Миразиз Базаров иши бўйича «очиқ» суд ёпиқ бўлиб чиқди

АДВОКАТ СЕРГЕЙ МАЙОРОВ. ФОТО АНДРЕЙ КУДРЯШОВ ФОТОСУРАТИ/ «ФАРҒОНА»

20 январь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судида блогер Миразиз Базаров иши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди.

ПЦР-тести бўлмаганлиги учун журналистлар суд жараёнига киритилмади. Бундай тестга эга бўлиш зарурлиги борасида олдиндан ҳеч ким огоҳлантирилмаган. Судга фақат халқаро ташкилотлар кузатувчилари ва «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов киришига рухсат берилди.

Айбланувчининг адвокати Сергей Майоровнинг «Фарғона»га билдиришича, судя барчага суд жараёнининг бориши ҳақида бирорта маълумот тарқатишни тақиқлаган.

«Суд жараёни тугагунга қадар иштирокчиларнинг оммавий ахборот воситалари ёки бошқа йўл билан изоҳ бериши ман этилади. Шунинг учун судда нима бўлганини ҳозир жамоатчиликка етказишга ҳаққимиз йўқ»

— деди Майоров.

«Фарғона» мухбири фақат суд жараёни рус тилида ўтаётгани, унда жабрланувчилар кўрсатмаси тингланганини аниқлай олди. Жабрланувчилар суд жараёнини ёпиқ бўлишини сўраган, бироқ судя бу илтимосни рад этган.

Ўн дақиқалик танаффусда жабрланганлар кўчага чиқиб, ўзбек тилида изоҳ беришди.

Суд тергови бошланишидан аввал жабрланувчилар томонидан суд мажлисида аудио, видеоёзув ва фотолардан фойдаланилмаслиги тўғрисидаги илтимоснома киритилди. Мазкур илтимоснома раислик этувчи томонидан қаноатлантирилди. Шу билан бирга суд томонидан тарафлар ва суд мажлисининг бошқа иштирокчиларига суднинг рухсатисиз суд жараёнини оммавий ахборот воситаларида ёритиш мумкин эмаслиги тушунтирилган.

Кейинги суд мажлиси 21 январь куни ўтказилиши белгиланган.

Ўтган йил баҳорида Миразиз Базаровга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «д» банди («Ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш») билан айб қўйилган. Базаров видеоролигидаги гаплардан №110 мактаб ўқитувчилари ва учта блогер «жабрланган». Апрель ойи охирида Базаров уй қамоғига олинган, июль ойида муддат сентябрь охиригача узайтирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ