Бердимухамедов Ўзбекистондаги сув тошқини оқибатларини тугатиш ишларида ўз ёрдамини таклиф этди

Гурбангули Бердимухамедов . Altyn Asyr каналидан олинган кадр

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов телефон орқали Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёв билан суҳбатлашди ҳамда Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан келиб чиққан сув тошқинидан шикастланган Сирдарё вилоятининг туманини қайта тиклаш ишида ёрдам кўрсатишни таклиф этди.

TDH хабар беришича, Бердимухамедов “Туркманистон жабрланган туманларга зарур ёрдам кўрсатиш, керакли жиҳозлар ва мутахассисларни йўналтириш, инфратузилмаларни қайта тиклаш ишида ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини таъкидлаб ўтди”.

“Мамлакатимиз маҳкама ва идоралари зудлик билан ўзбекистонлик ҳамкасблари билан алоқа ўрнатишга, ўзаро ҳаракатлар бўйича оператив каналларини йўлга қўйишга ҳамда табиий офат оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш схемаларини белгилашга тайёр”, — дейилади хабарда. Шунингдек, нашр телефон орқали мулоқот Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилгани ҳақида аниқлик киритган.

ЎзА хабарида таклиф этилган ёрдам тўғрисида сўз юритилмаган, унда фақат Сардоба сув омборидаги фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтилган. Шунингдек, президентлар тегишли вазирлик ва идораларга коронавирусга қарши самарали курашни ташкил этиш масалаларида ўзаро мувофиқлашув ва ҳамкорликни кучайтириш бўйича топшириқ берганлари қайд этилган.

Туркманистон 27 апрель куни Лебап вилоятида бўлиб ўтган кучли шамол оқибатларини тугатиш билан шуғулланмоқда, ҳолбуки мустақил оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, жабрланганларга ёрдам саккиз кунга кечиккан.

Полиция кучли шамолдан сўнг Лебап вилоятига олиб борувчи йўлларни тўсиб қўйди, расмийлар эса аҳолини давлатдан ёрдам кутиш беҳудалиги тўғрисида огоҳлантирдилар ҳамда жабрланганлардан эътирозлари йўқлиги тўғрисида тилхат ёзиб беришларини талаб қилдилар. Фарабда, Туркменабадда, Керки ва бошқа аҳоли пунктларида кучли жала ёққани ортидан ўнлаб уйлар сув остида қолиб кетгани ҳамда электр ва газ таъминотидан узилиб қолгани вазиятни янада мураккаблаштириб юборган.

Ҳукуматга ишлайдиган оммавий ахборот воситалари бир ҳафта ўтгандан кейингина вайронагарчиликлар ҳақида ёзиб, бошқа вилоятлардан келган мутахассислар иштирокида қайта тиклаш ишлари олиб борилаётгани ҳақида ҳикоя қила бошладилар.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди