Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми дастури эълон қилинди

ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда “Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли” мавзусидаги I Халқаро Ислом цивилизацияси форумининг дастури эълон қилинди. Тадбир 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Форум дастури доирасида тўртта халқаро конференция, ўнта пленар йиғилиш, 15 та пленар сессия ҳамда олтита тематик секцияда иш олиб борилиши режалаштирилган.

Форум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида очилади. Тантанали маросимнинг асосий воқеаси сифатида мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик мурожаати ўқиб эшиттирилиши бўлади.

Форумда 50 дан ортиқ давлатдан келган 300 га яқин хорижий меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Улар қаторида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, исломшунос олимлар, қўлёзма мерос бўйича мутахассислар, музей ва кутубхона раҳбарлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари бор.

Ўз иштирокини қуйидагилар тасдиқлаган: ICESCO Бош директори Салим ал-Малик, IRCICA Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, ТЮРКСОЙ Бош котиби Султон Раев ва Халқаро Туркий академия президенти Шоҳин Мустафаев.

Форум доирасида ислом цивилизацияси тарихи, ҳадисшунослик, калом илми, қўлёзма мерос, археология, музейшунослик, маданий меросни сақлаш, рақамлаштириш ҳамда маданий дипломатия масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Форум дастурининг алоҳида бўлими янги илмий нашрлар тақдимотига бағишланади. Улар орасида халқаро конференция материаллари ва «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» — «Уммат китоби» тезислар тўплами, «Шавкат Мирзиёев — маърифатпарвар йўлбошчи» фотоальбоми, шунингдек, Имом ат-Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадия» асарининг рус тилидаги академик нашри мавжуд.

Иштирокчиларга шунингдек янги археологик кашфиётлар, ноёб қўлёзмалар, рақамли лойиҳалар ҳамда Ўзбекистон ва хорижий илмий-таълим марказларининг қўшма ташаббуслари тақдим этилади.

Бундан ташқари, дастур доирасида ҳамкорлик йўл хариталари муҳокама қилиниши, шунингдек, меморандумлар ва келишувлар имзоланиши режалаштирилган.

Форум доирасида Самарқандда Имом ал-Бухорийнинг «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» асарига бағишланган конференция ўтказилади, шунингдек, Имом Мотуридийнинг бебаҳо меросига бағишланган конференцияда мўътадиллик, диний бағрикенглик, ақл ва нақл уйғунлиги каби масалалар замонавий нуқтаи назардан таҳлил қилинади.

Термизда эса Термиз ҳадисшунослик мактаби ва Имом ат-Термизийнинг жаҳон ислом илмий анъанасига қўшган ҳиссасига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади.

Форум ташкилотчилари сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари қўмитаси, Имом Мотуридий, Имом ал-Бухорий ва Имом ат-Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда ICESCO қайд этилган.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ