Ашхабодда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг XV саммити бўлиб ўтди

Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

28 ноябрда Туркманистон пойтахти Ашхабодда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг XV саммити якунида ИҲТга аъзо мамлакатлар президентлари Ашхабод ҳаракатлар консенсусини имзоладилар. Ҳужжатнинг тўлиқ матнини Қирғизистон президенти матбуот хизмати чоп этди.

Ҳужжатда, жумладан ИҲТ минтақасида эркин савдо зонасини яратиш, чегарадан юкларни олиб ўтиш ва ташиш амалиётини рақамлаштириш, Минтақа электр энергияси бозорини яратиш, экологик ҳамкорликни ривожлантириш ва бошқа масалалар ўрин олган.

Ташкилотга аъзо мамлакатлар «савдо, танспорт, энергетика, туризм, иқтисодий тараққиёт ва ишлаб чиқариш, ижтимоий таъминот ва атроф-муҳит муҳофазаси» борасида ҳамкорликда режаларни амалга ошириш вазифаларини белгиладилар. Мутасадди миллий идораларга, жумладан коронавирус туфайли вужудга келган техник ва фукнционал тўсиқларни бартараф этиш, ИҲТ ҳудудида Эркин савдо зонасини яратиш бўйича музокараларни бошлаш вазифалари топширилади.

ИТҲ мамлакатлари электрон ҳукумат, рақамли иқтисод, сунъий интеллект ва коммуникация соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қиладилар. Улар ИҲТ минтақасида транспорт ва транзит, савдо ва инвестиция, телекоммуникация, киберхавфсизлик, энергиянинг барча турлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.

Ашхабод ҳаракатлар консенсусидан 34 та пункт ўрин олди. Жумладан атроф-муҳит, иқлим ўзгариши ва талофатлар рискини камайтириш борасида ҳамкорлик қилиш, қайта тикланувчи, «яшил» энергия лойиҳаларини амалга ошириш, Афғонистонга тезкор гуманитар ёрдам кўрсатиш, гиёҳванд моддалари савдоси ва бошқа трансмиллий жиноий гуруҳларга қарши биргаликда курашиш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва бошқалар масалалар кўрсатиб ўтилди.

Саммитда иштирок этган аъзо-давлатлар президентлари қатор ташаббусларни илгари сурдилар. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташкилот доирасида Савдо, инвестиция ва инновация марказини тузиш ва Атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида олий даражали мулоқот Кенгашини тузиш таклифини киритди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2050 йилга бориб унинг мамлакати углерод нетраллигига эришишга интилаётганини таъкидлаб, гидроэнергетика соҳасида ўзаро манфаатли инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйишни, шунингдек, ИҲТга аъзо-мамлакатлар ўртасида иқтисодий тараққиёт тафовутини камайтириш борасида ҳамкорликда режалар ишлаб чиқишга чақирди.

Эрон президенти Иброҳим Раиси Теҳрон ИҲТ доирасида рақамли ҳамкорлик бўйича мувофиқлаштирувчи марказ бўлишга тайёр эканини таъкидлаб, ҳар йили аъзо-давлатлар ўртасида киберхавфсизлик бўйича учрашувлар, онлайн-таълим ўтказиш таклифини киритди. У Эрон ИҲТ мамлакатлари учун нефть ва газ соҳасида ўқув дастурлари яратишга тайёр эканини қўшимча қилди. «Биз ИҲТ кун тартибига манфаатдор давлатлар, Эронни қўшган ҳолда сув танзити дастурларини киритишни истаган бўлардик», — деди Раиси.

Туркия президенти Ражаб Эрдўған 2003 йили имзоланган ва 17 йилга чўзилиб кетган ИҲТ (ЭКОТА) савдо келишувини амалга ошириш зарурлигини қайд этди. «Биз 8 миллион квадрат километрга эга ва 500 миллионга яқин нуфуз яшаётган Ташкилотга аъзо-давлатлар жуғрофияси потенциалидан унумлироқ фойдаланишимиз лозим. Саъй-ҳаракатларимизни фаоллаштирган ҳолда, савдо миқдорини $100 млрд.га етказишимиз лозим», — деди Эрдўған.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам шу борада нутқ қилди. «Ташкилот фаолиятининг устувор йўналишларидан бири — савдо ва инвестициявий ҳамкорликдир. Тожикистон Республикаси ташқи савдо айланмасида ташкилотга аъзо-давлатлар улуши 40 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, Ташкилот ичидаги ўзаро савдо унга аъзо-давлатларнинг ташқи савдосига нисбатан 8 фоиздан иборат. Турган гап, бу кўрсатгич бор имконият ва потенциал талабига жавоб бермайди», — таъкидлади Раҳмон.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти — минтақавий кўрқиррали структура бўлиб, 1985 йили минтақада савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун ташкил этилган. Унга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо ҳисобланади. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов таъкидлаганидек, 2020 йил якунларига кўра, ташкилотга аъзо-давлатлар ўртасидаги савдо айланмаси $49,8 млрд.ни ташкил этган.

2022 йили Ўзбекистон ИҲТга раислик қилади. Мирзиёев келаси йилни ИҲТ доирасида «ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили», деб эълон қилишни таклиф қилди.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди