Назарбаев 80 ёшга кирди

Нурсултан Назарбаев . Elbasy.kz сайти фотосурати

Қозоғистонга 1990 йилдан 2019 йилгача раҳбарлик қилган мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбаев 6 июль куни 80 ёшли юбилейини нишонлайди. МДҲ мамлакатларининг амалдаги ва собиқ раҳбарлари, БМТ бош котиби Пан Ги Мун ҳамда Европадаги айрим мамлакатларнинг раҳбарлари унга табрик телеграммаларини йўллаб бўлдилар.

Табрик мактублари 2 июлдан бошлаб кела бошлаган, ўшанда Egemen Qazaqstan газетасида Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Елбасига бағишланган “Тарихий шахс дарслари” дея номланувчи мақоласи чоп этилганди. Мақолада айтилишича, Назарбаевв “икки қитъа – Евопа ва Осиё, икки тамаддун – ғарб ва шарқ, икки тизим – тоталитаризм ва демократия ўртасида” жойлашган Қозоғистонда “Осий анъаналари ва ғарб новацияларини ўзида мужассамлаштирган янги намунадаги давлатни шакллантира олди”.

Россия президенти Владимир Путиннинг табриги ёзиб олинган видеони Назарбаевнинг матбуот хизмати юбилейдан уч кун олдин – 3 июль куни эълон қилди. Назарбаевни МДҲ мамлакатлари президентлари – Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон раҳбари Сооронбай Жээнбеков, Белоруссия президенти Александр Лукашенко, Грузия президенти Саломе Зурабишвили ҳамда Испания қироли Фелипе, Австрия президенти Александр Ван дер Беллен ва бошқа сиёсатчилар табрикладилар. Венгрия бош вазири Виктор Орбан Назарбаев сиймосида “менталитет бўйича ўзига яқин бўлган раҳбарни” кўраётганини ёзган. Телеграммалар келишда давом этмоқда ҳамда Elbasy.kz сайтида чоп этилмоқда.

Яқинда Марказий Осиёдаги давлат раҳбарлари ҳақидаги хотираларини чоп этган Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Назарбаевни XX — XXI асрларнинг беш нафар энг оқил давлат раҳбарлари рўйхатига киритган. Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси саҳифасида Саакашвилининг “Етакчи йўли” (Путь лидера) дея номланган юбилейолди халқаро анжуманда қозоқларни меҳмондўстлиги учун мақтай туриб, Назарбаевнинг мақсадга эриша олиш қобилияти ҳақида сўз юритаётгани ҳақидаги видео жойлаштирилган. “Назарбаев шунақанги хавф ва хатарлар орқали ўтишига тўғри келди... Нимаики қилган бўлса, ҳаммасига сўнгги кучини сарфлаган ҳолатда, вазиятлар ноқулай келганига қарамай бажарилган”, дейди Саакашвили.

Назарбаевнинг ўзи 2017 йил декабрда ўтган “Қозоғистондаги 100 нафар янги шахслар” форумида “Менинг иккита туғилган куним бор” деганди: биринчиси 6 июлда, иккинчиси эса 1991 йил 1 декабрь куни ўтган Олий Совет сессиясида Қозоғистон халқи уни президент қилиб сайлаганида. Ўшанда сайловчилар иштироки 88,2 фоизни ташкил этиб, Назарбаев 98,78 фоиз овозга эга бўлганди.

Назарбаев Қозоғистоннинг мустақиллигини эълон қилиши ва мамлакат чегараларини мустаҳкамлаши, тезкор равишда бозор ислоҳотларини ва хусусийлаштиришни ўтказиши, кўпмиллатли жамиятда келишув ва барқарорликни таъминлаши ва шу сиёсат натижасида давлатнинг ташқи душманлари йўқлигини ўзининг асосий хазматлари қаторига киритмоқда.

Назарбаев 2019 йил 19 март куни ўзининг давлат раҳбари лавозимидаги ваколатларини тўхтатиши тўғрисидаги фармонни имзолади. Шундан кейин республика пойтахтини унинг шарафига Нур-Султон номи билан аташга қарор қабул қилинди. Назарбаев миллат етакчиси – Елбаси унвони билан тақдирланган, шунингдек, у умрининг охиригача Қозоғистон Хавфсизлик кенгашининг раиси ҳамда иқтидордаги “Нур Отан” партиясининг раиси лавозимларни эгаллаши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Нур-Султон Миллий мудофаа университетида Назарбаевнинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан навбатдаги ёдгорлик ҳайкали ўрнатилди. Юбилейдан олдинроқ сиёсатчи COVID-19 коронавирус инфекцясининг енгил шакли билан касалланиб, соғайган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ