломни, таъбир жоиз бўлса, оддий ислом билан аралаштириб бўлмайди. Иккинчиси шахс ва уммат, мусулмонлар жамоаси учун маънавий ҳаёт шаклидир. Радикал исломчилар эса, биринчи навбатда, сиёсий мақсадларга – Эрон каби теократик давлатлар, баъзан эса глобал ислом халифалигини барпо этишга интиладилар.
Бироқ, ҳозирда барча номусулмонларни ташвишга солаётган асосий савол шуки, радикал ва анъанавий ислом ўртасида ўтиб бўлмайдиган чегара борми ва охир-оқибат бири муқаррар равишда иккинчисига айланиб қолиши хавфи борми?
Агар Марказий Осиё ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ердаги вазият идеалдан йироқ, лекин нисбатан фаровон. Ҳозирги Марказий Осиё республикалари раҳбарлари – Туркманистонни ҳисобга олмаганда – совет миллатига мансуб, динни давлатдан ажратиб, унинг жамиятга таъсирини чеклашга одатланган одамлардир. Айнан шунинг учун ҳам минтақада ҳар хил диний оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ривожланиши қийин. Шунга қарамай, мўминларнинг тафаккури кўп жиҳатдан ислом тарғиботчилари – турли хил муллалар, имомлар, уламолар, муфтийлар ва шайхларнинг виждонлилигига боғлиқ. Бу, хусусан, Марказий Осиёдаги оддий мусулмонларнинг аксарияти араб тилини билмаслиги билан боғлиқ. Қуръон араб тилида нозил бўлган, у арабча матндир, у Қодир Аллоҳнинг сўзининг ягона ишончли манбаси ҳисобланади. Бошқа тилларга таржималар ҳатто таржималар деб ҳам айтилмайди, балки маъноларнинг талқини.
Қандай бўлмасин, Қуръон шеърий, рамзий тилда ёзилган ва талқин қилишни талаб қилади. Лекин энг муҳими, Қуръондаги эзгулик ва ёзузлик тушунчаларини фарқлай билиш керак.
Ҳар кимнинг ўз эътиқоди бор
Бу ерда биз мусулмон бўлмаганлар одатда билмаган ёки ўйламайдиган нарса ҳақида гапиришимиз лозим. Ислом эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло дунёдаги ҳамма нарсанинг, жумладан, яхшилик ва ёмонликнинг ҳам манбаидир.
Ҳақиқий мўминнинг энг улуғ вазифаларидан бири — Фурқон сурасида айтилган яхшилик ва ёмонликни аниқ ажрата билишдир. Бу вазифа жуда қийин, чунки ҳатто Қуръонда ҳам бу масала бўйича номувофиқликлар мавжуд — ҳеч бўлмаганда, бегона одамлар учун улар шундай кўринади.
Улардан энг ёрқини Муҳаммад С.А.В.нинг яҳудий ва насронийларга бўлган муносабатидир. Радикал исломчилар Моида сурасига тез-тез мурожаат қилишади: «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас. Кўряпсизми, қалби иймонда беқарор бўлганлар дўстлашишга шошяпти».
Ҳолбуки, ислом файласуфи Али Полосин фикрича, қуйидаги оят ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди: «Эй мўминлар, сизлардан илгари Китоб берилганлар ичидан Динингизни ҳазил-масхара қилиб олган кимасаларни ва кофирларни дўст қилиб олмангиз!» Яъни, гап ҳамма насронийлар ва яҳудийлар ҳақида эмас, балки фақат Исломга душман бўлганлар ҳақида кетяпти.
Қолаверса, Қуръони каримда шундай дейилган: «Аҳли китоблар (яъни, яҳудий ва насронийлар. — муаллиф изоҳи) билан фақат иззат ила, энг яхши йўлда баҳслашманглар, фақат сизларга зулм қилганлар бундан мустасно. Ва айтинг: «Биз ўзимизга ва сенга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик. Бизнинг ва сизнинг Худойингиз бирдир ва биз фақат Унга бўйсунувчимиз».
Ва ниҳоят, барча ва ҳар қандай келишмовчиликлар Кофирун сураси билан олиб ташланади: «Мен сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қилмасман. Ва сиз ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилувчимассиз. Сизга ўз динингиз, Менга ўз диним!»
Албатта, амалда ҳамма нарса унчалик оддий эмас ва динлар ўртасида жиддий таълимотлар мавжуд, масалан, мусулмонлар Исони Масиҳ ва Худонинг ўғли деб билишмайди, балки фақат пайғамбар сифатида тан олишади. Бундан ташқари, Муҳаммад С.А.В.нинг издошлари насроний учлигини инкор этадилар, чунки бу уларнинг нуқтаи назари бўйича Аллоҳга ширк келтиришдан бошқа нарса эмас, бу эса ўз навбатида насронийликдаги ширк белгилари (Кўпхудолик) ҳақида савол туғдиради.
Шуни тушуниш керакки, Қуръон насронийлик ва яҳудийлик тўғрисида баъзи билимларни ўз ичига олади ва ҳақиқий мўмин бу билимдан баҳра олиши ёки имонсизлар билан баҳслашиши мумкин. Ғарб одами одатда Таврот ва Инжил ҳақида фақат бирор нарсани билади, тарихий сабабларга кўра улар Ислом ҳақидаги билимларни ўз ичига олмайди. Шу маънода, Россияда Қуръонни ўрганиш жуда фойдали бўлар эди.
Қуръони карим нафратга буюрмаган
У ёки бу ғоявий-сиёсий маънода ташаббус ҳозирда Ислом дини тарафдорлари тарафида. Шундай экан, асосий муаммо динлар орасидаги догматик тафовутларда эмас, балки муайян мусулмоннинг уларга қандай муносабатда бўлишидадир: у келишмовчиликларни кофирни ўлдириш учун сабаб деб биладими ёки унга ўз йўлидан давом этиши ҳуқуқини қолдирадими? Айнан шу чорраҳада яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги асосий фарқ пайдо бўлади, зеро Парвардигор имонлиларга ирода эркинлигини қўллаш имконини беради.
Айнан шу нарса катта уруш келиб чиқишига ва одамларнинг бир-бирини тўлиқ қириб ташлашига тўсқинлик қилади. Агар барча мусулмонлар яҳудийлар ва насронийларни мўминларнинг асл душмани эканига ишонганларида борми, аллақачон инсоният ҳаётига нуқта қўйилган бўларди. Шу маънода, Хамас ва Ҳизбуллоҳнинг Исроилга қарши урушини барча мусулмон давлатлар ҳам қўллаб-қувватламагани аҳамиятлидир. Айримлари бетарафликни сақласа, бошқалари Озарбайжон каби яҳудий давлати тарафини тутган.
Муқаддас китобда ҳам, агар истак бўлса, нафрат ва уруш учун сабаб топиш мумкин. Аммо агар олдимизда сайёрани йўқ қилиш вазифаси бўлмаса, бизни нима ажратиб турадиганини эмас, балки бизни бирлаштирадиган нарсани излашимиз керак. Ва бунга деярли барча мавжуд динларда етарлича асослар мавжуд.
Бир муҳим нарсани ёдда тутмоқ лозим – Қуръони карим мусулмонларга ўзга дин вакилларидан нафратланишни буюрмаган.
Бундан ташқари, Қуръон таълимоти бўйича ҳам яҳудийлик, ҳам насронийлик билан чамбарчас боғлиқ. Пайғамбар Муҳаммад С.А.В. Эски Аҳд пайғамбарлари ва Исо Масиҳ орқали Аллоҳ томонидан берилган ваҳий ва қонунларнинг ҳақиқатини тасдиқлаб, фақат одамлар бу ваҳий ва қонунларни бузиб кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.
Ислом навқирон диндир. У эҳтиросли, у табиий равишда кенг тарқалишга интилади. Унда ҳамма нарса қайнайди, эр қобиғидаги каби тектоник жараёнлар содир бўлади; Бироқ, магма фақат жисмоний қонунларга бўйсунади, динда эса заковот ва ирода эркинлиги мавжуд. Бу ерда иссиқ магма зарралари эмас, балки одамлар ишлайди. Ва одамлар бошқа одамлар билан муносабатларида қанчалик илиқ бўлишни хоҳлашларини танлашлари мумкин.
Баъзан Исломни христианликнинг салб юриши даврлари билан қиёслашади. Лекин орада фарқ бор. Салибчилар Муқаддас қабрни қайтариб олиш йўлида ҳамма нарсани ёқиб юборганларида, инсоният ҳозиргидан бошқачароқ даражада эди, одамларнинг бир-бирига бўлган муносабати бутунлай бошқача бўлган, баъзан Ўрта асрлар «Зулмат асрлари» даври деб номланиши ҳам бежиз эмас. Ҳозирда биз бой тарихий тажрибага эгамиз ва биз ўтмишдаги хатоларни, ундан ҳам муҳими — ўтмишдаги жиноятларни такрорламаслигимиз лозим.
-
12 Январь12.01Каспийдаги жангларМарказий Осиёнинг жанглар майдонига айлангани ҳақида
-
26 Декабрь26.12Ҳалокатга қушлар сабаб бўлганмиди?Аzerbaijan Airlines самолётининг Қозоғистонда ҳалокатга учраганига доир барча версиялар
-
23 Декабрь23.12Мигрантларга оғир келган йилРоссия ҳукумати чет элликлар ҳаётини мураккаблаштирувчи ўндан ортиқ қонунларни қабул қилди. Бу анъана давом этадими?
-
09 Декабрь09.12Сим тўсиқлардан — иқтисодий мўъжизалар сариНима учун ҳозирда Шинжон жадал суръатлар билан юксалаётгани ҳақида кўп гапиришяпти ва у ерда жойлашган лагерлардаги маҳбуслар қаёққа ғойиб бўлди?
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?