Бир умр қамоққа ташланган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров оғир касалланиб қолган

Азимжон Асқаров . Sputnik фотосурати

Қирғизисонда бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров оғир касалланиб қолган. Бу ҳақда 20 июль куни «Фарғона» халқаро ахборот агентлигининг Бош директори Даниил Кислов Facebookдаги саҳифасида хабар беради.

Кисловнинг манбасига кўра, Асқаровнинг тана ҳарорати ўн кундан бери юқори даражада, нафас олиши қийинлашиб, ўрнидан турмай қўйган. Маҳкумнинг нима дардга чалингани номаълум, унга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти.

Ҳозирги кунда Қирғизистонда COVID-19 билан боғлиқ ҳолат ўта кескинлашган. Март ойидан бошлаб Бишкек ва бошқа йирик шаҳарлар, қатор ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий этилган. Икки ой давомида коронавирусга чалинганлар сони унчалик кўп эмас эди, ўлганлар сони ўнтага ҳам бормаганди. 11 майдан иқтисодий сабабларга кўра кескин карантин чоралари юмшатилди. Оқибатда COVID-19 дан ўлганлар сони кескин кўпайиб кетди. Шунингдек, шифохоналардан четда пневмония касаллиги ҳам шиддат билан кўпайди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги пневмониянинг аксари ҳолатлари ташхис қўйилмаган COVID-19 эканини таъкидлади. Бугунги кунда коронавирус ва пневмониядан ўлганларнинг сони бир минг ўттиз еттита одамни ташкил этади.

2010 йил мамлакат жанубида содир этилган миллий низолар сабаб тўқнашувлардан сўнг Асқаровга нисбатан бир умрлик қамоқ жазоси қўлланилди. Тергов версиясига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси одамларни оммавий бетартибликка чақирган ва битта милиционернинг ўлимида бевосита иштирок этган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан тан олинган бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари кўрсатмаларига кўра, мамлакатлаги куч ишлатар тизими Асқаровнинг ҳуқуқ тартибот органларидаги камчиликларни фош қилганидан ўч олиш мақсадида унга нисбатан сохта айбловларни уюштирган. Amnesty International, Civil Rights Defenders, Журналистлар ҳимояси қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари Хельсинки жамғармаси, Human Rights Watch каби халқаро ташкилотлар Асқаровни ҳимоя қилиб чиққанлар.

Бироқ, маҳбусга нисбатан барча апелляция ишлари инкор этилди, БМТнинг Асқаровни озод этилиши борасидаги мурожаати қондирилмади, 2020 йил июнь ойида Бишкекнинг маъмурий суди Асқаровнинг шикоятини кўриб чиқишдан бош тортди. Асқаров 69 ёшга кирган, яъни у COVID-19 га чалиниш тахликаси бор одамлар гуруҳига киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ