Мирзиёев ва Бердимуҳамедов ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини диверсификация қилиш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

14 июль куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва давлат ташрифи билан келган туркманистонлик ҳамкасби Сердар Бердимуҳамедов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокараларнинг асосий мавзуси Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигининг истиқболлари бўлди. Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-транзит имкониятларидан фойдаланиш масалалари кўтарилди. Ўзбекистон томони энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Туркманистондан электр энергияси, газ ва нефть маҳсулотларини етказиб беришдан манфаатдорлигини билдирди.

«Туркманистон биз учун минтақадаги ишончли ва асосий ҳамкор эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Биз кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз, энг яқин қўшнимиз билан стратегик шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ниятидамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Томонлар ижобий динамикани сақлаб қолиш ва яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш имкониятлари мавжудлигини қайд этдилар. Бунга Ўзбекистон-Туркманистон чегара савдо зонасини ташкил этиш, Тошкент ва Ашхободда савдо уйларини очиш тўғрисидаги қабул қилинган қарорлар ёрдам беради.

Сердар Бердимуҳамедов товар айирбошлашни диверсификация қилиш ва ошириш, саноат кооперациясини ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.

«Мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга муайян тармоқлар орасида биз агросаноат мажмуи, энергетика, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, тўқимачилик ва фармацевтикани қайд этмоқчимиз. Бизнес диоралари ўртасидаги шерикликни кенгайтириш учун жиддий имкониятлар бор. Кейинги йилларда чегарадош ҳудудлар ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтириш ниятидамиз»,деди Туркманистон президенти.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантиришнинг ўрта муддатли дастурини қабул қилишга келишиб олдилар. Бундан ташқари, энг истиқболли лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма лойиҳа идораси ташкил этилади. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

Туркманистон президентининг ташрифи арафасида Бухорода биринчи Ўзбекистон-Туркманистон ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди. Унда умумий қиймати 451 миллион долларлик сармоявий ва савдо шартномалари имзоланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда туркманистон капитали иштирокида 173 та корхона фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг январь-май ойларидаги маълумотларга кўра, 260 миллион доллар билан Туркманистон Ўзбекистонга импорт қилинадиган маҳсулотлар ўнталигида 7-ўринни эгаллаб турибди ва 63 миллион доллар билан Ўзбекистон ўз маҳсулотларини экспорт қиладиган етакчи ўнталикка кирган.

2021 йили Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида юк ташиш ҳажми 2,2 миллион тоннани ташкил этди, бу эса темир йўл ва автомобиль транспорти бўйича ўтган йилга нисбатан 50 ва 300 фоизга ўсди. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 67 фоизга ўсиб, 902 миллион долларга етди.Томонлар яқин келажакда уни 2 миллиард долларга етказиш ниятида. Шу нуқтаи назардан улар Лебап-Бухоро ва Тошҳовуз-Хоразм йўналишларини ишга туширишни тезлаштиришга келишиб олдилар.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди