10 июнь куни Туркманистоннинг янги президенти Сердар Бердимуҳамедов расмий ташриф билан Россияга келди. Бу унинг жорий йил март ойида давлат раҳбари этиб сайланганидан кейин хорижга илк сафаридир.
Кремл матбуот хизмати хабарига кўра, Бердимуҳамедов Москвага Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан келган.
Айни дамда Путин ва Бердимуҳамедов ўртасида музокаралар давом этмоқда.
Учрашув аввалида Россия президенти икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ошганини маълум қилди.
«Таъкидлаш жоиз, пандемия йилида, афсуски, товар айирбошлашимиз бироз – ўн фоизга қисқарди. Аммо бугунги кунда барча ташқи қийинчиликларга қарамай, 2022 йилнинг биринчи чорагида ўсиш 40 фоиздан ошди ва бу олдинга жиддий силжишдир», — деди Путин.
ТАССнинг аниқлик киритишича, жорий йилнинг биринчи чорагида Россия ва Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 45,1 фоизга ошиб, 171,1 миллион долларни, экспорт 49,3 фоизга ошиб, 124 миллион долларни, импорт эса 35 фоизга ошиб, 47,1 миллион долларни ташкил қилган.
2021 йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 865,1 миллион долларни, экспорт 725,4 миллион долларни, импорт 139,7 миллион долларни ташкил этганди.
Россия Туркманистонга машиналар, асбоб-ускуналар ва транспорт воситалари, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги хомашёси, кимё маҳсулотлари, металлар жўнатади. Марказий Осиёнинг ушбу мамлакатидан тўқимачилик ва поябзал, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари, каучук импорт қилади.
«Давлат раҳбарларининг музокаралари чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид барча масалаларни, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган. Россия Федерацияси ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланади», — дейилади Кремл хабарида.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 9 июнь куни Путин туркманистонлик ҳамкасбига Россия қўшинларининг Украина ҳудудидаги махсус ҳарбий операциясининг бориши ҳақида ҳам айтиб бериш ниятида эканини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 11 февраль куни Туркманистоннинг амалдаги президенти, Сердар Гурбангули Бердимуҳамедовнинг отаси парламент юқори палатаси йиғилишида ҳокимиятни ёш ва замонавий етакчиларга топшириш ниятида эканини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, бундан икки йил олдин у Муҳаммад пайғамбар (63 ёш) ёшига этган ва ҳозир бу «мураккаб қарор»ни қабул қилган.
Туркманистон давлати раҳбарининг муддатидан олдин сайлови 12 март куни бўлиб ўтди, кичик Бердимуҳамедов 72,97 фоиз овоз тўплади. Инаугурация бир ҳафтадан сўнг бўлиб ўтди.
18 май куни Россия президенти кичик Бердимуҳамедовни «Россия Федерацияси ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун» сиртдан «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.