Қирғизистон ва Қозоғистон президентлари Чўлпон-Отада бўлиб ўтган саммитда сўзга чиқиб, Марказий Осиё телевидениесини ташкил этишни таклиф қилишди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров минтақа халқлари ўртасидаги чуқур тарихий яхши қўшничилик анъаналари Марказий Осиёни ягона маданий-гуманитар макон сифатида жойлаштиришнинг яхши шарти эканини таъкидлади.
«Мамлакатларимизнинг маънавий яқинлигини инобатга олган ҳолда, Марказий Осиёнинг умумий телеканалини ташкил этиш ва минтақанинг салоҳияти, ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган халқларнинг дўстлиги ва бирлиги ҳақида маълумотлар берувчи туркум телелойиҳалар тайёрлашни таклиф этамиз», — дея Жапаров сўзларидан иқтибос келтиради унинг матбуот хизмати.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бутун минтақага зарар етказувчи салбий ҳодисаларнинг олдини олиш учун ахборот маконида ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.
«Бу ишнинг мазмун-моҳияти дўстлигимиз дахлсизлигидан иборат бўлиши лозим. Биз давлатлараро ва миллатлараро адоватни қўзғатиш орқали халқларни бўлишга, муносабатларимизни бузишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қарши бирлашишимиз керак», — деди Тўқаев.
У минтақа мамлакатларидаги ҳаётни ёритиш бўйича Марказий Осиё оммавий ахборот воситаларида ҳамон ўткир ахборот тақчиллиги сақланиб қолаётганидан афсусда эканини билдирди.
«Ушбу тенденцияни бекор қилиш мақсадга мувофиқдир, зеро минтақавий телеканал ёки янгиликлар веб-сайтини яратиш мантиқийдир. Ушбу фикрларни батафсил ўрганиш учун Марказий Осиёдаги тегишли идоралар ва ахборот агентликлари раҳбарларининг учрашувларини мунтазам равишда ўтказиб туриш фойдали бўларди», — деди Тўқаев ўз нутқида.
Қозоғистон президенти минтақани ягона маданий макон сифатида илгари суриш мақсадида ҳар йили «Марказий Осиёнинг маданий пойтахти»ни сайлашни таклиф қилди.
Ўз навбатида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ўз чиқишларида минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш таҳдиди сифатида интернет ва ижтимоий тармоқларни тилга олдилар. Хусусан, Раҳмоннинг сўзларига кўра, «мамлакатларда содир бўлган сўнгги воқеалар маълум кучлар, жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларимизни норозилик акцияларига жалб этишга уринишлар давом этаётганини кўрсатмоқда».
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви тўртинчи бор ўтказилмоқда. Бундай саммитларни 2017 йили ўтказиш таклифи Ўзбекистон президенти томонидан — «ишончли мулоқотни қўллаб қувватлаш ва долзарб минтақавий муаммолар бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш» таклифи билан чиққанди.
Минтақа етакчиларининг биринчи саммити 2018 йил март ойида Нур-Султонда, иккинчиси – 2019 йил ноябрда Тошкентда, учинчи учрашув ўтган йил август ойида Туркманистоннинг «Аваза» миллий туристик зонасида бўлиб ўтган эди. Бешинчи саммит 2023 йили Душанбеда бўлиб ўтади.