Киберхавфсизлик бўйича халқаро ESET компанияси тадқиқотчилари Қозоғистон ва Руминия давлат ташкилотларига қарши қўлланилган кибержосуслик воситаларининг янги тўпламини аниқлади. Бу ҳақда компания ҳисоботида маълум қилинган.
Дастурий таъминотга Cereal номи берилган. Унинг воситалари бузиб кирилган ташкилот тизимида буйруқларни сездирмасдан бажариш, унинг тузилмасини ўрганиш ва танланган электрон хатларни йиғиш имконини берган. Дастурнинг ўзига хослиги шундаки, у дискда деярли ҳеч қандай из қолдирмасдан ишлайди ва ўзини Exchange'нинг қонуний жараёнлари сифатида ниқоблайди. Шунингдек, у аниқланиши ва блокланиши мумкин бўлган ташқи инфратузилмадан фойдаланмайди.
ESET маълумотларига кўра, ҳужумлар 2025 йил охирида аниқланган. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ғаразгўйлар Microsoft Exchange серверларини бузиб кирган. Руминия ташкилотида дастурнинг таркибий қисмларидан бири — CerealBox НАТО ва Европа Иттифоқининг расмий манзилларини ўз ичига олган электрон почта хатларини тўплашга созланган эди. Тадқиқотчилар бу мақсад Россия разведкасининг устувор йўналишларига мос келади, деб ҳисоблайди. Қозоғистон ташкилотига нисбатан ҳам компания НАТО ва ЕИга оид ёзишмалар қидирилганини билдирмоқда.«Қайсидир давлат муассасасида амалдор трансмиллий ҳарбий альянсдаги ҳамкасбига электрон хат юборади. [...] Код парчаси уни сездирмасдан таҳлил қилади, қизиқиш уйғотиши мумкин деб топади ва нусхасини сақлаб қўяди», — дея дастурнинг ишлаш тамойилини тушунтирди ESET тадқиқотчиси Матиас Поролли (Matías Porolli).
Мутахассислар катта эҳтимол билан Cereal дастурини Snake номи билан ҳам танилган Россиянинг Turla ҳакерлик гуруҳига боғламоқда, дейилади ҳисоботда. Компания маълумотларига кўра, у камида 2004 йилдан бери фаолият юритади. 2022 йилдан буён унинг ҳужумларига учраган мамлакатларнинг қарийб 70 фоизи собиқ совет республикалари ёки илгари СССР билан чамбарчас боғлиқ бўлган Европа давлатларидир. Бир қатор экспертларнинг баҳолашича, Turla Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) билан алоқадор бўлиши мумкин.



