Ихтисослаштирилган мактаблар Халқ таълими вазирлиги тасарруфидан чиқарилади

Тошкентдаги Президент мактабида очиқ дарс. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ихтисослаштирилган мактаблар Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 17 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

2019 йили бундай мактаблар сони 271 та бўлган бўлса, бугунги кунда республикада 790 та махсус мактаб мавжуд. 135 та мактаб тўлиқ ихтисослаштирилган ва интернат мақомига эга. Қолганларида эса фанларни чуқурлаштириб ўқитиш фақат алоҳида синфларда ташкил этилган. Мактабларнинг аксарияти (207 таси) чет тилларини чуқур ўқитишга, 126 таси математика ва физикага, 99 таси ахборот технологияларига, 87 таси кимё ва биологияга ихтисослашган.

Ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилиши белгиланди. Янги ўқув йилидан бошлаб, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида иккитадан, туман ва шаҳарларда биттадан мактаб танлаб олиниб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказиладиган бўлди.

Таълим даражаси, аввало, ўқитувчининг билим ва малакасига боғлиқ. Шу боис ихтисослаштирилган мактабларга раҳбар ва педагоглар икки босқичли танлов асосида қабул қилинади. Президент таълим муассасалари агентлигига ушбу тизим асосида юқори малакали ўқитувчиларни жамлаб, қўшимча ўқитиш, миллий ва халқаро сертификатлар олишига кўмаклашиш топширилди.

Президент мактабларда хорижий тилларни ўргатиш сифатини танқид қилди.

«Ривожланган мамлакатларда олийгоҳда тил ўргатмайди. Чунки талабалар ёшлигиданоқ иккита тилни билади. Биз 1-синфдан 11-синфгача чет тилини ўргатамиз. Лекин мактабни битирган болаларнинг неча фоизи шу тилда гаплаша олади?! Бунга давлатнинг қанча пули кетаяпти! Қани натижадорлик, – дея ҳақли савол қўйди Президент.

Ихтисослаштирилган мактабларда таълим сифатини ошириш учун президент бир қатор чора-тадбирларни талаб қилди, жумладан:

👉 ўқувчиларни халқаро таълим дастурлари асосида замонавий ўқув дарсликлари билан таъминлаш;

👉 9-синфга келиб ўқувчиларнинг камида 1 та хорижий тил бўйича миллий ва халқаро сертификат олишларини таъминлаш;

👉 юқори синф ўқувчиларининг бевосита корхоналарда амалиёт ўташи тизимини жорий этиш;

👉 мактабларга ихтисослигидан келиб чиқиб Фанлар Академияси илмий-тадқиқот институтлари ва олийгоҳларнинг кафедраларини бириктириш.

«Ихтисослашган мактаблар таълим, илм ва амалиётни ўзига қамраб олган ягона кластер доирасида фаолият юритиши керак», — деди Мирзиёев.

Президент мамлакат иқтисодиёти олдига жорий йилда экспорт ҳажмини 14 миллиард долларга, 2025 йилга бориб 30 миллиард долларга, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш бўйича улкан мақсадлар қўйилганини эслатиб ўтди.Бундай натижаларга эришиш учун билимли кадрлар зарур.

«Таълим тизимини «оёққа қўймас» эканмиз, ислоҳотлар амалга ошмайди. Буни битта вазирлик ёки агентлик ҳам қилолмайди. Бунга бутун халқимиз, жамиятимиз маҳкам киришиши керак. Нажотимиз мактабда, нажотимиз таълимда, нажотимиз билимда, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.