2021 йили Марказий Осиё давлатларидан 205 мингдан ортиқ одам Россия фуқаролигини олди

ТАСС фотосурати

2021 йили Марказий Осиё давлатларининг 205 мингдан ортиқ аҳолиси Россия фуқаролигини олди. Мамлакатлар бўйича статистик маълумотлар FinExpertiza нашри томонидан Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотлари асосида тақдим этилган.

Минтақа давлатлари орасида Тожикистон етакчилик қилмоқда, тожикистонликларнинг 103,7 минг нафари россиялик бўлган. Иккинчи ўринда Қозоғистон аҳолиси (49,9 минг киши), учинчи ўринда ўзбеклар (31,9 минг), тўртинчи ўринда қирғизистонликлар (19,2 минг киши) туради. Туркманистонликлар озлиги туфайли 23 мингга яқин аҳолига эга «бошқа давлатлар» қаторидан ўрин олган.

Жами 2021 йили 735,4 минг чет эллик Россия фуқаролигига эга бўлди, бу 2000 йилдан буён рекорд миқдор ҳисобланади.

2021 йили россиялик бўлганларнинг аксарияти Украинанинг туб аҳолиси бўлиб, асосан Россия Федерацияси ДХР ва ЛХР деб тан олган ҳудудларига таалуқли — 51,1% (376 000 киши). Иккинчи ўринда 14,1 фоиз улуш билан тожикистонликлар.

2021 йили Россия фуқаролигини олишни хоҳловчи Беларус фуқаролари сони сезиларли даражада ошган — 2,4 баравар. Янги россияликлар сони тожиклар ҳисобидан 64 фоизга, қирғизлардан 62 фоизга, арманлардан 54 фоизга, озарбайжонлардан 41 фоизга, ўзбеклардан 38 фоизга, молдован ва қозоғистонликлардан 15 фоизга ошган.

Кутилганидек, ўтган йили Россия фуқаролигини олганлар орасида МДҲдан ташқари давлатлардан келган муҳожирлар анча кам бўлган.

«Жумладан, 481 нафар Германия, 388 нафар АҚШ фуқароси, 226 нафар италян, 183 нафар греция, 167 нафар француз, 163 нафар поляк, 99 нафар британиялик, 98 нафар кубалик, 83 нафар хитойлик, 24 нафар голланд ва финлар, 21 нафар швейцариялик, 19 нафар австралиялик, 17 нафар белгиялик, 16 даниялик, 11 корейс ва португал, 8 ирланд, 7 норвег, 6 янги зеландиялик, 3 япон ва 2 индонезиялик россиялик бўлган. Баҳрайн, Гамбия, Гонконг, Камбоджа, Кабо-Верде, Парагвай ва бошқа бир қатор мамлакатлар фуқаролари биттадан Россия паспортига эга бўлганлар», — деб хабар беради FinExpertiza.

2021 йили Россия паспортларининг аксарияти Донбасс билан чегарадош Ростов вилоятида берилган: у ерда 42,3% ёки 310,8 минг киши фуқароликни олган. Ундан кейин Москва вилояти (7,1 фоиз ёки 52 минг киши), Москва шаҳри (4,9 фоиз ёки 35,9 минг киши), Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти (жами 3,9 фоиз ёки 28,5 минг киши) ўрин олган. Бу умумий миқдорнинг 58 фоизини ташкил қилади.

Фуқаролик энг кам ҳолларда Тива (62 киши), Ненец автоном округи (84) ва яҳудий автоном вилоятида (136 киши) олинган.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги Россия фуқаролигини олишни хоҳловчи хорижий фуқаролар сонининг ўсиш тенденцияси давом этишини кутиб қолади.

«Сўнгги йиллар давомида биз [Россия Федерацияси] фуқаролигини олишни хоҳловчилар сонининг кўпайишини қайд этдик. Ўсиш келажакда ҳам давом этишига ишонамиз.

Қоидага кўра, булар Украина, Молдова ва Қозоғистон фуқаролари орасидан ушбу давлатлар ҳудудида яшовчи ватандошларимиздир»,

- деди Ички ишлар вазирлигининг Миграция бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова Давлат Думасидаги чиқиши чоғида.

Шу билан бирга ТАСС агентлиги Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, жорий йилнинг январь ва февраль ойларида янги россияликлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 мингга камайганини маълум қилади. Ўтган йил уларнинг сони 99 873 кишини, 2022 йил январь-февралда эса 84 817 кишини ташкил этган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди