Европа Тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) “Ўзсаноатқурилишбанк” акционерлик-тижорат банкига Ўзбекистон хусусий секторидаги корхоналарга кредитлар тақдим этиш учун 40 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратадиган бўлди. Бу ҳақда ЕТТБ сайтида маълум қилинган.
“Ўзбекистонда хусусий сектори улушига мамлакат Ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 50 фоизи тўғри келади. Бироқ коронавирус пандемияси натижасида аҳвол ёмонлашган. ЕТТБ томонидан ажратилаётган молиявий кредит мамлакатда кичик ва ўрта бизнеси фаолиятини ўсишига ва кенгайишига кўмак беради”, — дейилади пресс-релизда.
“Ўзсаноатқурилишбанк” акционерлик-тижорат банкининг мамлакатда 45 та филиали ҳамда 170 та сотув офислари бор бўлиб, “бутун мамлакат бўйлаб кичик бизнесга зарур молиявий ресурсларни тақдим этиши учун” барча имкониятлари мавжуд, дея қайд этади ЕТТБ.
“Ўзсаноатқурилишбанк”га берилаётган кредит ЕТТБ томонидан Ўзбекистон расмийлари билан келишилган ҳолда тақдим этилаётган хусусийлаштириш соҳасидаги кўмакнинг бир қисми бўлиб қолади ҳамда банкни “замонавий, фойда келтирадиган ва рақобатга бардош молиявий муассасага” айлантиришга ёрдам беради.
Ўзбекистоннинг энг йирик банклари орасида етакчиларидан бири саналган “Ўзсаноатқурилишбанк” (Ўзбекистон саноат-қурилиш банки) 1922 йилда тузилган бўлиб, 1991 йилда қайта рўйхатдан ўтказилган. У республикадаги стратегик лойиҳаларни молиялаштириш билан шуғулланади.
Бугунги кунгача ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 1,85 миллиард евро миқдорида инвестиция киритиб, 79 та лойиҳаларда иштирок этмоқда. Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан бир қаторда ЕТТБ Ўзбекистоннинг Инқирозга қарши кураш дастурини молиявий қўллаш ишида иштирок этмоқда. Жорий йилнинг июнь ойи бошланишида банк коронавирусдан жабрланган ўзбекистонликлар учун тақдим этиладиган хайрия ёрдамини икки баробарига кўпайтирмоқчи эканлиги ҳақида хабар берилганди.
ЕТТБ 1991 йилда, “совуқ уруш” тугаганидан кейин, Марказий ва Шарқий Европада янги даврни яратишда кўмак бериш учун тузилган.