Афғон авиакомпанияси ҳалқаро парвозларни йўлга қўйди

Ariana News сайти фотосурати

Афғонларнинг Ariana авиакомпанияси Қобул шаҳридан халқаро йўналишлар бўйича парвозларини тиклади. 8 ноябрь куни Ariana самолёти Дубайга (Бирлашган Араб Амирликлари) йўл олди, деб хабар беради Ariana News телеканали. Бу «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукумат тепасига келгандан сўнг амалга оширилган илк халқаро парвоздир.

Аниқ бўлишича, авиакомпания ҳар куни Қобул ва Дубай ўртасида авиапарвозларни амалга оширади. Чипта нархи бир томонга $550 туради.

Компания вакилининг сўзларига кўра, биринчи рейс чипталарига талабгорлар жуда кўп бўлган.

Ҳозирча Дубай Ariana томонидан таклиф этилаётган ягона халқаро рейсдир.

Толиблар ҳукуматни эгаллаганидан сўнг хориж авиакомпаниялари томонидан айрим чартер рейслар уюштирилган, лекин ҳанузгача мунтазам тижорат рейслари тўхтатилган.

Октябрь ойи ўрталарида Pakistan International Airlines (PIA) авиакомпаниянинг Қобулдан Покистонга бўлган рейслари тўхтатилди. PIA вакилларининг таъкидлашича, бунга амалдаги Афғонистон ҳукуматининг «қўпол аралашуви» сабаб бўлган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Россиядаги дата — марказларидаги муаммолар Қозоғистондаги одатий сервислар фаолиятини издан чиқариб юборди ва республика бу вазиятдан фойдалана оладими?

  • Эронга МДҲ нима учун керак ва у ЕОИИга қўшилишга тайёрми?

  • 111 та ташкилот Жаҳон банкидан нимани талаб қилмоқда ва бунинг Тожикистонга қандай алоқаси борлиги ҳақида

  • 1916 йилги қўзғолондан Украинадаги урушга қадар