Ўзбекистон ва Туркманистон Афғонистонга ёнилғи экспортини тиклади

Ҳайратонга автомобилда кириш йўли. TOLOnews телеканали фотосурати

Ўзбекистон ва Туркманистон Афғонистонга ёнилғи ва газ экспорт қила бошлади. Бу ҳақда Ariana News телеканали Балх вилоятининг Савдо-инвестиция палатасига таянган ҳолда хабар беради.

Турманистондан маҳсулотлар Фарёб вилоятидаги «Акина», Ўзбекистондан «Ҳайратон» чегара пунктлари орқали етказиб берилмоқда.

Телеканал аниқлашича, Балх вилояти автоҳайдовчиларининг ёнилғи ва газга бўлган нархларнинг ошиб кетиши туфайли норозиликлари экспортнинг тикланишига туртки бўлган.

Ушбу вилоятда яшовчи бир таксичи ёнилғининг қимматлашиб кетгани боис кейинги бир неча ҳафтадан бери даромад қилолмаётганидан журналистларга шикоят қилган.

Автомобиль соҳиблари Афғонистонда янги ҳукумат барпо этган «Толибон»*ни вазиятдан бохабар бўлишга, маҳсулот етказиб берувчилардан нархларни камайтиришни талаб қилишга чақирган.

Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилояти фуқароси бир литр бензинга 61 афғони, бир литр суюлтирилган газ учун 70 афғони тўлашини айтган. Бугунги кунда Афғонистонда $1 ўртача 82 афғони туради.

Балх Савдо инвестиция палатаси АҚШ доллари муомиласининг чекланиши нархларнинг кескин ошиб кетишига сабаб бўлганини таъкидлайди. Толиблар Қобулни қўлга киритганларидан сўнг мамлакатдан АҚШ долларини олиб чиқиб кетишни чеклаганлар.

Афғонистонга импорт қилинаётган барча ёнилғининг 70 фоизи шимолий чегара пунктлари орқали кириб келади. Бу ердаги жангавор ҳаракатлар туфайли импорт камайган. Вазият барқарорлашгандан кейин ҳисоб-китоб ўтказиш учун чет эл валютасининг танқислиги туфайли барча турдаги ёнилғиларни сотиб олиш ишлари яна пайсалга солинган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва бир қатор давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди