Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари озодликдан маҳрум этилди ва жаримага тортилди

Акрам Раҳмонқулов. Kun.uz сайти фотосурати

Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов етти ярим йилга озодликдан маҳрум этилди ва 111,5 миллион сўм ($10,3 минг) миқдорида жаримага тортилди. Шунингдек, у икки йил муддатга масъул лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати.

Раҳмонқулов Жиноят кодексининг 167-(«Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш»), 184-(«Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш»), 189-(«Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш»), 205-(«Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш»), 207-(«Мансабга совуққонлик билан қараш»), 209-(«Мансаб сохтакорлиги»), 243-(«Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш»)моддалари бўйича айбдор деб топилди.

Суд ҳукми 29 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида ўқиб эшиттирилди. Ишда жами 27 киши, жумладан, Раҳмонқулов фамилияси билан беш нафар шахс, жумладан, собиқ ҳоким ўринбосари ҳам иштирок этган. Акрам Раҳмонқуловдан ташқари барча судланувчиларга жарима тўлаш жазоси тайинланди.

Ҳоким ўринбосарига нисбатан тергов жорий йилнинг январь ойида унинг яқинлари раҳбарлик қилаётган ширкат томонидан қурилаётган кўп қаватли уй вайрон бўлганидан кейин бошланган эди. Маълум бўлишича, фирма бино қуриш бўйича тендерда ноқонуний равишда ғолиб чиққан. Раҳмонқулов ишдан бўшатилди, унга нисбатан давлат маблағларини ўзлаштириш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва мансабни сохталаштириш айблари қўйилди, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев уни «сотқин» деб атади.

Текширишлар давомида маълум бўлишича, Раҳмонқулов 2018-2020 йиллари ўзининг 9 нафар пудратчи ташкилоти орқали 82 та объектда умумий қиймати 494 миллиард сўм ($46,8 млн)лик ишларни амалга ошириб, қурилиш ишлари ҳажмини сунъий ошириш йўли билан бюджет маблағларининг қарийб 20 миллиард сўмини ($1,9 млн) ўзлаштириб юборган.

Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 миллиард сўм ($1,13 млн), Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» товар бозоридаги 172 та дўкон, 14 та хонадон ва 43 та енгил автомашиналар борлигини аниқланиб, тавсифланган. Собиқ амалдорнинг ўзи ва унинг шериклари ҳибсга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ