Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми жорий йилнинг январь-май ойларида қарийб 36,3 миллион долларни ташкил этди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 30 фоизга кўпдир. Бу ҳақда 22 июнь куни Тожикистон статистика агентлиги маълумотларига таяниб «Азия-плюс» хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг беш ойида ўзаро товар айирбошлаш умумий ҳажмининг қарийб 97 фоизи тожикистонлик маҳсулотларнинг Афғонистонга экспортига тўғри келган.
Тожикистоннинг Афғонистонга асосий экспорт маҳсулоти электр энергияси бўлиб, икки давлат ўртасидаги товар айланмасининг деярли ярмини ташкил этади.
Шунингдек, Тожикистондан қўшни давлатга цемент ва айрим турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилади.
Афғонистон Тожикистон маҳсулотларини импорт қилувчи давлатлар орасида саккизинчи ўринни эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойида «Толибон» * радикал ҳаракати Кобулда ҳокимиятни қўлга киритди ва шу тариқа америкапараст Афғонистон ҳукуматини сиқиб чиқарди. Бироқ, ҳозирча толиблар томонидан тузилган ҳукумат БМТга аъзо бирорта давлат томонидан тан олинмаган. Шу билан бирга, кўплаб давлатлар «Толибон» режими билан аллақачон алоқаларни ўрнатган. Афғонистонга қўшни давлатлардан фақат Тожикистон радикал ҳаракатга нисбатан муросасиз позицияни эгаллаган ва у билан ҳеч қандай оммавий музокаралар олиб боришдан бош тортади.
Жорий йилнинг январь-май ойларида Тожикистоннинг умумий ташқи савдо айланмаси 2,7 миллиард доллардан ошди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 4,4 фоизга кўпдир.
Савдо баланси салбий бўлган: экспортнинг импортга нисбати 1 миллиард долларга кам бўлган.
Тожикистон дунёнинг 99 давлати билан савдо алоқаларига эга.
Россия республиканинг асосий савдо шериги бўлиб қолмоқда, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 610 миллион доллардан ошади. Товар айирбошлашнинг катта ҳажми Қозоғистон (545 миллион доллар), Хитой (550 миллион доллар), Ўзбекистон (212 миллион доллар), Туркия (150 миллион доллар) билан қайд этилади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).