Бухорода таниқли сураткаш Шавкат Болтаев вафот этди

Шавкат Болтаев. Унинг Facebookдаги саҳифасидан фотосурати

Таниқли ҳужжатли-фотограф Шавкат Болтаев Бухорода вафот этди. Бу ҳақда Facebookдаги «Бухоро» гуруҳида хабар берилди.

Шавкат Болтаев 1957 йил 20 январда Бухоро шаҳрида туғилган.

«Мен 6 синфга қадар бу касб ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмасам-да, фақат сўзнинг гўзал янграши туфайли муҳандис бўлишни хоҳлардим. Кунларнинг бирида бир дўстим мени уйига таклиф қилди ва менга қандай суратга тушишни, қандай қилиб уларни чиқаришни кўрсатди. Менга бу жараён шу қадар ёқдики, натижада ушбу касбга ошиқ бўлиб қолдим», — дейди Шавкат Болтаев «Бухоро» сайтига берган интервьюсида.

У мусиқа мактабини, сўнгра Бухоро давлат университетининг тарих факультетини тамомлаган. Болтаев 1985 йилда ўзининг фотостудиясини очади.

«У пайтлар ҳаваскор фотостудиянгиз бўлса, давлат томонидан фотоаппаратлар, плёнкалар бериларди. Биз беш, ўн дақиқалик қисқа метражли фильмларни суратга олишни бошладик, уларни Москва, Ленинграддаги фестивалларга жўнатдик. Шундай қилиб, менинг қизғин ижодий фаолиятим бошланди», — дея Болтаевнинг сўзларидан иқтибос келтиради Аdamdar.ca.

Болтаев 1998 йилдан «Бухоро яҳудийлари ҳаёти» (бошқа номи «XXI аср. Бухоро бухоро яҳудийларисиз») лойиҳасида иштирок этган. Сўнгги йилларда у лўлиларининг ҳаётини кўп суратга олди. Турли мамлакатлардан келган одамлар иштирокида маҳорат дарсларини ўтказди. Шавкат Болтаев кўплаб халқаро фототанловлар ва фестивалларнинг иштирокчиси ва ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлган.

«Ўзбекистонда мен бахтли одамман, чунки ўз галереясига эга ягона фотографман. Бухоро фотография мактабини яратдим», — дейди Шавкат Болтаев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ