Вашингтон, сизларни Қобулда кутишмоқда

Қобул дипломатик тан олиниш ва сармоя эвазига Трампга мамлакат ресурсларини таклиф қилмоқда
Афғонистон Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий. The New York Times фотосурати

Ғарб қўллаб-қувватлаган Афғонистон ҳукумати қулагани ва АҚШ қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетганидан беш йил ўтиб, «Толибон» ҳаракати шакллантирган Афғонистон ҳукумати АҚШ билан муносабатларни тиклашни очиқ равишда таклиф қилди. Гап ҳарбий контингентни қайтариш ҳақида эмас, балки элчихонани қайта очиш, дипломатлар фаолиятини йўлга қўйиш, инфратузилма ва фойдали қазилмаларни ўзлаштиришга инвестиция киритиш ҳақида бормоқда. The New York Times хабарига кўра, бундай таклиф билан Афғонистон Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Қобулдаги интервьюсида сўз юритган.

«Биз уруш боби якунланган, деб ҳисоблаймиз. Энди ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар, шунингдек, ижобий ҳамкорликнинг янги босқичини истаймиз», — деган Муттақий. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Афғонистон пойтахтидаги элчихонасини қайта очиши, дипломатик ҳузурини тиклаши, табиий ресурсларни ўзлаштириш, тўғонлар ва автомобиль йўлларини қуришга маблағ киритиши мумкин.

Бу чақириқ икки томон муносабатларининг яқин тарихини ҳисобга олганда, айниқса эътиборли кўринади. 2021 йил август ойида АҚШ ва НАТО кучларининг олиб чиқилиши фонида «Толибон» шиддатли ҳужумдан сўнг яна ҳокимият тепасига қайтди. АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси ёпилди, дипломатлар ва АҚШ фуқаролари эвакуация қилинди. Бундан олдинги йигирма йил давомида Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари ҳарбий амалиётлар, аввалги ҳукуматни қўллаб-қувватлаш, йўллар, энергетика, таълим ва давлат институтларини тиклаш учун миллиардлаб доллар сарфлади. Толиблар эса ўша даврда Ғарб коалициясига қарши қуролли кураш олиб борди ва, жумладан, барпо этилаётган инфратузилма объектларига ҳам ҳужумлар уюштирганди.

Энди Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати ўзини исёнкор ҳаракат сифатида эмас, балки хавфсизлик ва бизнес юритиш учун шароитларни кафолатлай оладиган ҳукумат сифатида кўрсатишга уринмоқда.

Қобулда таъкидланишича, уруш тугаганидан сўнг мамлакатда коррупция даражаси пасайган, давлат бошқаруви янада марказлашган, инвесторларга эса толиблар барқарор ва олдиндан прогноз қилиш мумкин, деб атаётган шароитларда ишлаш имконияти яратилган.

Айни пайтда мустақил халқаро ташкилотлар ва Ғарб давлатлари ҳукуматлари толиблар маъмуриятини Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олмаяпти.

Муттақий Вашингтон билан муносабатларни эҳтимолий тиклаш хорижий ҳарбийлар бўлишини англатмаслигини алоҳида таъкидлади. Унинг таъкидшича, афғонлар мамлакат ҳудудида бошқа давлат қўшинларининг жойлаштирилишига рози бўлмайди. Бу фикр, жумладан, аввалроқ Багром авиабазаси устидан Америка назоратини қайтариш зарурлиги ҳақида очиқ гапирган АҚШ президенти Дональд Трампга қаратилган. Қобулдан шимолда жойлашган ушбу объект қарийб 20 йил давомида АҚШнинг Афғонистондаги энг муҳим ҳарбий базаси бўлганди.

Толиблар АҚШ маъмуриятининг бошқа талабларини ҳам бажаришга рози бўлмади: Афғонистонда қолдирилган Америка қурол-яроғларини қайтариш ва 2022 йилда Қобулда бедарак йўқолган АҚШ ва Афғонистон фуқароси Маҳмуд Ҳабибини озод қилиш. Вашингтон Ҳабибини Афғонистон махсус хизматлари қўлга олган, деб ҳисоблайди, аммо Қобулдаги ҳукумат буни рад этмоқда.

Шу вазиятда Оқ уй ҳам сўнгги бир йил ичида «Толибон»ни сиёсий жиҳатдан тан олишга яқинлашмади, аксинча, Афғонистон билан муносабатларга қўшимча чекловлар жорий қилди: афғон фуқароларига виза беришни тўхтатди, уларнинг АҚШга киришини тақиқлади ва «Толибон»ни америкаликларни ноқонуний ушлаб туриш билан боғлиқ тузилмалар рўйхатига киритди.

АҚШ Давлат департаменти эса The New York Times нашрига берган изоҳида «Толибон» билан муносабатларни нормаллаштириш масаласини кўриб чиқмаётганини билдирди. Департамент фикрича, Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати хавфсизликни таъминлаш ва халқаро террорчилик гуруҳларига қарши курашиш бўйича берган ваъдаларини бажармаган.

Америка томони, шунингдек, Афғонистон ҳудуди яна мамлакат ташқарисида амалга ошириладиган ҳужумларга тайёргарлик кўриш базаси сифатида ишлатилишидан хавотирда. Давлат департаменти «Толибон» билан алоқалар фақат АҚШ манфаатларига жавоб берган тақдирдагина мумкин бўлишини таъкидлади.

Айни пайтда Кобулдаги ҳукумат Вашингтон ва Европа давлатларининг тан олишини кутмасдан, ташқи алоқаларини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. The New York Times таъкидлашича, сўнгги бир йил ичида Афғонистон Россия билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув тузди, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар, жумладан Ўзбекистон билан ўнлаб савдо келишувларини имзолади, шунингдек, Форс кўрфази давлатлари билан алоқаларни сақлаб келмоқда.

Европа билан миграция дипломатияси ҳам алоҳида йўналишга айланди. Афғонистон ҳукумати Германия, Франция ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари билан бошпана сўрови рад этилган афғонларни, шунингдек, жиноят содир этгани учун судланган мигрантларни ватанга қайтариш масаласида музокаралар олиб бормоқда. Июнь ойида беш нафар афғон дипломати Брюсселда Европа Иттифоқининг 15 давлатидаги 20 дан ортиқ вакил билан учрашди. Томонлар бошпана бериш рад этилган шахслар ва Афғонистон фуқароларини репатриация қилиш механизмини муҳокама қилди.

Европа ҳукуматлари учун бу алоқалар, аввало, амалий миграция масалалари билан боғлиқ бўлиб, «Толибон» режимини тан олишни англатмайди. Европанинг ҳеч бир давлати Афғонистоннинг амалдаги маъмуриятини қонуний ҳукумат сифатида тан олмаган. Афғонистоннинг ўзи эса амалда БМТ ва Халқаро валюта жамғармаси каби асосий халқаро институтлар фаолиятидан четлатилган. АҚШ ҳам Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб долларлик активларини музлатиб қўйган, бу эса Қобулнинг тўлақонли молиявий ва иқтисодий сиёсат юритиш имкониятларини чекламоқда.

Шунга қарамай, толиблар АҚШнинг Афғонистон ер ости бойликларига қизиқиши янги келишув учун асос бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Афғонистон литий, мис, темир рудаси, камёб ер элементлари ва бошқа ресурсларнинг катта захираларига эга. Улар электроника, аккумуляторлар, энергетика ускуналари ва мудофаа саноатида ишлатилади. АҚШ ва Хитой ўртасида стратегик аҳамиятга эга хомашёга кириш имконияти учун рақобат кучайиб бораётган бир пайтда, Қобул Америка компанияларига конларни ўзлаштиришда иштирок этишни таклиф қилмоқда.

Бироқ, аввалги тажриба Афғонистон ресурсларини ўзлаштириш жиддий хатарлар билан боғлиқ эканини кўрсатади. 2004 йилдан 2021 йилгача АҚШ ушбу мамлакатда қазиб олиш саноатини ривожлантириш учун қарийб 1 миллиард доллар йўналтирган, аммо АҚШнинг Афғонистонни тиклаш бўйича махсус бош инспектори ҳисоботига кўра, бу сезиларли натижа бермаган. Тўсиқлар қаторида уруш, давлат институтларининг заифлиги, коррупция, инфратузилманинг етишмаслиги, мураккаб логистика ва хавфсизлик муаммолари қайд этилган. Толиблар ҳокимиятга келганидан кейин тоғ-кон саноати соҳасидаги келишувларни Хитой, Эрон ва Қатар компаниялари тузди.

Айрим америкалик таҳлилчилар ва собиқ дипломатлар Вашингтон Қобул билан фақат маҳбуслар алмашинуви ва «Ислом давлати» гуруҳига қарши кураш масалаларини эмас, бошқа йўналишларни ҳам муҳокама қилиши керак, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, Афғонистонда дипломатик ваколатхонанинг бўлиши АҚШга мамлакатдаги вазият ҳақида ишончлироқ маълумот олиш, Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни сақлаш, Россия ва Хитой таъсирини жиловлаш ҳамда стратегик аҳамиятга эга минераллар билан боғлиқ лойиҳаларда иштирок этиш имконини бериши мумкин.

Бироқ, асосий тўсиқ толибларнинг ички сиёсати бўлиб қолмоқда. Халқаро жиноят суди ҳаракатнинг олий раҳбари Ҳайбатулла Охундзодага аёллар ва қизларни таъқиб қилиш билан боғлиқ инсониятга қарши жиноятларда айблаб, ҳибсга олиш ордерини берган. Ҳокимиятга қайтганидан сўнг «Толибон» қизларнинг ўрта мактаб ва университетларда ўқишини тақиқлади, аёлларнинг меҳнат қилиши, эркин ҳаракатланиши ва жамоат ҳаётида иштирок этишини кескин чеклади. Бу чоралар Ғарб давлатларининг Афғонистон ҳукуматини тан олишга тайёр эмаслигининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Муттақий интервью давомида аёллар ва қизларни камситиш халқаро тан олинишга тўсқинлик қилаётган-қилмаётгани ҳақидаги саволга тўғридан-тўғри жавоб бермаган. Аввалроқ у қизларнинг ўрта таълим олишини тақиқлашни вақтинчалик чора, деб атаган эди. Бироқ, толиблар 1996–2001 йиллардаги биринчи ҳукмронлиги даврида ҳам, 2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан сўнг ҳам худди шундай баёнотлардан фойдаланган, аммо кейинчалик тақиқларни бекор қилмаган.

Шундай қилиб, Қобулнинг АҚШга таклифи толибларнинг ички сиёсатини ўзгартиришга тайёрлигидан кўра, жиддий ён беришларсиз инвестициялар, дипломатик каналлар ва қисман легитимликка эга бўлишга уринишини акс эттиради. Вашингтон фойдали қазилмалар, хавфсизлик ва Хитой ҳамда Россия билан рақобат нуқтаи назаридан манфаатдор бўлиши мумкин. Бироқ, тўлақонли яқинлашув учун толиблар энг қаттиқ чекловларни, аввало, аёлларга нисбатан жорий этилган чекловларни ўзгартиришига тўғри келади. Ҳозирча бундай тайёрлик белгилари кўринмаяпти.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ