Тошкентда 27 ноябрь куни Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятлари ва давлат активларига бағишланган Roadshow бошланди. Тадбир Халқаро бизнес марказида бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати. Бу идора кетма-кет олтинчи йил ўтказаётган минтақавий турнинг якуний учрашувидир.
Меҳмонларни рўйхатга олиш еттинчи қаватда соат 10:00 да бошланди, соат 10:30 да корпоратив бошқарув бўйича халқаро маслаҳатчи ва Deutzer компаниясининг Марказий Осиёдаги вакили Баҳодир Отахонов тадбирни очиқ деб эълон қилди. Сўнгра иқтисодий ислоҳотлар, хусусий сектор ва инвесторларга таклиф этилаётган активлар ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. Агентлик директори Соҳибжон Муродов дастурий маъруза билан чиқиш қилмоқда. Маъруза мавзуси — 2026–2027 йилларга мўлжалланган хусусийлаштириш дастури ҳамда устувор активлар.
Дастур Ўзбекистон президентининг 28 августдаги ПФ-177-сонли фармони билан тасдиқланган. Агентлик маълумотларига кўра, иштирокчиларга давлат мулкини хусусийлаштириш ва ижарага бериш механизмлари ҳамда имтиёзлари: соддалаштирилган сотиб олиш тартиби, хусусий капитал учун преференциялар ва инвесторлар учун кафолатлар тушунтирилади. Шунингдек, меҳмонларга савдога чиқарилаётган активлар, ер участкалари ва кўчмас мулк объектлари тақдим этилади.
Дастурда, шунингдек, Anadolu Group бош директори Бурак Башарирнинг видеомурожаати ва халқаро молия ташкилотлари вакилларининг чиқишлари режалаштирилган. Осиё тараққиёт банки номидан Энрико Пинали, Халқаро молия корпорациясидан Нил Маккейн, ТТББдан Хуршида Ўзоқова сўзга чиқади. Улар инвесторлар хусусийлаштириш жараёнида қандай молиявий воситалар ва кўмак олишлари мумкинлиги ҳақида гапириб беришади. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бизнеснинг иштирок этиш имкониятлари хусусида сўз юритади. Чиқишлардан сўнг иштирок этиш шартлари, битимларнинг ҳуқуқий жиҳатлари ва молиялаштириш бўйича савол-жавоблар ўтказилиши кўзда тутилган.
Иккинчи қисмда, соат 12:20 дан 13:20 гача, якка тартибдаги B2G ва B2B учрашувлари бўлиб ўтади. Уларда агентлик, тегишли идоралар ва корхоналар вакиллари эҳтимолий харидорлар билан муайян битимларни муҳокама қиладилар. Расмий дастур соат 13:30 да якунига етади.



