Коррупционерлар 2021 йили давлатга салкам 1,3 триллион сўм зарар етказган

Акмал Бурхонов. Аnticorruption.uz сайти фотосурати

2021 йили коррупционерлар томонидан Ўзбекистонга етказилган моддий зарар миқдори 1,282 триллион сўмни (117,6 миллион доллар) ташкил этган. Бу ҳақда 10 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Акмал Бурхонов маълум қилди.

Айтилган суммадан 887 миллиард сўм (82 миллион доллардан ортиқ) ёки 69,1 фоизи давлат томонидан қайтаришга эришилган. Бир йил аввал етказилган зарар миқдори 500 миллиард сўмдан ортиқ (46 миллион доллар) бўлган, унинг 355 миллиард сўми (деярли 33 миллион доллар) ёки 71 фоизи қопланган.

2021 йилда Республика бўйича жами 5483 нафар шахсга нисбатан 3769 та коррупцияга оид жиноят ишлари кўриб чиқиш учун тегишли тартибда судларга юборилган. 2020 йил билан таққослаганда судга юборилган жиноят ишлари сони 2621 тага, жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 3 760 тага ёки 218 фоизга кўпайган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йилда жами 4901 та (493 таси дубликат) мурожаат келиб тушган, уларнинг 258 таси ижобий ҳал этилган, 1163 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш орқали қаноатлантирилган.

Бироқ, январь ойида Бош прокуратура коррупционерлар бўйича бошқа рақамларни келтирган эди. Унга кўра, 2021 йили мансабдор шахслар томонидан давлат ва жамият манфаатларига 913,7 миллиард сўм (84,6 миллион доллар) миқдорида зарар етказилган. Шундан дастлабки тергов давомида 714,8 миллиард сўм (66 миллион доллар) ундирилган.

2345 та жиноят иши бўйича 2804 нафар шахс жавобгарликка тортилган. Мансабдор шахслар ўртасида энг кўп тарқалган жиноят ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва ўзлаштириш йўли билан ўғирлаш бўлган – бунинг учун 1741 нафар шахс жавобгарликка тортилди, дея Бош прокуратура қўшимча қилган.