Самарқанд вилояти ҳокими ижтимоий тармоқлардаги танқидий мақола ва постларни тақдирлашини маълум қилди

Видеоёзувдан кадр

Самарқанд вилоятидаги бозорлар ва бошқа ташкилот, муассасалар фаолияти юзасидан танқидий репортажлар тайёрлаган журналистлар, блогерлар ва ҳар бир киши муносиб тақдирланади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов гўшт етиштиришни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтди, деб ёзади Zarnews.uz.

«15 февралдан бошлаб блогерлар, журналистлар, жамоатчилик [вакиллари] — ким бизга «негатив» ёзиб келса, уларни манфаатдор қиламиз. Уларга алоҳида пул топиб бераман», — деди Турдимов.

Текширилгандан сўнг, унда кўрсатилган фактлар тасдиқланса, муҳим материаллар учун ҳақ тўланади.

У, шунингдек, «каттароқ материал бўлса, кўпроқ, кичикроқ материал бўлса, камроқ пул берамиз», дея қўшимча қилди.

«Масалан, қассоб СЭСдан ўтмай, гўшт сотяпти, СЭС вакилиям кетади ишдан, жавобгарликка тортилади, қассобнинг ўзини ҳам шармандасини чиқартираман. Судга бераман, қассобчилик қилишдан маҳрум қиламан 1 йилга, ветеринария ёки лаборатория ходими лаборатория қилдирмасдан [гўштга] штампни урса, бутун дунёга шарманда қилдираман», — деди Турдимов.

Турдимов давлат бюджети ҳисобидан танқидчиларни рағбатлантириш ниятида.

«Биз буни қандай қиламиз? Масалан, маҳалла раиси бюджетдан ойлик маош олади, шундайми? Участкавой , ҳоким ёрдамчиси, ветеринар, ветеринария лабораторияси ҳам ойлик маош олади, тўғрими? Яхши! Иш ҳақининг 30-40 фоизи миқдорида жарима солинади. Бу жарималарнинг барчаси бюджетга тушади. Бу тежалган пулдан уларга [танқидчиларга] мукофот пули берамиз», — деди Самарқанд вилояти ҳокими.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ