Ангренда (Тошкент вилояти) хусусий уйлардан бирининг остида кўҳна қабр топилди. Бу ҳақда Podrobno.uz хабар беради.
Қабр “Боғи Сурх” маҳалласи ҳудудида топилган. Мутахассислар аниқлашича, қабр “қовунчи маданияти”га, милоддан олдинги III асрдан милоднинг III–IV асргача бўлган даврга тааллуқли.
Қабрда ўша даврда яшаб келган икки одамнинг устихонлари ҳамда бир нечта сопол кўзалар топилган.
“Ушбу ҳудудда “қовунчи маданияти” даврида яшаб келган аждодларимизнинг уй-рўзғор буюмлари етарли даражада бой бўлган. Идишларнинг шакли ўша пайтдаги диний кўзқарашларга мос келмоқда”, — деб билдирдилар Тошкент вилояти ҳокимлигининг матбуот хизматида.
“Қовунчи маданияти” – археологлар томонидан Марказий Осиёда, ҳозирги замон Ўзбекистон ҳудудини ўз таркибига олган кўҳна Қангюй давлатида яшаган қабилалар бирлашмаларини таърифлашда қўлланадиган атамасидир. Улар ярим ўтроқ, ярим кўчманчи турмуш тарзида яшаб келишган ҳамда минтақа давлатлари, шу жумладан, Хитой билан савдо-сотиқ қилиб келган. Қабилалар ирригация системаларидан фойдаланиб, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланиб келганлар. Давлат тахминан милоднинг V асригача мавжуд бўлган.